СИЛАИ РАҲМ САВОБЛИ АМАЛ

        Муқаддас динимиз инсонни дунё ва охират саодатига эришиши учун энг тўғри йўлни очиб берувчи ёрқин чироқ мисолидир. У кишига фойда ва зарарни, тўғри ва нотўғрини ажратиб беради. Динимиз рукнларида дунё учун ҳам, охират учун ҳам манфаатлар жамланган. Шариатимиз бандани бирор амалга буюрар экан ўша амал бизнинг дунё ҳаётимиз учун ҳам, охиратимиз учун ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Ана шундай амаллардан бири силаи раҳмдир. Силаи раҳм деб шариатимизда инсоннинг ўз яқинлари билан чиройли муомалада бўлиши, уларнинг ҳолидан хабар олиб туриши, ўз яқинларидан моддий ва маънавий кўмагини аямаслиги тушунилади.

      Динимиз асослари бўлган Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда силаи раҳм ажри улуғ амаллардан саналиб, нафақат охират учун захира бўлиши, балки инсоннинг дунё ҳаёти учун ҳам жуда кўплаб фойдалар келтириши айтиб ўтилган. Жумладан, Анас ибн Молик розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “ Ким ризқининг кенг бўлишини ва умрининг узоқ бўлишини яхши кўрса силаи раҳм қилсин ” дедилар. Ушбу ҳадис далолат қиладики киши ўзининг яқинларига , қариндошларига меҳр оқибатли бўлиши, уларга ёрдам қўлини чўзиши билан ўзининг мол дунёси зиёда бўлишига ва умри узун бўлишига эришар экан.

     Четдан қараганда кимгадир моддий ёрдам қилинганда эҳсон қилувчи томоннинг моли камайгандай кўринади. Лекин Аллоҳ таоло бунинг эвазига эҳсон қилувчининг молини зиёда қилиб берар экан. Айниқса бундай ёрдам қариндошлик муносабатлари ила боғланган кишига қилинса янаҳам савоби зиёда бўлади. Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса бир аробий Набий саллалоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқиб: “ Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўззахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, деди. Набий саллалоҳу алайҳи васаллам унга жавобан дедилар:“ Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани шерик келтирмайсан. Намозни адо қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан  ” дедилар. Бу ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш имон, намоз,закот каби динимиз рукнлари билан бир қаторда зикр қилинмоқда. Силаи раҳм кишини дўзахдан узоқлаштирадиган ва жаннатга киргизадиган амаллар сирасига киритилмоқда. Ана шундан ҳам бу амалнинг даражаси на қадар улуғ эканини билиб олишимиз мумкин бўлади. Бошқа бир ҳадисда эса Набий саллалоҳу алайҳи васаллам: “Қилганига яраша қайтарган силаи раҳм қилувчи эмас, балки силаи раҳм қилувчи – қариндошлари алоқани кесганда уни боғловчи бўлганидир” дедилар. Яъни, бошқалар ундан қариндошлик алоқасини узса ҳам, у силаи раҳм қилаверади. Агар ушбу ҳадиси шарифга амал  қилинса,  майли  бошқалар  қилмаса қилмасин, лекин бу менинг бурчим ,қилавераман деб силаи раҳм қилинса нариги тараф ҳам тезда ўзини ўнглаб олиши ва тўғри йўлга тушиб оилиши мумкин бўлади. Натижада эса қариндошлар ва яқинлар орасида меҳр оқибат қайта тикланади ва мустаҳкамланади. Шу билан бирга жамят учун ҳам кўпгина фойдалар юзага келади.

     Динимизда силаи раҳм қилиш қанчалар улуғ амал саналган бўлса унинг тарк этилиши ҳам шу қадар катта гуноҳлардан саналади. Жумладан, Набий саллалоҳу алайҳи васаллам: “ Аллоҳ таоло уқубатини бу дунёда тезлатиб, охиратга ҳам олиб қўядиган гуноҳларнинг энг зиёнлиси – қариндошлик алоқасини узишдир ” дедилар. Демак, қариндошлик алоқаларини узиш, яқинлар билан гина ва адоватли бўлиш катта гуноҳ саналиши билан бирга, дунё ҳаётимизнинг ҳам машаққатли бўлишига сабаб бўлар экан. Шундай экан  Аллоҳ таоло барчаларимизни қариндошлик алоқаларига риоя қилувчи, бу амалнинг дунё ва охиратдаги манфаатларидан баҳраманд солиҳ бандалардан бўлишимизни насиб қилсин.

О. Ғойипов   

Боғот тумани Мирҳошим бобо

масжиди имомхатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *