ДЕҲҚОНЧИЛИК ФАЗИЛАТЛИ КАСБ

Динимизда мўмин кишининг ҳар бир иши, қилган амали эътиборлидир. Агар мўмин ниятини тўғирласа ихлос ила қилаётган ишидан Аллоҳнинг розилигини кўзласа, агар қилаётган амали дунёвий амал бўлса ҳам унинг учун ажру савобга эга бўлади.
Ана шундай банданинг дунё ва охиратга фойдаси тегадиган касблардан бири деҳқончиликдир.
Деҳқон уруғ қадаб, зироатини парваришлаб юрар экан, агар у шу ишидан Аллоҳнинг розилиги ва инсонларга манфаат етказишни ният қилса, ибодат қилаётган кишидек савобга қолади. Чунки у ҳақиқатан ҳам ҳалол ризқ талабида ибодат қилмоқдада.
Қуръони каримда банданинг ҳар-бир яхши амали учун ажру савоб борлиги таъкидланади.
Аллоҳ таоло Залзала сурасида шундай марҳамат қилади: “Бас, кимки зарра миқдорда яхшилик қилса (натижасини) кўрадир”.
Ҳадиси шарифларда ҳам деҳқончиликнинг ҳаммага, хоссатан деҳқоннинг ўзига ҳам катта савоб борлиги айтилади.
Анас (р.а.) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса, у учун бундан садақа ҳосил бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Муоз (р.а.)дан нақл қилинади: “Ким зулм ва тажовуз қилмасдан бир уй қурса ёҳуд зулм ва тажовуз қилмасдан бирор экин экса, модомики, ундан Аллоҳ таолонинг яратганларидан биронтаси фойдаланиб турар экан, унга тўхтовсиз савоб бориб туради” (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Айюб (р.а.)дан келган ривоятда: “Қайси киши бирор кўчат экса, унга ўша кўчатдан чиққан мева миқдорича яхшилик ато этилади”, дейилади. Бу эса мукофотнинг миқдорини белгилаш билан бирга, деҳқончиликнинг фазилати нақадар улуғ эканини кўрсатади.
Дарҳақиқат, деҳқонлардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни ҳамма жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам Ислом уламоларининг фикридан келиб чиқиб, касбларнинг ичида деҳқончилик энг афзал касб сифатида баҳоланган.
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан “Қайси касб энг яхши?” деб сўрашди. У зот: “Киши ўз қўли билан меҳнат қилиши ва ҳар қандай яхши савдо”, дедилар” (Ҳоким ривояти). Кўп саҳобалар, ҳатто айрим пайғамбарлар ҳам шундай ишлар билан шуғулланишган. Абу Дардо (р.а.) Дамашқда кўчат экиб турганларида олдиларидан бир киши ўтиб: “Расулуллоҳнинг саҳобаси бўлатуриб, кўчат экиб ўтирибсизми?” деди. Абу Дардо (р.а.): “Шошма, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким бир кўчат экса, ундан одам боласи ёки Аллоҳнинг яратганларидан бирортаси еса, унга шу сабабли садақа бўлади”, деганларини эшитганман, деб айтди” (Имом Аҳмад ривояти).
Муҳтарам азизлар! Юқоридаги маълумотлар деҳқончилик нақадар улуғ ва савобли касб эканлиги таъкидланди.
Бугунги синовли кунларда бир парча экин экишга яроқли ери бор киши, ундан фойдаланиши керак. Унинг фойдасини албатта ер эгасининг ўзи кўради, қолаверса кўпчиликка манфаат етишига сабабчи бўлади.
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида :
“Инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаати тегадиганидир” деб айтганлар.
Қани энди ҳар биримиз бу ҳадиси шарифга амал қилсак, ер эгаси зироти билан, қўлида маблағи бор киши маблағи билан инсонларга, яни бир биримизга манфаат етказсак, икки дунё саодатига эришардик. Бу синовли кунларнинг имтиҳонидан соғ ва омонлик билан ўтиб олардик Аллоҳ ҳоҳласа.

Қ.Искандаров
Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *