ЯХШИЛИК САВОБЛИ АМАЛЛАРДАНДИР

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осоишталик, дастурхонимиздаги тўкинчилик, Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, юртдошларимизнинг эзгу ишлари самараси, десак асло муболаға бўлмайди. Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган. Биз мусулмонлар бир-биримизга ёрдам берсак, дунё ва охиратда Аллоҳ бизлардан қийинчиликларни кўтаради. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай деб марҳамат қилганлар: “Ким бир мўмин биродарининг дунёдаги қийинчилигини енгиллатса, Аллоҳ у банданинг қиёмат кунидаги қийинчилигини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).

Зотан, ҳар бир кунини, ёинки ҳар бир сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар чинакам фидойилардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва хожатларини равон қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш — улкан саодат. Инсонларга яхшилик қилиш — уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Аллоҳ таоло Ўз каломида сизу биз, яъни бандаларига қарата хитоб қилади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг («Моида» сураси, 2-оят).

Инсонларни доимо яхши ишга далолат қилмоқ катта-ю кичик, ёш ва кексаларнинг бурчидир. Айниқса, ёши улуғ кишиларимиз ёшларга қилаётган панду насиҳатларини тинглаб, амалда қўллаб борсак, асло адашмаймиз, ҳаётимиз янада гўзал ҳамда фаровон бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни алоҳида таъкидлайдиларки, Ислом дини Инсонга ва унинг дунё ва охиратдаги ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.

Яхшилик фақатгина молу-дунё билангина қилинмайди балки унинг турлари кўп. Инсонларга манфаат келтирадиган ва фойдали бўлган барча ишлар яхшиликдир. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмон учун садақа лозим», – дедилар. «Эй Расулуллоҳ! Агар садақа қилишга нарса топа олмаса-чи?» – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касб-кор қилиб, ўзига ҳам манфаат келтиради, ортганини садақа қилади», – дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» – дейишди. «Қийналиб қолган бечораҳолга ёрдам беради», – дедилар. «Ёрдам ҳам беролмаса-чи?» – дейишди. «Яхшиликка буюради», – дедилар. «Бу ишни ҳам қилмаса-чи?» – дейишди. «Ёмонликдан тийилади. Мана шу ҳам унинг учун садақадир», – дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир. Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Улуғ саҳоба Жобир (рз.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: «Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадирБир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик — эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади«, деганлар. Мусулмон киши садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади. Мусулмон кишисининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиш зарур. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ҳақиқий мусулмон бу — мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир».

Дарҳақиқат, мусулмон кишиси жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмоғи керак. Айниқса, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилиши лозимдир. Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим деб қилаётган эзгу меҳнатининг самарасидир десак, асло янглишмаймиз.

Аллоҳ таолонинг раҳмати ва жаннатига эришган, ҳақиқий мўмини комил бўлиб яшамоқлигимизни Роббимиз барчамизга осон қилсин, Аллоҳ таоло барчаларимизни яхшилик қигувчилардан қилсин. Яхшилик йўлларини осон қилсин.

О.Рўзметов

Боғот тумани “Толли бобо”

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *