САБР-ГЎЗАЛ ФАЗИЛАТ

Аллоҳ таола бандаларини ҳар хил мусибатлар билан синаб кўради. Бугун бошимизга тушиб турган мусибатлар ота боболаримиз бошига тушган мусибатлар олдида ҳеч гап эмас, қатоғон даврларидаги ёки иккинчи жаҳон уруши давридаги мусибатлар бундан-да аянчли бўлган. Фақатгина бу мусибатларга сабр қилиб ўрнатилган тартиб қоидаларга амал қилишимиз лозим бўлади.
Қуръони Каримда сабрга даъват кўп такрорланади. Чунки, Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни енгиш учун ҳам, заифлик келиб қолганда ҳам, ҳавои нафсни жиловлаш учун ҳам сабр керак ва ҳоказо. Аллоҳ таола қуръони каримнинг Бақара сурасининг 153 оятида марҳамат қилиб айтади. “Эй, иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир”.
Ўтган уламоларимиздан бирлари сабрни умумий тарзда учга бўлганлар:
Биринчиси: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳлардан сақланишга сабр.
Иккинчиси: тоат ва қурбат ҳосил қилиш учун сабр.
Учинчиси: етадиган мусийбат ва қийинчиликларга сабр.
Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта миқдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда қуръони каримда айтилганидек намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга-куч, қувватга-қувват баҳш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга-сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қачон бир ишдан ташвишга тушсалар, намоз ўқишга шошилар эдилар. Шу боис, Аллоҳ таоло қийинчилик ва машаққатлар остонасида турган Ислом умматини сабрга ва намозга чақирмоқда.
Ва оятни охирида: «Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир», деб таъкидламоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаллом ҳадисларидан бирида:
«Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса ҳам, яхшилик бўлади. Хурсандлик етса, шукр қилади —яхши бўлади. Мусийбат етса, сабр қилади — яхши бўлади», деганлар.
Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда, одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон уларга аралашмайдиган ва озорларига сабр қилмайдиган мусулмондан яхшидир, деганлар.
Аллоҳ таола қуръони каримнинг Оли Имрон сурасининг 200 оятида марҳамат қилиб айтади. “Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг” .
Аллоҳ таола қуръони каримнинг Ҳуд сурасининг 11 оятида марҳамат қилиб айтади. Магар сабр қилганлар ва яхши амаллар қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор.
Ушбу ояти каримада солиҳ бандаларнинг иккита сифати алоҳида таъкидланмоқда сабр ва яхши амаллар қилиш.
Сабр доим керак. Яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар — камчилик пайтида ҳам, фойда — борчилик пайтида ҳам. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилик, тўқчиликка ҳамма ҳам сабр қила олмайди. Аслида эса, банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганида шукр ва яхшилик билан сабр қилиши керак.
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани қазо қилса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар.
Аллоҳ таола қуръони каримнинг Ғофир сурасининг 55 оятида марҳамат қилиб айтади. “Бас, сабр қил. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳакдир. Гуноҳинг учун истирфор айт. Эртаю кеч Роббингга хамд ила тасбех айт”.
Ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз соллалоху алайхи васалламга хитоб килиш орқали ҳар бир мўмин бандага иймон йўлида зарур бўладиган зоди роҳила тақдим этилмоқда. «Бас, сабр қил». Иймон йўлидаги курашда энг зарур амаллардан бири сабрдир. Сабрсиз бир нарсага эришиш қийин. Сабр фақат кофирлар, дин душманлари ва мунофиқлар томонидан бўладиган озорларга, азоб- уқубатларга бардош беришгина эмас.
Сабр улкан заруриятдир. Хавои нафсни жиловлаб олиш учун хам сабр зарурдир. Кишиларни иймонга чақиришда ҳам, Аллоҳнинг амрларини бажаришда ҳам, Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийилишда ҳам сабр зарурдир, бошимизга мусибат етганда ҳам сабр керак. Ояти каримани давомида Аллоҳ таола:
«Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳакдир».
Аллоҳ Пайгамбарига ва мўмин бандаларига нусрат беришни ваъда қилганми, албатта, ваъдасининг устидан чиқади. Сабр қилсанг, бас, нусрат келишига шубҳа йўқ.
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган”, дедилар».
Ушбу ривоят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узун хадисларидан олинган иқтибосдир. Мазкур хадисда шулар айтилади:
Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва кенг ато ҳисобланади. Сабрли киши ризқининг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса, дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида умбалоқ ошиб, ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди.
Мусулмон одам унга Аллоҳ томонидан берил¬ган етарли ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб юрса, дунёдаги энг катта нажотга эришган шахс бўлади. Аллоҳ таола барчаларимизни сабрли бандалардан қилиб, бошимиздан бу мусибатларни ўзи кўтарсин.

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *