РАМАЗОН- МАҒФИРАТ ОЙИ

Мана юртимизга барокот, раҳмат ва мағфирати билан рамазон ойи кириб келди. Аллоҳ таъоло биз мўминлар учун бу ойга етказишлик билан тавбага, истиғфорга ва ўзимизни ўнглаб олишга яна бир имконият берди.

Биламизки Аллоҳ таъолонинг Ғаффор номли сифати бор. Унинг маъноси бандаларнинг гуноҳларини ўта кечиргувчи дегани.

Қуръони каримнинг кўпгина оятларида Роббимиз бизни тавбага ундаган.

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Ажаб эмаски, Роббингиз ёмонликларингизни ўчирса ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса.» (Таҳрим: 8).

Аллоҳ Субҳанаҳу ва таоло яна:

 «Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангизлар» (Нур: 31) деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Дарҳақиқат, мен бир кунда У Зотга юз марта тавба қиламан».

Бошқа бир ривоятда: «Албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтаман». (Муслим)

Аллоҳ бандасини Унга қилган тавбаси сабабли бағоят хурсанд бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ Таоло бандаси тавба қилаётганида сизлардан бирингиз, чўлда, устида еб-ичгулиги бўлган юк туяси қочиб кетиб, ундан умидини узиб, бир дарахт соясининг тагида ёнбошлаб, туясидан тамомила  умидини узиб турганида, беҳосдан туясини тик турганини кўриб, унинг юганини ушлаб, кейин қаттиқ хурсанд бўлган ва (ҳаяжонланганидан) адашиб: “Эй Аллоҳ! Сен менинг бандамсан, мен Сенинг Роббингман!”- деган одамдан кўра кўпроқ хурсанд бўлади». (Муслим)

Тавба қилгувчи  ва истиғфор айтгувчи  мўмин киши учун мағфират ойи бўлмиш рамазон,жуда катта имкониятдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўззахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.

Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Рамазон дўззахдан озод бўлиш ойидир. Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўззах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўззахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўззах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўззахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўззахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир. Унинг охирги ўн кунлиги «дўззахдан озод бўлиш» кунлари саналади. Шу билан бирга, Рамазонда ҳар кеча сон-саноқсиз кишилар дўззахдан озод қилинади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўззахдан озод қилинадиган бандалари бор», деганлар.

Камчилик ва нуқсонга йўл қўювчилар мағфират ойини шартлари тўла бўлган чинакам тавба учун ғанимат билишлари керак. Улар учта шарт бўлиб, агар улардан бири йўқ бўлса тавба саҳиҳ бўлмайди:

Биринчиси: Маъсиятни батамом ташлашлик. Унинг аломати гуноҳдан зудлик билан ажралишликдир.

Иккинчиси: Уни қилиб қўйганига надомат чекиш ва маҳзун бўлишликдир

Учинчиси:  Маъсиятга ҳеч қачон қайтмасликка азм қилиш. Унинг аломати қўлдан бой берилганларни тузатиб, келгусидаги ишларни ўнглаш.

Агар маъсият одамнинг ҳаққига боғлиқ бўлса тўртинчи шарт қўшилади. Бу эса уни ўз эгасига қайтариш ёки ундан кечирим сўраш биландир.

Раҳмати илоҳий шунчалар кенгки, уни тасаввур қилишга инсониятнинг ақли етмайди. Беш вақт намоз ҳар намоз орасидаги хатоларга, жума кунги намоз икки жума орасидаги хатоларга, Рамазон ойи ибодатлари бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Фақат мўмин киши гуноҳи кабирадан, яъни катта гуноҳлардан ўзини сақлаши керак.

 

Б.Атаниёзов.

Боғот тумани “Ғоиб бобо” масжиди имом- хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *