ШУКРОНАЛИК — ОЛИЙ НЕЪМАТ

Аллоҳнинг неъматига кўмилиб кетганимиздан, яхши кунларни кўраверганимиздан, бошимизга келган бу синовли дамларда озгина шошиб қолдик.

Инсон ҳаёти доим бир текис, ҳурсандчилик ва шод-хуррамликда ўтавермаслигини, Аллоҳ таоло бандаларини турли хил имтихонлар билан синаб туришлигини унутмаслик керак.

Шундагина, бизга берилган бу синов ва имтиҳон ҳам беҳикмат эмаслигини, Аллоҳ таоло бандаларига ҳаргиз зулм қилмаслигини, мўмин ва мусулмонларни ҳаргиз азоблашни истамаслигини ҳис қилиб қалбимиз таскин топарди.

Аллоҳ таоло бандаларни синов ила имтихон қилиб туради. Агар киши бу пайтда шукр ва сабр қилса бу синов ҳам банда учун ҳайрли бўлиши мумкин.

Яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг изни билан бўлишлигига ишонишимиз эса тақдирга иймон келтирганимиздан дарак беради.

Аллоҳни севувчи бандалар Унинг сон саноқсиз неъматлари учун қанча шукр қилсалар, шунча озлигини ҳис этиб, барча ҳолларида шукрни зиёда қилиш ҳаракатида бўлишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида “Иймон икки қисмдир: ярми сабрда, ярми эса шукрда” деб марҳамат қилганлар (Байҳақий ривояти).

            Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб, икки оёқлари шишиб, йиғидан кийим ва жойнамозлари ҳўл бўлиб кетарди. У зотга: “Сизнинг аввалгию охирги гуноҳингиз мағфират этилган бўлса ҳам шунча такаллуф қиласизми?” деб сўраганларга: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?” дер эдилар (Термизий ривояти).

 Шукрнинг ниҳояси йўқдир.

Агар бирор табиб ҳоҳлаганича пул олиб, бир кишининг бирор азосидаги касалликни даволашга сабабчи бўлса, у киши табибдан умрбод рози бўлиб ўтади. Аммо ўзини ҳам ўша табибни ҳам яратган, барча азони берган, бандасига ризқ берган Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш эсига келмайди.

Ваҳолангки, инсон бўлиб яралганимизга, кўзимизнинг кўриб турганига, нафас олиб яшаётганимиз учун шукрини адо қилишимиз керак, ҳид сезишимизни ўзи мўжизадир, қулоқларимиз эшитияпди, қўлларимиз ўзимизга бўйсуняти, тоғдек-тоғдек гуноҳларимиз билан ҳоҳлаган жойимизга оёғимиз кўтариб олиб боряпди, асосийси миямиз ақл билан идрок қилишини насиб этганига, кимларгадир бермаган ақл-идрокни бериб телбалардан қилмаганига, ризқ берган, неъматларининг борига шукр қилмоғимиз лозим.

Аллоҳни берган неъматларига шукр қилмаслик эса куфрони неъматдир.

Бугунги бўлиб турган карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, сабр-бардошли бўлиш, интизомли бўлиш, ризқимизга шукрли бўлиш бу фалокатдан қутулишимизга сабаб бўлади. Чунки Аллоҳ шукр қилувчиларни севади.

Азиз опа-сингиллар, онахон аёллар шу кунларда бўлиб турган синовларни вақтинчалик эканини каттаю-кичик ҳаммамиз  бирдек англаб, сабр бардошли бўлайлик, шукр қилгучилардан бўлайлик. Барчамиз бирдек ушбуларга амал қилсак, Муҳтарам Президентимизнинг “Темир интизом ва юксак масъулият” деган сўзларига риоя қилсак бу синовли кунлар ҳам, иншааллоҳ, тез кунларда ортда қолгай. Албатта бир қийинчилик билан икки енгиллик бордир!

Аллоҳ  юртимиз ахлини тинч-омонликда ва ризқимизни барокатда барқарор қилсин ва барчамизни яхшиликлари ила қувонтирсин. Аллоҳ шукр қилувчиларни севади. Шукроналик – олий неъмат, шукр қилувчилардан бўлишимизни насиб этсин.

 

Ф.Отажонова

Урганч шаҳар бош имомининг хотин-

қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *