ЗАКОТ МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ

 «Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади.

   Закот- Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот Мадинаи Мунавварада ҳижрий иккинчи санада Рамазондан олдин фарз қилинган. Закот Қуръони Каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга зикр этилган. Бу эса ўз навбатида намоз билан закотнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатади.

Закот Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан фарз бўлган. Мусулмонлар барча асрлар ва ўлкаларда закотнинг фарзлигига ижмоъ қилишган.

Қуръони Каримда закотнинг фарзлиги ва унинг фазилатлари ҳақида бир неча ояти карималар нозил бўлган. Қуръони Каримда «закот» сўзи ўттиз мартадан ортиқ келган бўлса, шундан йигирма еттитасида у намоз билан бирга зикр қилинган.

«Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Расулга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз» (Нур сураси, 56-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Молингнинг закотини адо қилган бўлсанг, батаҳқиқ, зиммангдаги(бурч)ни бажарибсан», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Фиқҳ китобларимизда ибодатлар қисми алоҳида, муомалалар қисми алоҳида баён қилинган бўлиб, закот ибодатлар қисмида келган. Закотда ибодат маъноси бўлиши билан бирга, улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий қадриятлар ҳам мавжуд. Унда фақат моддий маъно эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолар ҳам ўз аксини топган. Закотда уни берувчига ҳам, закот олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор.

Исломда аввал закот берувчи шахс ҳақида сўз кетади. Бой одам закот бериш билан покланиши, гуноҳлари ювилиши, охиратда олий даражаларга эришиши баён этилади. Закот бериш орқали мусулмон жамиятидаги бойлар бахиллик балосидан покланадилар. Қай бир жамиятда, қай бир кишида бахиллик бўлса, оқибати ёмон бўлиши ҳаммага маълум. Ушбу муаммони ҳал қилишнинг энг тўғри йўли закотдир.

Закот бериш бой кишининг Аллоҳ томонидан ўзига берилган неъматларга шукронаси ҳамдир. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини берган. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир», деганлар.

Закотнинг 2020 йил учун нисоби Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати тамонидан 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги ўртача нархи 250 000 (икки юз эллик минг) сўм эканини эътиборга олиб, милодий 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) учун ЗАКОТ нисобини (85 г. тиллодан) 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўм деб белгилади. Мазкур қийматнинг қирқдан бири (1/40), яъни закот учун чиқариладиган қисми 531 250 (беш юз ўттиз бир минг икки юз эллик) сўмга тенг бўлади.

Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўмдан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни закот сифатида камбағал ва фақирларга бериши фарздир.

Аллоҳ таоло бойларнинг ҳимматига барака, фақирларга қаноат ато айлаб, Ўзининг раҳмати ила бошимиздаги бу иллатни тез орада даф қилсин. Омин!”,.

Х. Кенжаев

Урганч шахар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.