ДЕҲҚОНЧИЛИК ҚИЛИШ ҲАМ-САДАҚАДИР

Ер юзини макон тутиб яшаб турган миллионлаб инсонларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун ҳар куни турли хил озуқа, гўшт-сут маҳсулотлари, мева-чева, дон-дунларга эҳтиёжлари туғилади. Буларнинг ҳаммасини эса зироат-деҳқончилик билан шуғулланувчи касб соҳиблари Аллоҳ таоло мадади ва катта ҳамда машаққатли меҳнатлари эвазига етказиб беришади. Уларнинг одамлар дастурхонини тўкин, ҳаётини файзли қилишдаги хизматларини таърифлашга сўз ожиз. Деҳқончилик, зироат улуғ ва фазилатли касблардандир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоху алайҳи васаллам:«Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан ейилса, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Мусулмон киши бир экин экса-ю, ўшандан инсонми, қушми, жонворми еса, албатта, қиёмад кунигача унинг учун садақа бўлиб туради», дейилган.
Демак зироатчилик билан шуғулланиш ана шундоқ улуғ иш. Баъзи вақтда экинига ўғри тушган зироатчилар хафа ҳам бўлишади. Албат¬та, бу хафа бўлишга арзигулик ҳодиса. Тер тўкиб қилинган меҳнат самараси қандайдир нобакор томонидан олиб кетилиши ачинарли ҳолат. Лекин зироатчи ўша ўғирланган нарсаси ҳам беҳуда кетмаганини англаб етиши лозим. Бу иш унинг учун садақа сифатида номаи аъмолига ёзиб қўйилади.
Ҳа, деҳқонлардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни ҳамма жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам касбларнинг ичида Ислом уламолари нуқтаи назарида деҳқончилик энг афзал касб ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам қиёмат қоим бўлиб, жаннатилар жаннат эшиклари олдида тўпланиб ким биринчи киради, дейилганида деҳқон, дейилади.
Шундай экан деҳқончилик ҳаётимиз таянчи, тириклигимизнинг устунидир. Шунинг учун ҳам аждодларимиз бу касб соҳибларини ҳамиша улуғлаб, ардоқлаб, эҳтиром кўрсатиб келишган, ўзлари ҳам бу йўлда яхши ишларни қилиб кетишган. Масалан, соҳибқирон Амир Темур Самарқанд атрофида Боғишамол, Боғимайдон, Боғибаланд каби бир неча боғларни барпо қилиб, авлодларга намуна бўлганлар. Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий эса деҳқонларимиз меҳнатига юксак баҳо бериб, уларни “ризқ йўлини очувчилар” деб таъриф қилганлар. Чиндан ҳам деҳқонлар, халқимиз учун ризқ йўлини очувчи шарафли касб эгаларидир
Деҳқончилик, зироатчилик билан шуғулланиш чиройли ишлардан бўлганидек, экин экишга яроқли жойи бўла туриб у жойга бирор нарса экмаслик хуник ишлардандир.
Зотан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўш қолган ердан фойдаланмасликни ёқтирмас эдилар. Демак, ҳар бир қарич ернинг масъулияти бор, асло биз бундай ишларга эътиборсиз бўлмаслигимиз ва ҳар бир қарич ернинг жавобгарлигини ҳис қилиб, жиддий ёндашишимиз керак бўлади.
Аллоҳ таоло деҳқончилик орқали етиштириладиган ҳосил ва меваларни инсонларга ризқ қилиб берган экан, киши ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас.

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *