ИСЛОМНИНГ АСЛ МАНБАЛАРИНИ БУЗИБ ТАЛҚИН ҚИЛИШ

Диёримиз ўзининг қадимий тарихи ва маданий-маънавий салоҳияти билан ислом динининг олижаноб ғояларини юксалтиришга, унинг илмий асосларини яратиб, динимизнинг обрўсига обрў қўшгани билан мусулмон оламида беқиёс мавқега эга. Улуғ аждодларимиз ва буюк боболаримизнинг бу борадаги унутилмас хизматларини ислом дунёсида ҳеч ким инкор этолмайди. Экстремистик кучларнинг энг разил мақсади эса мана шундай буюк меросга эга бўлган ўзбек халқини шу меросдан айириш, ота-боболаримиз амал қилиб келган ва бизларга ҳам буюрган йўлдан қайтишга мажбур этишдир. Айни пайтда, динни ниқоб қилиб олган жиноятчи тўдалар, қаллоб ва чаласавод кимсалар дунёга мўътабар зотларни берган юртимизга, энг оғир замонларда ҳам Аллоҳни ҳамиша қалбида, юрагида сақлаб келган халқимиз шаънига турли бўҳтонлар ёғдиришдан тоймайди. ҳа, бугун динимизни асраш керак, мўмин-мусулмонларни ҳимоя қилиш керак. Лекин динимизни биринчи галда, ўзини «чин мусулмон» деб даъво қилаётган ана шу ёвуз кучлардан, ҳар қадамда жиҳод деб оғиз кўпиртириб, дин номидан бузғунчилик қилаётган қонхўр ва қотиллардан асраш керак.

Айни вақтда исломни замонавийлаштириш жараёнига қарама-қарши равишда уни илк асосларига қайтаришга интилиш ҳам кузатилмоқда. Бу фундаментализм бўлиб, унинг вакиллари эса ақидапарастлардир. Улар фундаментализмни асосан икки йўл билан: биринчидан, тинч йўл билан (тарғибот ва ташвиқот йўли билан); иккинчидан, фундаментализм тарафдорларининг бир қисми куч ишлатиш йўли, яъни зўравонлик, қон тўкиш, хатто, қуролли жанглар йўли билан ўз мақсадларини амалга оширишга уринмоқдалар. Араб Шарқи мамлакатларида фаолият кўрсатаётган экстремистик ташкилотлар шариат нормаларини жамиятнинг барча соҳадаги ҳаётини тартибга солувчи восита сифатида тан олинишига, қолаверса, барча мусулмон мамлакатларини бирлаштирган ягона теократик давлат- халифаликни ташкил этишга ҳаракат қилишмоқда.

Диний фанатизмнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у фақатгина ўзи эътиқод қилаётган динни ҳақиқий деб билиб, бошқа диний эътиқодлар билан келиша олмаслигидир. Экстремистик ва террористик кучлар ўзларининг бузғунчи ишларини ислом йўлида қилишаётганини даъво қиладилар. Улар бошқаларни кофир бўлгани учун гаровга олганлари ва қатл қилганларини даъво қиладилар. Энг ачинарлиси, улар бу ишларига исломдан далил топишга ҳаракат қиладилар ва ўзларини мужоҳид, ўзларидан ўлганларини эса шаҳид деб атайдилар.

Мисол учун, «Ҳизб ут-Таҳрир» ҳаракати аъзолари «ҳозирги кунда мусулмонларнинг зиммаларидаги долзарб вазифа халифа сайлашдир, токи бу ишни улар адо этмас эканлар, уларнинг бошқа ибодатлари бефойдадир» деган ғояни тарғиб қиладилар, ўз йўлларига юрмаганларни кофирга чиқарадилар. Шундай экан ҳозирги давр нигоҳи билан қараганда, бугунги кунда бу сохта даъволарнинг асоссиз ва нотўғри эканлигини чуқур англаб етиш ва ёшларга етказиш ниҳоятда зарурдир

 

Жуманиёзов Илҳом

Урганч тумани Қарри бобо масжиди имом-хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *