ПАНДЕМИЯ ВАҚТИДАГИ ДУОЛАР

Бугун инсоният мисли кўрилмаган оғир синовни бошдан кечирмоқда. Кўз илғамас хатар барчага бирдек таҳдид солмоқда. Охирги кунларда заминимизда содир бўлаётган ташвишли воқеалар, ҳар биримиздан ҳамжиҳатликни, меҳр-мурувватни талаб қилади. Ушбу юқумли касалликка қарши курашиш, унинг даъвосини топиш бўйича жаҳон ҳамжамияти ўзаро ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатимизда каронавируснинг олдини олиш, уни юқтирган беморларни даволашда тезкор ва самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугун дунёнинг барча жойида кўринмас бало, инсонларнинг ширин жонига чанг солмоқда. Унинг яна бир даҳшатли изи жаҳон иқтисодиётини таназзулга етакламоқда. Фаровонлик ва тараққиётга зарба бермоқда. Кун-у тун шовқинга тўлган шаҳарлар бирин-кетин жимгина бўшаб қолмоқда. Бу машъум пандемиянинг дунё ва биз кутмаган манзаралари.
Аммо халқимизнинг қалбида бир ишонч борки, бу синовлардан талафотсиз ўтиш умиди – Аллоҳнинг марҳамати, давлат раҳбарининг оқилона сиёсати, миллат бирдамлигига ишончидир. Манашуларни хисобга олиб Маккаи Мукаррамада хаммамиз учун қилинган дуоларни сиз азизларга илиндим.Албатта бу дуоларни биз хам такрор қилсак ва хамиша қалбимизда сақлаб Кун-у тун дуо қилсак деган умид қилиб қоламан.
– Эй Аллоҳ, биз нуқсонга йўл қўйганлармиз, Сен эса Каримсан. Биз гуноҳкорлармиз, Сен эса Ҳалимсан. Биз Сенга муҳтожмиз, Сен эса биздан Беҳожат Зотсан. Сен Поксан.  Эй Аллоҳ, афвинг билан хатоларимизни кечиргин. Ғазабинг ила бизни азобламагин.  Эй Аллоҳ, бизни раҳматингга олгин. Зеро, Сен биз бандаларинга Раҳмлисан. Эй оламларнинг Робби, бизни азобламагин. Ваҳоланки, Сен бизни азоблашга Қодирсан. Эй Аллоҳ, агар ушбу вабо бизнинг содир этган гуноҳларимиз, хатоларимиз ёки қилган зулмларимиз, адо этмаган фарзларимиз, ўқимаган нафлларимиз, йўл қўйган камчиликларимиз, номаҳрамга қараб қўйганимиз сабабли келган бўлса, биз ҳамма гуноҳларимиздан Сенга тавба қилувчилармиз, эй Роббимиз, бизнинг тавбаларимизни қабул айлагин ва Ўзингга гўзал ҳолатда қайтаргин, эй Роббим, Жонимизни, Сен биздан рози бўлиб турганингда олгин, эй Роҳман, Эй Аллоҳ, эй бирор нарсага «Бўл!» деб, ўша ишни бўлдирувчи Зотсан, ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ калимаси, Сенинг барча гўзал исмларинг ва уларнинг азамати ҳурматидан Ўзингнинг куч-қувватинг, қудратинг ила шарафли Каъбага, Ҳарам Уйингга ва Набиййинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига зиёратчию умрачиларни қайтаргин!  Эй Аллоҳ, вабони, балони ва барча касалликларни хоссатан икки покиза, ҳарам шаҳардан ва омматан барча мусулмонларнинг мамлакатларидан кўтаргин, эй оламларнинг Робби! Эй Аллоҳ, Ўзинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва у кишининг атрофидагиларга, шунингдек, мамлакат муфтийсига, халқига ва ҳожи-умрачиларга қилаётган хизматларига муваффақият ато этгин!  Эй Аллоҳ, “Ҳидоя” халқаро ширкати мутасаддиларига, жумладан, маслаҳатчи Шайх Солиҳ Баҳвайний ва биродари Усома Тошкандийнинг Ўзингнинг меҳмонларинг ва умрачилар хизматидаги самарали фаолиятларига муваффақият ато этгин! Эй Аллоҳ, уларнинг хайрли амалларини даргоҳингда қабул айлагин!  Эй Аллоҳ, Набиййимиз, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дунёю охиратда салавот-салом ва баракотларингни нозил қилгин! Эй Аллоҳ, биз ушбу дуони қилдик, ижобат этиш Сендандир. Биз ҳаракат қилиб, сабабларни ушлаймиз ва Ўзингга таваккул этамиз. Охирги дуоимиз оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин!
Ха Азизлар! Ҳар қандай синов Аллоҳдан эканини англаган ҳолда ўзаро бирдам, сабру матонатли бўлиб, эзгу ишларни кўпайтирсак, хайрли дуолар қилсак, бошимизга келган мусибатдан тез орада эсон-омон ўтамиз, Иншаоллоҳ.

 

О.Машарипов
Янгиариқ туман “Шайх Мухтор Валий” масжиди
имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *