ИНТЕРНЕТ-ИМТИҲОН МАЙДОНИДИР

Ҳаётнинг барча соҳаларида интернет ёрдамида осонлик, арзонлик ва тезлик фойдалари кўзлайдиган бўлинди. Ҳар бир нарсани яхши томони бўлгани каби ёмон жиҳатлари ҳам бор. Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда, зарарли беҳаё, бузуқ маълумотлар ҳам кенг тарқалган. Инсон маънавиятига таъсир қиладиган фохишабозлик, беҳаёликни, ахлоқсизликни тарғиб қилувчи сайтлар жуда ҳам кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирларини алдамоқда, бир-бирига тухмат қилмоқда, у туфайли кўпгина ёш оилалар ажрашиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда ва ҳоказо. Интернет орқали нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, иқтисодий, молиявий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам кўплаб жиноятлар содир этилмоқда. Интернет маълумотлар оламида улкан инқилоб ва иймон, ахлоқ ҳатто ақллар имтиҳони учун кенг майдондир. Унда яхшилик учун барча эшиклар очиқ, ёмонликнинг барча кўринишлари очиқ-сочиқ.
Интернетга боғланиш имконияти бор ҳар бир киши тилига истаганича эрк бериши, истаган нарсасига кўз югуртириши, истаган нарсасини ёзиши мумкин, унинг устида на бир назоратчи, на бир тергаб турувчи ва на бир ҳад-чегара олдида тўхтатиб қолувчи бор. Агар ўз қадрини юқорироқ билса, тубанлашмаса, ишларнинг оқибати ҳақида фикр юритса, Парвардигори олам уни кузатиб ва ҳар бир ишига гувоҳ бўлиб турганини кўз олдига келтирса, имтиҳондан қоқилмай-йиқилмай ўтиб олади ва охир-оқибат зафарга эришади.
Агар нафсининг жиловини бўш қўйса, нафси-ҳавоси ортидан эргашиб кетса, разолат ботқоғига ботиши, тубанлик чоҳига қулаши ҳеч гап эмас. Бунинг натижаси эса ўз-ўзини беҳурмат қилиш, иззат-шарафни йўқотиш, хорлик ва тубанликдан бошқа нарса бўлмайди. Шунинг учун оқил одам интернет билан тўғри муомала қилиш йўлини билиши, ўз нафсига ортиқча ишонмаслиги лозимки, охир-оқибат нафси уни фитнага тушириб қўйиб, кейин ундан халос бўлиши қийин бўлади.
Инсон интернет билан муомала қилар экан, ўзи айтаётган, эшитаётган, нақл қилаётган ва ўқиётган нарсалар ҳақида ишончли илмга эга бўлмоғи лозим. Инсоннинг ақли фаросати ва иймони шу билан билинади. Чунки интернет шундай маконки, унда тўғри келган одам сохта исм остида тўғри келган нарсани ёзиши мумкин, содда одам заҳарни асал ўрнида қабул қилиши ҳеч гап эмас. Оқил одам бу борада зийрак ва ҳушёр бўлиши керак. Бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлса, уни чуқурроқ ўрганиши, ундан оммага бирон фойда етишига ишонч ҳосил қилса, шундагина нашр қилиши, йўқса жимгина кўз юмиб кетавериши лозим. Бу ишда эътиборсизлик қилиш ортидан қанча ёмонликлар келган.Қанча-қанча одамлар борки, ақлларини ишлатмасдан, интернетда нашр қилинаётган нарсаларни худди бир калима ҳам ёлғон аралашмайдиган ваҳийдек қабул қилишади.Фақат оқил кишилар бегона ва нотайин одам у ёқда турсин, ҳатто таниқли ва ишончга сазовор одамнинг сўзларини ҳам текширмасдан, кўр-кўрона қабул қилмайди. Эшитган ҳар бир сўзимизни гапираверишдан қайтарилганмиз. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир эшитган сўзини айтишлиги кишининг ёлғон гапириб қўйишига кифоя қилади» (Муслим ривояти).
Айниқса, бу одоб ҳозиргидек фитна ва нотинчликлар даврида ғоят муҳимдир. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон уларга тинчлик ёки хавф-хатар хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқлар (олимлар)гагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, (яъни Аллоҳ ўз марҳамати билан сизларни иймонда устивор қилмаса эди) айрим кишилардан ташқари ҳаммангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз» (Нисо сураси, 83-оят).
Аллома Абдурраҳмон ас-Саъдий раҳимаҳуллоҳ шу оят тафсирида ёзади: «Бу Аллоҳ таоло тарафидан бандаларнинг мазкур нолойиқ феъл-атворларига нисбатан таъдиб (одоб бериш)дирки, уларга ғоят муҳим ва кўпчиликка манфаатли бўлган ишлар хусусида, хавфсизлик, мўминларга хурсандлик ё ғам-ташвиш ва мусибат хабари каби бирон хабар келганида уни шоша-пиша ёйиб юбормасдан, яхшилаб текшириб, тагига етишлари, бунинг учун мазкур хабарни пайғамбарга ва ичларидаги бошлиқларга – фикрли, илмли, ақл-фаросати ўткир бўлган, ишлардан яхши хабардор, фойда-зарарни яхши ажрата биладиган кишиларга ҳавола қилишлари даркор». Кейинги оятда эса: «(Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда, мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!» десалар бўлмасмиди?!», дейилади. (Нур сураси, 12-оят) Ушбу оят тафсирида муфассирлар шундай дейдилар:«Бу Аллоҳ таолодан бандаларга бир иршод–йўлланмаки, улар мўмин биродарлари шаънини булғовчи сўзларни эшитганларида уларнинг иймони ва зоҳирий ҳолатлари ҳақида ўзлари билган нарсада маҳкам турсинлар, айбловчиларнинг сўзларига эътибор бермасинлар».
Бу хусусида оқил одамга муносибки, ҳар бир нарса ҳақида фикр билдиравермасин, билган ҳар бир нарсасини гапиравермасин. Балки, кўпчиликнинг манфаатини риоя қилсин. Катта-кичик ҳар бир воқеа-ҳодиса тўғрисида фикрини айтавериш яхши эмас. Чунки, ишни керакли даражада тасаввур қилолмаслиги, натижада нотўғри хулоса чиқариб, хатога йўл қўйиши мумкин.
Мусулмон киши интернет ёмонлигидан ўзини сақлаши лозим бўлганидек, унинг яхшиликларидан ўзини бутунлай маҳрум қилмаслиги ҳам керак. Аллоҳдан сўраймизки, барчамизни ошкор ва махфий фитналардан Ўзи асрасин, бизларни яхшиликлар учун калит, ёмонликлар учун эса қулф қилсин, вақтларимиздан унумли ва баракали фойдаланишни насиб этсин!

О.Рўзметов
Боғот тумани “Толли бобо”
масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *