САҲОВАТЛИ БЎЛАЙЛИК

Одам дунёда лаҳзалик меҳмон экан. У билан бирга охиратга кетадиган ҳам, ортидан қоладиган ҳам фақат яхшилик ва солиҳ амалларидир.
Яхшилик қилиш садақа қилиш қанчалар улуғ иш эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Кишилар Аллоҳдан савоб умидида мол – дунё сарфлаб садақа қиладилар. Бугунги кунда коронавирус пандемиясининг бутун дунёга ташвиш солиб турган бир пайтида саҳоватпеша инсонларимиз, халқимиз хайру-садақалар қилмоқдалар. Садақа – радди бало деб бежизга айтилмаган. Халқимизнинг хайрли ишлари, эзгу амаллари, эхсонлари Аллоҳ даргоҳида ижобат бўлиб, бу бутун дунёни ларзага келтирган , ташвишга солган коронавирус балосидан Аллоҳимни ўзи қутқарсин.
Мўмин киши ҳаёти давомида доим яхшиликни излайди. Яхшиликка етакловчи йўлларни ахтаради. Чунки яхшилик бандани жаннатга олиб бориши, Қуръону карим оятлари ва хадиси шарифларда жуда кўп бора таъкидланган. Расулуллоҳ (Соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди” жумласини “Чинакам мўмин бўла олмайди”, деб шарҳлаганлар. Инсон ўзига раво кўрган нарсасини ўзгага ҳам раво кўриши бу гўзал сифатлар орасида энг муҳимларидан дейилса муболаға бўлмайди. Меҳр –оқибат кўрсатиш, ёрдамга муҳтож одамларга ғамхўрлик қилиш динимизда тарғиб этилган эзгу амаллардан биридир. Ибн Умар Розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам; Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп манфаати тегадиганидир”, деганлар.( Имом Табароний ривояти).
Зеро киши ўзи яхши кўрган нарса одатда ўзи учун фойдали, ёқимли ва хайрли нарса бўлади. Бу нарсаларни ўзгага ҳам раво кўриш, ўзга шахснинг бу одамга нисбатан меҳри ва ҳурматини оширади.Ўзаро алоқалар яхшиланади. Бунинг натижасида жамият мустаҳкам ва фаровон бўлади. Қолаверса саховатнинг фазилати унинг кўп ёки озлиги билан белгиланмайди. Бой садақа қилган юз минг сўм пулнинг савоби билан, камбағал берган минг сўм пулнинг савоби бир хил бўлиши мумкин. Чунки ҳар иккиси ўз имкониятидан келиб чиқаяпти. Эҳсоннинг савоби ихлос- эътиқодга кўрадир.
Саховатпеша бўлиш энг олий фазилатдир. Зеро банданинг ризқига барака кириши , зиён – заҳматлардан омонда бўлиши ва ризқининг ҳамда умрининг зиёда бўлишида айнан унинг ўрни беқиёс. Чунки, қиёмат кунида Аллоҳ садақа қилинган молнинг ажрини зиёда қилиб қайтаради. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал садақа ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Муҳтожга махфий қилинганидир”, дедилар. Қилинган хайру- эҳсоннинг кўпи ва озида чегара йўқ. Бор борича, йўқ холича эҳсон қилса , унинг ҳимматига яраша Яратган ўз хазинасидан ажр- мукофот ато этади. Кимгадир мурувват кўрсатиш , шу йўл билан савоб олиш инсонийликнинг бой мезонларидандир. Ўзбекистон буюк давлат, халқи меҳрли, оқибатлидир. Шу гўзал диёримизга бир неча кундан кейин биз интиқиб кутган ойларнинг энг улуғи ва фазилатлиси муборак рамазон ойи ташриф буюради. Зеро манашу муборак ойларда дуоларимиз, тавбаларимиз ижобат бўлиб коронавирус балосини Аллохимни ўзи юртимиздан, бутун дунёмиздан фориғ қилсин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги ой чиққанда: Ё Аллоҳим ! Бу ойни бизга барака, имон, саломатлик, Ислом ва Сен яхши кўрадиган, рози бўладиган амалларга тавфиқ ойи қилгин. Эй Ой! Менинг ҳам Роббим ва сенинг ҳам Роббинг Аллоҳдир” деб дуо қилганлар. Рамазон ойи мусулмонни фазилатли қадриятлар, улуғ хулқлар, гўзал ўрнаклар ила тарбиялайдиган ойдир. Рамазон –мехру –мурувват, хайру саховат ойи. Ушбу ойда инсонларга хос бўлган яхши фазилатлар юксалади .Бу ойда кишилар бир- бирларига хар қачонгидан хам мехр- оқибатли бўлишади . Анашу фазилатларнинг амалда намаён бўлиши нафақат ўзига , балки оиласидаги фарзандларининг тарбиясига хам ўз таъсирини ўтказади. Муборак рамазон ойи барча мўмин мусулмонлар учун қутлуғ бўлсин, хонадонларингизга файз барака, ўзларингизга саломатлик олиб келсин.
Барчамизнинг хар бир кунимиз хайрли, фазилатли ва барокатли бўлсин. Юртимиз тинч осмонимиз мусаффо бўлсин.

 

П.Бобожонов
Шовот тумани “Қорри Эшон бобо” масжиди имом-ҳатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *