РЎЗАДОР ТИЛИГА ЭҲТИЁТ БЎЛСИН

       Рўза шундай ибодатки унинг савобини Раҳмон исмли зот ўзим бераман деган.

 Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ва бир қанча муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг рўзадан бошқа ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учун ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, дейди.

Рўзадор шундай катта савобларга эга бўлиши учун ўзини нафақат еб-ичишдан балки барча аъзоларини гуноҳдан асрагани каби тилини ҳам гуноҳдан сақлаши лозим.Акс ҳолда куни билан қийналиб еб-ичишдан ўзини тийиб юрганидан фойда бўлмайди.

Бу борада Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Рўза шаҳватлардан тўсувчидир, агар бирортангиз рўза тутадиган бўлса, нолойиқ сўзларни айтиб, жоҳиллик қилмасин, бирор киши урушиб ёки сўкишадиган бўлса, мен рўзадорман, деб икки марта айтсин”, — дедилар. (имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари). Ушбу ҳадисда айтилганидек, имкон борича ёмон сўзлардан узоқ бўлиш, мабодо бирор кимса рўзадорни ранжитадиган бўлса,  тилига эҳтиёт бўлишдан чалғитса бунинг ҳам ечими борлигини, “мен рўзадорман” деб айтиши кифоя экани таъкидланади.

Набий (с.а.в.): “Баъзи рўзадрлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар. Баъзи кишилар рўза тутдим, деб вақтини бекорчи ишларга сарф этади,  ғийбат қиладилар, ёлғон гапириб турли тушунмовчиликларга сабаб бўлади ёки мақтанчоқлиги билан риёкорга айланади. Ушбу ҳадис одамларни ана шундай рўзадорга макруҳ, яъни ёмон кўрилган ишларни бажармасликни огоҳлантиради, акс ҳолда қийинчиликдан бошқаси берилмаслиги таъкидланади. Демак, ҳар бир ибодатнинг ўзига керакли қайтариқларига қатъий амал қилиш жоиз бўлганидек, рўзанинг ҳам муҳим шартларидан бири – тил офатларидан сақланмоқдир.

Ёлғон гапириш катта гуноҳлардан эканлиги  ҳадисларда келтирилади. Бу иллат рўза учун ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бу борада бир ҳадиси шарифда: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дейилади. Демак, рўза тутдим деб ният қилган, унинг барча қийинчиликларини сабот билан енгган ҳар киши албатта ёлғон гапиришдан ҳимояланмоғи муҳим экан.

Рўзадор ғийбат, сўкиниш, бўҳтон каби барча иллатли амаллардан тийилмаса, унинг савоблари йўққа чиқиши мумкин. Бу хақда Расулуллоҳ (с.а.в.): «… У киши очликдан бошқа нарсага эга бўлмайди» — деганлар. (Ибн Можа ривояти, саҳиҳут тарғиб).

Рўзадор рўза тутиш асносида тилини тийиши учун бу тилни яхши сўзларни сўзлашга,қуръон тиловатига ва зикру- тасбеҳ билан банд қилиши керак.

Рамазоннинг беқиёс имкониятларидан бири дуоларнинг ижобат этилишидир. Бебаҳо лаҳзаларни беҳуда ишларга сарф этиш ўрнига холис дуо қилишнинг хислати сон саноқсиздир.

Бу борада Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Уч тоифа кишининг дуоси рад этилмайди. Улар: Рўзадорнинг оғиз очгунича қилган дуоси, одил имомнинг дуоси, мазлумнинг дуоси”, — деганлар (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Ос (р.а.)дан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Рўзадорнинг ифтор пайтида қилган дуоси рад қилинмайди”, — дедилар. (Ибн Можа ва Ибн Сунний ривоятлари).

Хулоса қиладиган бўлсак, биз рўза ва рамазон сабабли тилимиз ўрганиб қолган салбий иллатлардан воз кечишимиз ва тилимизни яхши сўзларга савоб олиб келадиган сўзларга ўргатмоғимиз лозим. Юқорида таъкидланганидек тилимизни дуога, зикрга, қуръон тиловатига ва яхши сўзларга ўрагтсак, рўза ва рамазонга ваъда қилинган ажру-савобларга эришамиз.

Э.Атажанов

Боғот туман “Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *