АҚИДА БИЛМАГАН ШАЙТОНГА ЭЛДИР

Ҳар бир инсоннинг имони, эътиқоди унинг бажараётган амали, ақидасининг софлигига боғлиқдир. Муқаддас ислом динимиз беш рукунга асосланган бўлиб, аввалгиси имон қолган тўрттасининг мақбул бўлишига асосдир. Айнан ана шу имон рукуни ақидага тегишли бўлиб, ҳар бир мўмин мусилмон киши уни яхши билмоғи лозим.
“Мусулмон” сўзи “ўзини Аллоҳга бағишлаган” деган маънони англатади. Ислом динига эътиқод рамзи қуйидаги икки калимада мужассамлашган: “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”. Ўзбек халқи суннийликнинг мўътадил мазҳаби ҳанафийликнинг бағрикенглиги билан сиёсий-иқтисодий ва илмий-маданий ҳамда маънавий юксалишга қулай шароитлар яратиб келган. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.
Ақида борасида эса хозирги пайтда дунёдаги барча мусулмонларнинг учдан икки қисми Мотуридий ақидасига, бир қисми Имом Ашъарий ақидасига амал қилади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «Умматим 73 фирқага бўлинади, биттасидан ташқари барча фирқалар дўзахга киради», деганлар. Шунда саҳобаи киромлар: Ё Расулуллоҳ, нажот топадиган бу фирқаи ножия қайсидир!-дебсўрашганида, Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлар», деб жавоб бердилар. Саҳобалар давридан кейин соф исломий ақидани бузишга ҳаракат қилганлар, илмсиз бу ишга киришганлар ягона исломий эътиқоддан жуда кўп адашган тоифаларни юзага келтирдилар .
Ақида Исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Тобеинлар даврига келиб ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилганлар ҳам кўпайгандан кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф Ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар ўз вазифаларини муносиб бажардилар. Улар Аҳли сунна вал жамоа ақидасини муносиб ҳимоячилари бўлиб, бу йўлда жуда машаққатли ишларни бажардилар. Бу борада имом Ашъарий ва имом Мотуридий раҳимаҳумаллоҳларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Маълумки, дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолат, адашишдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, буюк бобомиз Сўфий Оллоёр:   Ақида билмаган шайтона элдир, Агар минг йил амал деб қилса, елдир, деб таъкидлаганлар. Хулоса қилиб айтганда, ҳанафийликнинг бошқа мазҳаблардан фарқ қилиб турувчи асосий фазилати, унинг мўътадиллиги ва бошқа динлар билан ҳам муносабатида бағрикенглиги, ҳаётий эҳтиёжлар билан ҳамнафаслиги, тирикчилик ва тараққиёт заруратини чуқур идрок этиш бўлиб, Ўзбекистоннинг бугунги демократик тараққиёти йўлига ҳам ҳамоҳангдир. Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки, бугунги кунда мусулмончилигимизни, эътиқодимизни соғлом қилишга, уни мукаммал ўрганишга имкониятлар мавжуд.
Мана Республикамизда кўплаб диний таълим муассасалари, жумладан, юртимизнинг кўплаб вилоятларида Ислом билим юртлари, Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институти, 2 та аёл-қизлар таълим оладиган Ислом билим юртлари фаолият кўрсатиб турибди. Билмаганларимизни мўътабар, ҳурматли олимларимиздан сўраб, таълиф этган китобларини ўқиб ўрганишимиз даркор. Уларнинг сўзларига доим қулоқ тутишимиз ва ҳурматларини жойига қўйишимиз лозим. Барчамиз ниятимизни пок қилиб, динимиз, ватанимиз ва халқимизга манфаати тегадиган мусулмонлар бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Аллоҳ таоло барчамизни фирқаланишдан сақлаб, “Аҳли суннат вал-жамоат” да собитқадам қилсин!

Х.Уллиев
Хонқа туман “Хўжа Нураддин бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *