ОМОНАТДОРЛИК ФАЗИЛАТДИР

Аллоҳ таоло каломи шарифида “Эй мўъминлар Аллоҳ ва унинг пайғанбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолларингизда сизларга ишониб омонат қилиб берилган нарсаларга хиёнат қилмангиз” деб марҳамат қилган. (Анфол сураси 27- оят) Аллоҳ таоло бу хитобни айнан мўъмин кишига қаратиб “Эй мўъминлар” дея бошлашининг сабаби омонотдорлик мўъмин мусулмонларга хос хислат эканлиги учундир. Бугунги кунда ҳалқимиз орасида омонатдорликни йуқолиб бораётганлиги ҳақида гап сўзларни эшитиб турибмиз. Ота боболаримиз барча халқлар орасида омонатдорлиги билан машҳур бўлган. Лекин мана шундай кишиларнинг ворислари бўлган одамлар орасида омонатдорликни йуқолиб бораётганлиги кишини маҳзун қилади. Пайғамбар (соаллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида “ мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса ёлғон гапиради, вада қилса вадани бўзади, омонат топширилса унга хиёнат қилади” деганлар. Бу ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мунофиқни аломатини санаб берганлар. Агар кимда мана шу саналганлардан бирортаси топилса, чала мунофиқ бўлар экан. Бундай киши иймонини янгилаб олиши жоиз бўлади.
Яна бошқа ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Бирор киши сизга гапириб, сўнгра атрофига бу айтган гапимни ҳеч ким эшитмадими деб қарайдиган бўлса, у айтган сўз сизга топширилган омонат бўлади” деганлар. Бу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, омонат бу айнан олди берди билан эмас балки айтилган сўз ҳам сизга топширилган омонат бўлар экан.
Ислом дини келишидан олдин жоҳилият даврида Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ал-Амин яни (ишончли, омомнатдор, ростгўй) деб қовми орасида машҳур эди. Шунинг учун қовмининг бадавлат кишилари Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га омонат топширар ва ўз карвонларига карвонбоши қилиб савдо сафарларга юборишар эди.
Ҳозирги куннинг энг кўп учрайдиган иллатларидан бири, омонатга хиёнат бўлиб қолди. Кўпчилик кишилар омонатга хиёнат қилишнинг гуноҳи қанчалик оғирлигини ўйламасдан мана шундай ишларни қилиб келмоқда. Агар қилаётган номақбул ишларнинг азобини билганларида эди, бу ишни асло қилмаган бўлар эдилар. Шунинг учун қўни қўшнилар ошна-оғаинлар ўртасидаги олди-бердиларда жуда ҳам эхтиёткор бўлишлигимиз шарт. Ҳатто қўни-қўшнилар орасида уй рўзғор буюмларини вақтинча фойдаланишга олинадиган бўлса, ушбу буюмларни ҳам ўз вақтида ва ўз холидай қайтармоқлигимиз омонатдорлик ҳисобланади.
Аллоҳ таоло охиратда нажот топувчи мўминларнинг сифатларини Қуръони Каримда баён этиб, шундай марҳамат қилган:
“Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир” (Мўминун сураси, 8-оят).
Демак, мўмин киши омонатга риоя қилиши керак экан.
Ҳадис китобларда Қиёматнинг кўплаб аломатлари санаб ўтилган. Масалан, вақтнинг қисқариши, бозорларнинг яқинлашиши, фаҳш ва зинонинг кўпайиши ҳамда кенг ёйилиши, турли касалликларнинг урчиши ва ҳоказо. Ана шундай аломатлардан бири омонатларнинг кўтарилишидир. Яъни кишилар омонатга риоя қилмай қўйишидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон омонат зое бўлса, қиёматни кутавер», дедилар.
«Унинг зое бўлиши қандоқ, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди.
«Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан омонат нафақат савдо-сотиқ ёки молиявий нарсаларда, балки, маънавий соҳада ҳам, жумладан раҳбарлиқ ишбошиликда ҳам бўлишини англаб оламиз.
Уламоларимиз ишнинг ўз аҳлидан бошқага топширилишини, дин ва дунё ишларида мазкур ишлардан хабарсиз, мутахассис бўлмаган кишиларнинг уларга бош бўлиши, деб таъвил қилганлар. Дарҳақиқат,
Омонат зое бўлса, барча иш чаппасига кетади.
Ошпаз омонатни зое қилса, таомга турли нопок нарсалар тушиб, овқат бузилади.
Ҳайдовчи омонатни зое қилса, йўловчиларнинг ҳаёти хавф остида қолади.
Ўқитувчи омонатни зое қилса, келажак авлод илмсиз, жоҳил бўлади.
Қурувчи омонатни зое қилса, бинолар қулаб, шаҳарлар вайрон бўлади.
Шифокор ононатни зое қилса, беморлар ҳалок бўлади.
Ота-она омонатни зое қилса, фарзандлар тарбияси бузилиб, ахлоқсиз болалар кўпаяди.
Эр-хотин омонатни зое қилсалар, оилалар бузилади.
Уламолар омонатни зое қилсалар, Дин ҳукмларига тўлиқ амал қилиш йўқолади, мусулмонларнинг ҳуқуқлари топталади.
Хуллас, бир ишни номуносиб кишига топширилса, у ўзига берилган мансаб ва вазифанинг билимдони, лойиқ кишиси бўлмагани учун, табиийки, ўша ишда жуда кўп хатоларни содир этади, ишни тўғри йўналишда олиб бормай, омонатни зое қилади, бунинг ортидан эса кўнгилсизликлар кети узилмайди.
Аллоҳ таоло ҳар биримизни омонатдор бўлишимизни насиб этсин!

А.Рахимов
Ҳазорасп тумани “Сулаймон Боқирғоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *