ОИЛА ҚЎРҒОНИ МУСТАҲКАМ БЎЛСИН

Оила муқаддас туйғу, оилада эр-хотин тинч-тотув, аҳил-иноқ равишда, бахт нашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Бунинг учун ҳамма ҳаракат қилади. Аммо, жон бор жойда жанжал бор, деганларидек, кишилар истамасалар ҳам, оила аъзолари – эр-хотин орасида тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар ва уриш-жанжаллар чиқиб туриши бор. Ушбу ҳолатни тўғри ҳал қилиш ҳам оиланинг ва унинг аъзоларининг саодатига хизмат қиладиган муҳим омиллардан биридир. Бу масалада икки тараф ҳам бир-бирини яхши тушуниши, аёл эрнинг, эр аёлнинг риоясини қилиши лозим. Икковлари бир-бирларининг одатларини, нимадан хафа ва нимадан хурсанд бўлишларини, руҳий кечинмаларида ва кайфиятларида бўладиган ўзгаришларни яхши тушуниб етишлари зарур. Сўнгра бир-бирларини хафа қиладиган ҳаракатлардан йироқ бўлиб, хурсанд қиладиган нарсаларга яқин бўлишга ҳаракат қилишлари керак. Мусулмон мутахассислар эр-хотин орасидаги хилофни ҳал қилиш учун ўз тавсияларини қуйидагича тақдим қиладилар: Эр-хотин орасидаги хилофни ҳал қилишнинг бир қатор усуллари мавжуд. Айнан ўша услуб орадаги хилофни йўққа чиқариши ҳам мумкин ёки авж олдириб юбориши ҳам мукин. Шунинг учун бу масалада эр-хотин воқеъликдан келиб чиққан ҳолларида ёндашишлари ва уни ҳал қилиш учун муносиб услубни ишга солишлари керак.
Аччиқ сўз, қўполлик ва дўқ-пўписа дард устига чипқон бўлиши, ярани газак олдириши ҳамда ярашиб олгандан кейин ҳам қалб жароҳати шаклида туриши борлигини ҳар ким яхши англаши лозим. Шунингдек, жим туриш, бир-бирини индамасдан «енгиш» ҳам вақтинчалик ечим бўлиб, мазкур нохушликларнинг жамланиб бориши, бир пайти келганда портлаб, ҳаммаси бирданига юзага чиқиши ҳам яхшиликка олиб бормайди. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда масхара, инкор, бош тортиш ва «меники тўғри»да маҳкам туриб олиб, бир томон иккинчисини енгиши услуби ҳам тўғри эмас. Бунда хилоф янада чуқурлашиши мумкин. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда насаб, мол, жамол ва унвонларни ишга солиш ҳам яхшиликка олиб бормаслигини унутмаслик зарур.
Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда қуйидаги¬ларга эътибор бериш тавсия қилинади: Аввало муаммо ҳақиқатда ҳам хилоф даражасига бориб етганми ёки фақатгина тушунмовчиликдан иборатми, шуни аниқлаб олиш керак. Чунки кўпинча орадаги оддий тушун¬мовчилик муаммо туғдирган бўлади. Агар ўша англаб етилса ва икки тараф бир-бирини тушунса, иш осон кўчади. Дастлаб ҳар ким ўзига назар солсин, ўзини ўзи тергасин, камчиликларини ўйласин, Аллоҳ кўриб, билиб турганини ёдга олсин. Шунда ҳар ким ўзини англайди ва шеригининг ўзига нисбатан йўл қўйган хатосини арзимас санайди. Ҳар ким, банданинг бошига бало беҳудага тушмаслигини, оиладаги жанжал ҳам бало эканини, ўзи содир этган гуноҳ сабабидан шу ҳолга тушиб турган бўлиши мумкинлигини ўйласин. Улуғ тобеъийн Муҳаммад ибн Сийрийн: «Хотиним ва уловимнинг хулқидан ўзим маъсият содир этганимни биламан», – деганлар.  Эр-хотин орасидаги ўзаро муомалаларда содир бўладиган тушунмовчиликлар ва майда жанжаллар «Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши» сифатида ўтиб кетавериши мумкин. Аммо, иш жиддийлашиб, икки тарафдан бирининг бош кўтариши, яъни оилада ўзига юклатилган вазифаларни бажармаслик ҳолати юз берса, оиланинг бирлигига ҳақиқий таҳдид солинган бўлади. Энди жиддий чоралар кўриш зарур бўлиб қолади. Беш бармоқ баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак?
Уларга ҳолатларига қараб, муомала қилинади. Биринчи босқичда, итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади.
Иккинчи босқич ҳижрон, бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйиши кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларининг қандай эканлигини билишликларига ҳамда хатоларини тузатишларига сабаб бўлади. Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо, кейин ўзлигини англаб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди, юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди. Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир. Ҳозирги воқеълигимизда маҳалла қўмиталарининг оила муаммоларида ҳакамлик қилишлари одат бўлган. Бу ҳам яхши иш. Улар ҳам оилаларнинг бузилишидан кўра ярашиб кетишининг ташвишини қиладилар. Шунингдек, маҳкамалар ҳам. Буларнинг ҳаммаси эр-хотинни яраштириб қўйиш чораларини кўрганлари яхши. Ушбу тарзда оилани сақлаб қолиш ва унинг мустаҳкамлигини таъминлаш учун барча чора ва тадбирлар кўрилади. Дунёда ҳамма нарса жуфти билан яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Энг қизиғи, ана шу барча жуфтликлар  ажралмасдир, бири бирини тўлдирувчидир.  Мусбат ва манфий зарралар бирлашсагина электр қувватини ҳосил қилганидай, икки акс нарса жуфтлашиб, яхлит бир комил нарсани пайдо қилади. Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, жамики мавжудотларнинг энг олийи бўлмиш одамзод жуфтлигини ҳам бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, ҳатто туриш-турмушда, феъл-атворда, воқеликка муносабатда, фикрлашда, ҳис-туйғуларда фарқланадиган қилиб яратган.  Ана шундай мутлақо бир-бирига ўхшамаган, бири иккинчисининг ғирт акси саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув бўлиб яшаб кетишлари, бора-бора бир-бирларисиз тура олмасликлари, муҳаббат қўйишлари, ҳаёт давомийлигини таъминлаб умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг санъати ва ҳикматидан далолатдир. Бирор инсон йўқки, ҳаётининг қайсидир палласида «Мен бахтли яшадимми?» дея ўзига савол бермаган бўлсин.
Ҳар бир киши бахтга интилади, шу йўлда курашади, бахти учун кўп нарсани қурбон қилади. Аммо инсонларнинг «бахт» тушунчасига қарашлари турлича: бировга арзимас туюлган нарса биров учун чинакам бахтиёрлик рамзидир. Хасталарга соғлик, хунукларга чирой, камбағалга мол-дунё, мажруҳларга тўрт муччанинг мукаммал бўлиши чинакам бахт тимсоли саналади. Лекин кўпчилик бир нарсада якдил: оилавий бахт ҳамма нарсадан азиз ва ардоқлироқ деб ҳисоблайди. Йигитлар гўзал ва вафодор, солиҳа ва ширинсўз, фаросатли ва ҳаёли рафиқага рўпара бўлган кунларини ҳаётларидаги энг бахтли дамлар сифатида бир умр эслаб юришади. Қизлар мард, меҳнаткаш, ибодатли, оиласи ҳақида қайғурадиган, хушмуомала ва ғайратли йигитга турмушга чиқишса, улар учун бундан ортиқ бахт бормикин?
Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди» (Наҳл сураси, 72-оят). Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас» (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, оиласини шаръий никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.
Оила ҳаёти ҳеч қачон фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва  етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади ҳамда оила хотиржамлиги тезроқ мустаҳкамланади.

Х.Абутов
Янгибозор тумани “Султон Хўжа бобо”
масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *