ДИНДА ЧУҚУР КЕТИБ АДАШМАЙЛИК

Ислом дини тарихига назар ташласак айнан мутаассиблик ва ақидапарастлик каби иллатлар  оқибатида кўплаб хунрезлик ва нотинчликлар келиб чиққанини гувоҳи бўламиз. Ислом оламида тарихда ва ҳозирда диний мутаассиблик, динда ғулувга (чуқур) кетиш оқибатида ҳатто мўмин-мусулмон кишини кофир (иймонсиз), муртад (диндан қайтган) деб аталиш ҳоллари ҳам учрайди. Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 97-оятида бу иллат ҳақида шундай дейди: “Аъробийлар (шариъат илмидан бехабар кишилар) куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.”
Мазкур оятда “куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқ” деб зикр қилинган “Аъробийлар” гуруҳларга бўлинган, шариат илмидан эса мутлақо бехабар ижтимоий-сиёсий фирқалар бўлиб, илк намоён бўлган “Хорижийлар” бунга яққол мисол бўла олади. Шунингдек динни қаттиқ ушлаш, ўтмиш саҳобалар ва салаф пешволардан фақат биттасига ҳаддан зиёд муҳаббат боғлаб, қолганларини инкор қилиш оқибатида ҳам мусулмонлар орасида турли низолар келиб чиқишига ҳамда ҳар хил ақидавий, сиёсий фирқаларнинг пайдо бўлишига омил яратди. Нисо сурасининг мазкур оятида Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига ва Расулига ҳамда ўз ораларидан чиққан мусулмон бошлиқларга итоат этишни буюриб,  бирор муаммоли масалага дуч келинганда унинг ечимини “Аллоҳ ва пайғамбарига” ҳавола этишни, яъни, бундай ҳолда Қуръон ва ҳадисга мурожаат қилишни буюрмоқда.
Ихтилоф вақтидаги масаланинг энг тўғри  ечими, қандай йўл билан бўлса ҳам фирқаларга ажралишнинг олдини олишдир. Бунинг учун эса мусулмон киши Қуръони каримда буюрилганидек, Аллоҳ таолонинг китоби ва расулининг суннатига сўзсиз эргашиб, Аллоҳ ва Расулига ҳамда ўзларидан бўлган раҳбарларга итоат этиши шарт. Мусулмон киши кўр-кўрона тақлид қилмасдан, балки Аллоҳ таолонинг каломи ва пайғамбарининг ҳадисларига эргашмоғи, агар ўзига лозим бўлган ақидавий ва шаръий масалаларни билишга ўзининг илми етарли бўлмаса, унда ўзининг шаръий ва ақидавий масалаларини ишончли, тақводор, олим кишилардан сўраб билмоғи ҳамда уни амалга татбиқ этишда фитна келтириб чиқаришдан эҳтиёт бўлмоғи керак. Мутаассиблик ва ғулув йўлини танлаган кишилар ҳақида Қуръони каримда келган ҳукмдан кейин Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам қатъий қилиб, уларнинг дўззах аҳлидан бўлишларини хабар бердилар. Бундай ҳолга бепарво, бефарқ қараб туриш гуноҳи азимдир. Шубҳасиз бу биз фуқаролардан доимий сергаклик, ҳушёрликни талаб қилади.  Ҳурматли биринчи Президентимиз айтганларидек: Хушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим.

Ғ.Бобожонов
Ҳазорасп тумани “Султон Санжар Мозий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *