ҲАНАФИЙЛИК МАЗҲАБИ МАЗҲАБЛАРНИНГ МЎТАДИЛИДИР

Жаҳон динлари тарихий тараққиёти тажрибасидан маълумки, улар ривожининг муайян бир босқичида турли йўналиш ва оқимларга бўлинган. Шунингдек, Ислом динида ҳам VII асрнинг иккинчи ярмидаёқ даставвал хорижийлар йўналиши шаклланган (ҳозир улар мавжуд эмас). Кейинчалик шиалик ажралиб чиққан. Бу йўналишларнинг ҳар бирида турли масалалар бўйича, турли қарашларга эга бўлган мазҳаблар келиб чиққан. Мазҳаб сўзи арабча «йўл, таълимот, йўналиш» ёки бирор диний масала бўйича маълум бир мужтаҳид уламолар йўналишидан бориш мазмунини англатади. Илк исломда мазҳаб тушунчаси асосан фиқҳий (ҳуқуқий) мактабларга нисбатан қўлланилган ва ҳозир ҳам шундай тушунмоқ лозим.

Фикхий мазҳаб тушунчаси  Aллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад с.а.в. орқали нозил қилган шариат ҳуқуқшунослигида Қуръони карим ва Пайғабаримизнинг суннати бўлган ҳадисларга таяниб ҳукм чиқаришни кўзда тутади. Фикхий мазҳаб имомлари Қуръони карим ва суннатнинг мазмунини кишиларга осонлик билан тушунтирган ва уларга амал қилиш йўлларини мусулмонларга ўзига хос оддий усул билан баён қилиб берган буюк олимлардир.

Суннийликнинг Ханафийлик мазҳаби исломга эътиқод қилувчи мамлакатларда, ислом қонунчилиги сифатида жуда кенг тарқалган. Жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари, Ўзбекистон мусулмонлари ҳам шу мазҳаб асосида шариат қонунларига суянади. Суннийлик ҳуқуқшунослигида Имом Аъзам мактаби ҳадисларга таянганлиги учун «Аҳл ал-Хадис» номини олади. Умумий тарзда Абу Ханифанинг ҳуқуқий назарияси «Раъй» тушунчаси орқали шахс эркинлигини  ҳурматлаган, шариат масалаларида мустақил фикр юритишга рухсат беради ва шу хусусияти билан бошқа ислом ҳуқуқшуносларидан фарқ қилади. Шу мазҳаб, биринчи бўлиб, савдо ва иқтисодий соҳалардаги битимларга оид қоидаларни ишлаб чиққан. Шахсий ҳуқуқ доирасида балоғат ёшига етган инсон мустақил бўлиб, ўз мулки билан ўзи ҳоҳлаган нарсани қилиши мумкин.

Имом Аъзам Абу Ханифанинг шогирдлари бу мазҳабни жамиятнинг турли соҳаларига тадбиқ қилганлар. Масалан, Абу Юсуф Муҳаммад Ибн Хасан аш-Шайбонийнинг қатор асарларида  солиқлар  тўлаш, меросхўрлик, номоз, таҳорат, жаноза, закот, рўза, ҳаж, савдо, мерос, никоҳ, ҳуқуқбузарлик каби кўплаб ҳаётий масалаларда фуқаро кодексининг асосини ташкил этиб, ҳуқуқий ислоҳотларнинг ўзвий қисмини ташкил этган.

Ҳанафийлик ислом давлатларида энг кенг тарқалган мазҳаб бўлиб, Аббосийлар даврида Абу Юсуф эгаллаган мақом «Қозилар қозиси» мартабаси туфайли бу мазҳаб бошқалар олдида устувор, энг мўътадилликка эришади. Усмонийлар империяси даврида ва ҳатто ҳозирги даврда ҳам Миср, Сурия, Ливан, Ирок, Иордания, Фаластинда расмий мазҳаб сифатида фатволар чиқариш ҳуқуқига эга. Болқон ярим оролида Кавказ, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Марказий Осиё Республикалари, жумладан, Ўзбекистонда, Хитойда ҳам устувор мазҳаб ҳисобланади. Демак, ханафий мазҳаби мусулмонлар дунёсининг деярли ярмига ёйилган.

Умумлаштириб айтганда, илмда мазҳабимиз Қуръони Карим, амалда мазҳабимиз Имоми Аъзам, эътиқодда мазҳабимиз аҳли суннат ва жамоатдалигини билдиради.

Ўзбек халқи суннийликнинг мўътадил мазҳаби ханафийликнинг бағрикенглиги билан сиёсий-иқтисодий ва илмий – маданий ҳамда маънавий юксалишга қулай шароитлар яратиб келган. Ханафийлик ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган.  У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.

Хулоса қилиб айтганда, ханафийликнинг бошқа  мазҳаблардан фарқ қилиб турувчи асосий фазилати, унинг мўътадиллиги ва бошқа динлар билан ҳам муносабатида бағрикенглиги, ҳаётий эҳтиёжлар билан ҳамнафаслиги, тирикчилик ва тараққиёт заруратини чуқур идрок этиш бўлиб, Ўзбекистоннинг бугунги демократик тараққиёти йўлига ҳам ҳамоҳангдир.

Н.Шожонов

Янгиариқ тумани “Хожи бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *