ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН  ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНАМИЗ 

  Ўтган асрнинг сўнгги чорагида вужудга келиб, бугунги кунда дунё бўйича жуда катта кўламга эга бўлган интернет тизими шиддат билан ҳаётимизга кириб, унинг кўплаб жиҳатларини ўзига қарам қилишга ҳаракат қилмоқда.

Интернет инсоният учун кўплаб имкониятлари эшигини очиш билан бирга, ўзининг мисли кўрилмаган хавф хатарларини ҳам намоён қилмоқда. Интернет тизимидаги фаолиятни виртуал олам деб қарайдиган бўлсак, реал ҳаётдан узоқлашиб, унга қарам бўлиш ҳолатлари, айниқса, бугунги кун ёшлари ичида жуда кўплаб кузатилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда фаоллашган интернет хизматларидан ижтимоий тармоқларнинг ўрни ва хавфи ошиб бормоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги инсонлар ўртасида олиб борилаётган ўзаро мулоқотлар инсонларни реал ҳаётдан узоқлаштириб, виртуал оламга қарам қилиш билан бирга, кишилардаги барча инсонийлик фазилатларини йўқ қилиб, уларни тобора тубанлик сари етаклаётган, манқуртлаштираётган асосий восита десак муболаға бўлмайди.

Чунки одамларнинг ижтимоий тармоқларда шиддат ила мулоқот излаши замонамиз авлодига хос нодонликнинг янги туридан бошқа нарса эмас. Виртуал оламда одамнинг қанчалик фаоллигига қараб унга бемалол ташхис қўйса бўлаверади. Бу оламдаги кишилар жамиятда умумэътироф қилинган миллий урф одатлар, диний қадриятларни четлаб ўтган ҳолда мулоқот маданиятининг барча жиҳатларини оёқости қилиб, ибо ва ҳаё пардаларини чилпарчин қилиб, ўзларидаги тубанликларни намоён қилаётганликлари, ҳар хил беҳаёларча қилиқлар қилиб, уни бутун дунёга намойиш қилаётганлиги, кимлигини яшириб, аслиятини тубанликка гирифтор қилиш ҳолатлари фикримизнинг яққол далилидир.

Ижтимоий тармоқлардаги мулоқатларнинг соҳталигидан ташқари улар фикрлашнинг шундай турини вужудга келтирдики, реал мулоқат ва реал хиссиётлар ҳеч нарса бўлмай қолди. Вужудга келган ҳар қандай “ўзини тутиш” моделини “ўчириб” ташлаш  ва янгидан бошлашни зарарсиз амалга ошириш мумкин. Бу эса ҳар бир одамнинг ўзига хослиги ва ўз шахсиятидан айрилишига олиб келмоқда. Ижтимоий тармоқлар одамларни мулоқат баҳонасида реал ҳаётдан ва бир-биридан узоқлашишига олиб келмоқда.

Технологиянинг тараққий этиши натижасида виртуал оламдаги реалликка интилиш ўзаро инсоний муносабатларга салбий таъсир қилмоқда.
Мисол қиладиган бўлсак, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда янги чиққан баъзи гуруҳлар томонидан ташкил қилинган ўйинларни оладиган бўлсак, унда виртуал олам ва реал ҳаёт чегаралари бир-бирига максимум даражада яқинлаштиришга ҳаракат қилиниб, унда аъзо бўлган инсонларга ҳаётий ҳар хил хавфли топшириқлар бериб борилади ва бу ўйиннинг сўнгги мукофоти аъзонинг ўз жонига қасд қилиши билан якунланади.

Бундай ўйинлар ва гурухлар бугунги кунда ижтимоий тармоқларда жуда кўплаб топилади ва буни ҳақли равишда фожиали жараёнларнинг бошланиши деб баҳоласак бўлади. Чунки биз бунга ижтимоий тармоқлардаги фаоллигимиз орқали босқичма-босқич тайёрлаб келинмоқдамиз.

М.Хабибуллаев

Гурлан туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *