ДЕҲҚОНЧИЛИК ФАЗИЛАТИ

Маълумки бизни яратган зот Аллоҳ таъоло бизнинг умргузаронлик қилишимиз учун ер юзида ўсиб унадиган нарсалардан бизга ризқ қилиб берган. Бундай нозу неъматларга етишиш учун эса бизнинг меҳнатимизни сабаб қилиб қўйган.
Бизда бугун шундай имконият пайдо бўлди карантин сабабли уйда ўтириш тавсия қилинаётган ҳозирги вақтда биз ўзимизнинг келажакдаги молиявий даромадларимизни кўпайтириб олиш имкониятига эгамиз. Шу билан биргаликда қилаётган ишимизда ниятимизни ҳолис қилиб тўғирлаб олсак катта савобга ҳам эга бўлиш имкониятидамиз иншааллоҳ.
Бунинг учун биз ўз томорқамиздаги бор еримизга ўзимиз учун керакли полиз ва бошқа экинларни экиш билн эришишимиз мумкин.
Маълумки динимизда деҳқончилик қилиш,ҳалол меҳнат билан даромад топиш мақталган амаллардандир.
Аллома Мовардий р.а. айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: Деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”.
Чунки деҳқончиликда Аллоҳ таолога таваккал қилиш кўпроқ бўлади ва ер юзидаги инсонлар ва бошқа жонзотлар ризқига сабаб бўлиш бўлади. Шу сабабдан энг афзал касб ҳисобланади. Бундан ташқари ер юзида кўкариб турган дарахтлар борки, Аллоҳ таолога сажда қилади, ўз холи, тили билан тасбеҳ айтади. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай марҳамат қилади:
Ўт ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар” (Ар Раҳмон, 6 оят).
Ким кўчат, дарахт экса, ер юзида Аллоҳ таолога сажда қиладиган дарахт сонини кўпайишига сабаб бўлган бўлади.
Динимизда дарахт экишнинг фазилатларидан бири шуки, дунёда солиҳ амаллар қилган мўъмин бандага жаннатда унинг учун мукофот тарзида дарахт экилишидир.
“Жобир р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки “Субҳаналлоҳил аъзим ва биҳамдиҳи” деса, жаннатда у учун хурмо (бир ривоятда дарахт) экилади”.
Дарахт экиш жуда улуғ ишки, нафақат дунёда балки жаннатда ҳам экилади ва бу банданинг солиҳ амалига жаннатда мукофот тарзида берилади.
Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўчат, экин экишга шу даражада тарғиб қилдиларки, ҳатто, қиёмат қоим бўлиш арафасида бўлсаям, имкон қилолса кўчатни экиб қолишга буюрдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
إِ Яъни: “Агар қиёмат қоим бўлишни бошласаю, бирингизнинг қўлида ниҳол кўчат бўлса, қиёмат қоим бўлишдан олдин уни экишга қодр бўлса эксин.деганлар.
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Яъни: “Етти нарса борки, уларнинг ажри банда вафотидан кейин қабрида ҳолида унга бориб туради. Ким илм ўргатган бўлса, ёки дарё оқизган бўлса, ёки қудуқ қазитган бўлса, ёки хурмо дарахти эккан бўлса, ёки масжид қурган бўлса, ёки мусҳафни мерос қолдирган бўлса, ёки вафотидан кейин ҳаққига истиғфор айтадиган фарзанд қолдирган бўлса”, дедилар. Мана шу етти нарсанинг ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўчат эккан инсон дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришини таъкидладилар. Гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, эккан одамнинг ҳаққига савоб ёзилиб турилади.
Мўътазид раҳматуллоҳи алайҳдан ҳикоя қилинади. У киши айтадилар:
“Мен тушимда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни кўрдим, менга омочни узатиб туриб: “буни ол, чунки, у ер хазиналарининг калитларидир”, дедилар деганлар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Мўътазид раҳматуллоҳи алайҳнинг тушларида деҳқончилик баракали касб эканлигига ишора қилганлар.
Динимиз кўрсатмасига асосан, деҳқончилик учун керакли бўлган асбоб ускуналарни бировлардан фойдаланишлар учун қизғаниб уйига олиб кириб қўйишликнинг оқибати, хорлик аломати деб қаралади. Чунки баъзида шундай холатнинг гувоҳи бўламиз.
Абу Умома ал Боҳилий р.а. ишлатилмасдан ётган омоч ёки бошқа бир деҳқончилик асбобини кўрсалар шундай дер эканлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу (нарсани, унга ўзгалар муҳтож бўлиб турган бир маҳалда) уйига олиб кириб қўйса, албатта (ўша қавмнинг) уйига хорлик киради”, деб айтганлар, дедилар.
Шунинг учун деҳқончилик асбоб ускуналарини, у омочми, кетмонми, белкуракми ўзи ишлатмаса, ўзгалар сўраб келганда улардан қизғанмай бериш, фазилат ҳисобланади ва уйидан хорлик кўтарилишига сабаб бўлади. Қайтага асбоб, иш қуроли ишлаб турса зангламай ўткир бўлиб туради. Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримнинг “Маъун” сурасида: “Ва рўзғор буюмларини (кишилардан) маън этадиганларга вайл бўлсин”, деган.
Деҳқончилик қилиш, экин экишнинг яна бир фазилатларидан бири, деҳқон ҳаққига ҳатто Аллоҳ таолонинг мукаррам бандалари — фаришталар ҳам истиғфор айтиб туришади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар:
“Албатта, фаришталар, экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, деганлар.
Фаришталар кимнинг ҳаққига истиғфор айтсалар, албатта, Аллоҳ таоло ўша банданинг гуноҳларини мағфират қилади. Экин экувчи, кўчат экувчи деҳқон ҳаққига фаришталарнинг истиғфор айтишлари сабабли Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини мағфират қилади.

Р.Эрназаров
Боғот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *