КАРАНТИНДА УЙДА ҚОЛИНГ

Азизлар, мавзу бошида аввало «ғам-ташвиш», «хафалик», «қайғу» тушунчаларининг луғавий маъноси ҳақида маълумот бериб ўтсак.
«Ғам-ташвиш» – маҳзунлик ҳолати бўлиб, ҳали содир бўлмаган, лекин кутилаётган ишлар оқибати ҳақидаги хавотир бўлса, «хафалик» эса ўтган ишларни ўйлайверишдан ҳосил бўладиган дарддир. «Қайғу» инсон бошидан кечираётган мусибатлардир.
Инсон бу дунёда яшар экан, Аллоҳ таоло томонидан турли хил дард ва ғам- ташвишлар билан синалади. Инсоннинг бирор дардга чалиниши ёки бошига турли хил ташвишлар тушишининг сабаблари кўп. Улардан баъзилари Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ишларни қилиб юрган инсонларни огоҳлантириш, уларни ҳушёр торттириш ёки жазолаш учун юборилса, баъзилари эса мўмин инсонларга шунчаки синов тариқасида берилади.
Аслида, буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг адолатидан, бандаларига меҳрибонлигидан, шу синовлар орқали бандасининг даражасини кўтариш ва яна ажру мукофотлар  ҳам беришидан  далолатдир. Бошига турли синовлар тушган баъзи инсонлар Аллоҳ таолога юзланишни тарк қиладилар, ўз тақдирларидан норози бўлиб, бу ҳақда ҳаммага шикоят қиладилар. Лекин ўз қилган гуноҳларини тан олиб тавбага шошилиш, дуода бўлишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Бундай ҳолатга тушиш бадбахтлик аломатидир.
Бошқа бир инсонлар эса ундай пайтларда дарров ҳушёр тортиб, тавбага, истиғфорга шошиладилар. Уларнинг юзида ғам-ташвиш аломатлари намоён бўлса-да, тилларида Аллоҳдан шикоят қилиш, дилларида нафратланиш деган нарса бўлмайди. Аксинча, аввалгидан ҳам кўпроқ зикр ва ибодат билан машғул бўладилар. Бу ҳолат Аллоҳнинг ўша бандага муҳаббатининг зиёдалиги ва охиратда унинг даражасини юқори кўтаришининг аломатидир.
Бу дунё ғам-ташвиш ва синовлардан холи эмасдир. Шундай экан, ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсон билан соғлик ва касаллик, хурсандчилик ва хафагарчилик, роҳат ва ғам-ташвиш бирга юради. Яъни, инсон ўзига жон ато этилганидан бошлаб токи ўша жони танасини тарк этгунича синовлар гирдобида, фақат сабр-тоқат билан ва машаққатда ҳаёт кечиради. Аллоҳ таоло айтганидек: «Дарҳақиқат, Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик» («Балад» сураси, 4-оят).
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйлардиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!»   («Анкабут» сураси, 2, 3- оятлар).
Мўмин киши Аллоҳ таоло томонидан турли синовлар ўзидан олдин ўтган пайғамбарлар ва солиҳ инсонларга ҳам етганини билса, кўнгли анча тасалли топади. Уларнинг ҳатто энг қаттиқ синовларга сабр қилишларидан ўрнак олиш инсонларнинг ўз ғам-ташвишларини енгишларида яхши сабоқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Одамларнинг энг қаттиқ синовга дучор бўладиганлари пайғамбарлардир, улардан кейин солиҳ зотлар, кейин уларга яқинлар, кейин уларга яқинлардир. Киши динига қараб имтиҳонга солинади, агар динида салобат бўлса, синови ҳам зиёда қилинади, агар динида енгиллик бўлса, синови ҳам енгил қилинади. Бандага синовлар келаверганидан, охир бориб ер юзида гуноҳи қолмаган ҳолда юрадиган бўлади» (Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога энг суюкли бўлган зотлар, яъни пайғамбарлар, жумладан, Нуҳ алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом, Яъқуб алайҳиссалом, Юсуф алайҳиссалом, Айюб ва Мусо алайҳиссаломга берилган қаттиқ синовлар ҳақида Қуръони каримдаги бир неча оятларда зикр қилинган.
Ха азизлар бугунги кунда халқ ва миллат бошига тушган бу офатни фақат илтижо дуо ибодат орқали енгамиз иншаоллох аммо бу кунларда баъзилар тамонидан ношукурлик аломатлари сезилиб жумладан махаллий хокимят орқали етказилаётган махсулотларни назар писанд этмасдан ижтимоий тармоқларда ўзини кўз кўз қилаётган баъзи ноншукур деймимизми ёки нонкўр деймимизми бу каби инсонларни бу ишлар албатта муминман мусулмонман деган хар бир инсонни хафа қилади экан. Мен уларга сўзим охирида “Қўлингдан яхшилиқ келмаса ёмонлик хам қилма” деган хадисни айтиб Пандемияда халқ ва миллатга панд берма! деб қоламан. Наҳотки ўтмишдаги аждодларимизнинг бундай вазиятларда тутган йўлларидан ибрат олиш ўрнига, ўзимиз учун енгил туюлган нотуғри йўлдан юриб, унинг оқибатлари ҳақида ўйламай катта гуноҳларга йўл қўйсак?! Мавзу юзасидан сизга илинган фикр-мулоҳазаларимиз ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўриб ва ҳозирги ҳаётимизда гувоҳ бўлаётган аянчли ҳолатлардан сабоқ олиб, улардан тўғри хулоса чиқариш сиз азизларнинг ўзингизга ҳавола.
Аллоҳ таолодан ғамлардан паноҳ беришини, қалбларимиздан ташвишларни аритишини, ишларимизни осонлаштиришини, аҳволимизни ислоҳ қилишини сўраймиз.

З.Қаланрарова
Хонқа туман етакчи отинойиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *