Аллоҳнинг неъматларига ва тинч-фаровон ҳаётимизга шукрона келтирмоғимиз керак!

Одатда, бизга бирор яхшилик етса, “Аллоҳга шукр”, деб қўямиз. Неъматларга шукр қилиш учун кўп ҳолларда, тилимиздагина шукрона айтиш билан кифояланамиз. Аслида “шукр” сўзи миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади.
Аллоҳ таоло инсонларни энг гўзал суратда яратди, унга ҳар хил нозу неъматларни беҳисоб берди ва ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо этиб бормоқликка буюради. Парвардигоримизнинг неъматларини катта-кичик демай, уларни шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади, иншоаллоҳ. Бу ҳақда Қуръони каримда марҳамат қилиниб: “…Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз) У сизлар учун рози бўлур…”, — дейилган. Оятдан маълум бўладики, Аллоҳнинг розилигини топишни истаган ҳар бир киши доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ҳар қандай мусулмон ҳам ана шу икки калимани такрорлаб юришга одатланиши зарурдир.
Киши ҳақиқий неъмат берувчи Зотнинг марҳамати борлигини идрок этса, қалб шукрона айтган бўлади. Шукр сўнгра тилга кўчади, яъни “Аллоҳга шукр” ёки “Алҳамдулиллоҳ” дейилади. Шунингдек, уламолар Аллоҳ таолонинг “Раббингизнинг (сизга ато этган барча) неъматлари ҳақида эса (одамларга) сўзланг”, ояти хусусида фикр юритиш, ўқиш ҳам шукрга далолат қилади, дейишган.
Неъмат албатта, моддий бойликнинг ўзидангина иборат, деб ҳисоблайдиган инсон адашган бўлади. Чунки, унга берилган ҳаёт неъмати, жисмидаги ички ва ташқи аъзоларининг бир маромда ишлаши, яъни, кўзининг кўриши, қулоғининг эшитиши, тилининг таъм билиши, юрагининг уриб туриши, буларнинг барчаси аслида бебаҳо неъматдир. Инсон ушбу неъматлар кўз ўнгида такрорланавергани туфайли уларни оддий ҳол санайди. Ҳолбуки, ушбу неъматлар содда қилиб айтганда, бирор жойдан сотиб олинган ёки ижарага берилган эмас, балки, бизларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришимиз учун Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳадядир.
Банда қилган яхши амаллари билан ҳам Аллоҳга шукр келтириши мумкин. Аллоҳ таоло амр этган ибодатларни чиройли тарзда бажариш, гуноҳларнинг катта-кичигидан ҳам тийилиш билан инсон ҳақиқий шукр қилувчилардан бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) дуо, тоат-ибодат ва эзгу ишларни кўп давом этардилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, сиз барча гуноҳлардан покланган зотсиз-ку?”, — деб сўрашса: “Аллоҳга шукр қилмайинми?”, — деб жавоб берар эканлар.
Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, — деганлар.
Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири – бу юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли хил офат ва балолар ҳақида радиодан эшитиб, телевидениедан кўриб турибмиз. Ҳар куни ҳар хил қўпорувчилик воқеалари содир бўлаётган жойда инсонлар уй қурармиди, тўй қилармиди ёинки халқининг кўнглига хурсандчилик сиғармиди!? Шундай юртлар борки, хали ҳануз у юртларда тинчлик йўқ. Туғилган фарзанд уруш ўчоғида туғилиб, катта бўлиб, уйланмай вафот этаётганлар қанча?!
Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офат сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқдалар. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида, ҳаётимиз осуда давом этмоқда.
Ҳақиқатан тинчлик бўлиб турса кўнгилга тўй-ҳашам, хурсандчилик сиғади. Юрт тинч бўлса тараққиёт, ривожланиш бўлиб, аҳоли меҳнат қилади, ризқини териб оиласи билан баҳам кўради. Уй-жой ҳам қилади. Шунинг учун ҳам бу неъматларнинг қадрига етмоғлиғимиз лозимдир.

Янгиариқ туман Хазрати Ғоиб ота
масжиди имом ноиби: Р. Рахимов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *