ЗАКОТ МОЛНИ ПОКЛАШ ДЕМАКДИР

Закот – исломнинг бешта асосий устунларидан учинчиси бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили шаввол ойида рамазон рўзаси ва фитр садақасидан сўнг фарз қилинган. Закот луғатда: поклик, кўпайиш, зиёда бўлиш ва барака маъноларида келади. Шаръий истилоҳда эса: “Муайян моллардан белгиланган бир бўлагини Аллоҳ таоло белгилаб берган бир тоифа мусулмон кишиларга мулк қилиб беришдир”. Закот сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, уни берган кишининг мол-у давлатининг қолган қисми фақир ва мискинларнинг ҳаққидан пок бўлади. Закоти берилган молга барака киради, шунингдек, кўпайиб, ўсиб бориб, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди. Бу ҳаёт тажрибаларидан жуда кўп маротаба ўтган. Қуръони Каримнинг ўттиз икки жойида закот беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан баробар десак ҳато қилмаймиз. Ҳолбуки, намоз диннинг устуни дейилади. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган:
яъни: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз”(Нур сураси, 56-оят).
Аллох таоло намоз ўқишга қандоқ амр қилган бўлса, закот беришга ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга ҳам ўшандоқ амр қилмоқда.
Демак, намоз қандоқ, фарз бўлса, закот ҳам шундай фарз.
Маълумки, закот ибодат бўлиши билан бирга, улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий, ахлоқий маъноларни ҳам қамраб олган. Закотда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби, шахси покланиб, руҳий томондан ўсиб бориши юзага келади.
Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.
Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
яъни: “Молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривояти).
Закот зиммасига фарз бўлган кимса уни кечиктириш билан гуноҳкор бўлади. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир. Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетгандек туйилтириши мумкин. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: яъни: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таола тавба сурасида шундай марҳамат қилади. «Олтин ва кумушни тўплайдиган ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилмайдиганларга аламли азоб башоратини бергин. Улар жаҳаннам оташи ила қиздирилган холда пешоналари ва ёнбошларига ва орқаларига босилади. «Мана шу тўпланган нарсаларингиз! Бас, ўзингиз тўплаган нарсангизни татиб кўринг!» (дейилади)» (Тавба, 34—35).
Ислом дини закотни бермаганлар учун фақат ухровий жазо белгилаш билан кифояланиб қолмаган. Балки бу дунёда ҳам улар тортадиганларини тортишлари мумкин. Бу дунёвий уқубатлар ҳам бир неча хил бўлади. Баъзилари Аллоҳ таоло томонидан бало-офатларни ёғдириш орқали ҳам келади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.
Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга гирифтор бўларкан. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳақини бермаган бойлар ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож холга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ўша юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши керак. Демак бой кишиларнинг закот бермаслиги бутун жамиятга зарар етаркан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васал¬лам бошқа бир ҳадисда: «Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.
Моллари тез-тез халокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши биланоқ дарҳол закотини бермоғимиз лозим экан.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бир неча оятларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадисларида бойнинг молида камбағалнинг улуши борлигини баён қилганлар. Шундай экан, ким молининг закотини хасислик ва оч кўзлик қилиб бермаса, барибир ўзи билмаган ҳолда камбағални ҳаққи уни молидан чиқиб кетади.
Демак, камбағални ҳаққи барибир чиқиб кетар экан, ундан кўра закот вожиб бўлган вақтни ўзида закотини берган кимса ҳам зиммасидаги фарзни адо қилган бўлади ва закоти берилган молларга ваъда қилинган барча фазилатларга эришади. Дунё ва охиратдаги юксак даражаларга эришади.

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *