Бошига иш тушган ҳожатмандга ёрдам бериш мусулмонлик бурчимиздир

Албатта мусулмоннинг мусулмон биродари устида бир нечта ҳақлари бор бўлиб қуйидаги ҳадиси шарифда бир нечтаси айтилади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишаган.
Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Мусулмонларнинг бир-бирига зулм қилиши ҳаромдир. Мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. Мусулмон одам бирор сабабга кўра зулмга учраб қолса, биродари уни бу зулмдан қутқаришга қўлидан келганича ҳаракат қилиши керак.
Бир биродарининг ҳожатини раво қилиш ҳам мусулмон кишининг фазилатларидан биридир. Бу фазилатнинг мукофоти эса, юқорида айтиб ўтилди. Биродарининг ҳожатини раво қилган одамнинг ҳожатини Аллоҳ таолонинг Ўзи раво қилади.
Айниқса ҳозиргидек синовли кунларда мусулмон киши ўз биродарини қўлида имконияти бўлса муҳтож ташлаб қўймаслиги лозим.
Шунингдек, мусулмон одам биродарининг ғам-ташвишларини аритиш учун ҳам имкон қадар ҳаракат қилади. Чунки у мазкур ҳадисга амал қилади ва биродарининг ғамини аритган одамнинг ғамини Аллоҳ таолонинг Ўзи аритишига ишонади.
Ҳозирги ҳолатда одамлар уйида ўтиришга мажбур бўлган вазиятда кимдир нонга муҳтож кимдир бошқа ҳожатлари бор бўлган кишиларга,қўни кўшнимиз,маҳалладошларимизга қўлимиздан келганча ёрдам беришимиз айни динимиз талаб қилган биродарлик бурчимиз эканини унутмайлик.
Мусулмон одам ўз биродарининг айбларини беркитишга интилади, уларни фош қилиб, уни хижолат қилмасликка ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича, биродарининг айбини яширган одамнинг айбини Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи яширади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бир мўминдан бу дунёнинг ташвишларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан Қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг бир уйида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар (фаришталар) қаторида зикр қилади. Амали ортга сурган одамни насаби олдга сура олмайди», дедилар».
Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят ривоят қилишган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди”, дедилар
Мўмин киши Аллоҳ таолога иймон келтирган, Унга бандалик вазифасини мукаммал бир шаклда кўрсатган, Унинг буюрган ҳар қандай ҳукм ва амалларини сўзсиз бажарган кишидир. Мўмин-мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини хоҳласа, бошқаларни ҳам жаннатга киришини хоҳлайди. У ўзининг дўзахга кирмаслигини яхши деб билса, бошқаларни дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон ўзи учун яхшиликларни, муваффақиятларни, фаровонликни, бахт-саодатни, соғлик-саломатликни ва шунга ўхшаш барча яхши хислатларни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шу нарсаларни раво кўради. Мўмин-мусулмон киши, ғийбат, тухмат, жанжал ва шунга ўхшаш ёмонликларни ўзига раво кўрмаганидек, ўзгаларга ҳам буларни раво кўрмайди.
Биродарига яхшилик қилган киши, ўзига ҳам яхшилик қилган бўлади. Одоб-ахлоқли бўлган мўмин киши ўзининг яхшилигини биродарига ҳам баҳам кўради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофати фақат эҳсон (эзгулик)дир[3].
Мўмин мўминга доим яхшиликни раво кўради. Дўстининг бошига бирор кулфат тушса, унга ёрдам беради. Мўмин мўминни доимо яхши ишларида уни қўллаб-қувватлаб туради. Бу худди бинодаги ғиштлар бир-бирини мустахкамлаб турганга ўхшайди. Агар бинодаги ғиштлар бир-бирига мустахкам бўлмаса, бино қанчалик катта бўлмасин, у охир-оқибатда қулайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминга худди бинога ўхшаб бир-бирини мустаҳкамлайди”, дедилар ва панжаларини бир-бирига киритдилар”.
Мўмин киши яхши хулқли ва сахий бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дедилар.
Ҳулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки мусулмон кишининг мусулмонлиги,иймонининг комил бўлиши ва катта ажр мукофотга эришиши бошқа мусулмон биродарига қилаётган муомиласи,биродари олдидаги бурчини бажариш ва ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўриши билан бўлар экан.
Азиз юртдаошлар! Ҳозирга синовли,бир бировга муҳтож бўлинаётган кунларда бир бириимзаг ёрдам берайлик.Аллоҳ таъоло бизга ҳозир ажр савобни кўпайтираиб берадиган паллада турибмиз.Атрофимиздаги кишилардан ёрдамимиз ва далдамизни аямайлик.Ҳудо ҳоҳласа шунда бу синовларни биргаликда енгиб ўтишга эришамиз.

К.Илясов
Боғот тумани “Исмоил шайх бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *