ЎТГАНЛАРНИ ХОТИРАЛАШ

       Юртимизда анъанавий нишонланадиган алоҳида эътибор қаратиладиган кунлардан бири “Хотира ва қадрлаш куни”дир. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан Ватан озодлиги ва халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга оламиз. Хотира ва қадрдлаш инсон учун ато қилинган улуғ неъматлардандир. Халқимиз ҳар қандай мусибат, қора кунлар, қатағон, иккинчи жаҳон урушининг мислсиз даҳшатлари олдида эсанкираб, ўзлигини асло йўқотмади, мустаҳкам ирода, имон, Ҳақ таолонинг раҳматидан умидворлик уларга ҳар вақт ҳамроҳ бўлди ва келажакка умид билан яшади. Дориломон кунларнинг умиди билан яшаган халқимизнинг азиз фарзандлари орасида  ўтганларини хотирлаш, улуғ ёшга етиб, умргузаронлик қилаётган нуронийларини қадрлаш  инсоний бурчимиздир. Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, бугун аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат — Ватанимиз мустақилликка  эришган нурли кунларда турибмиз. Истиқлол йилларида аждодларимизнинг хотираларини қадрлаш, юрт озодлиги йўлида жон-фидо қилган юртдошларимизнинг руҳларини шод этмоқ учун қилинаётган эзгу амаллар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.  Биз ўтганларни маҳсус бир кунда, айни 9 майда хотиралашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим, ҳар лаҳзада уларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб, улардан намуналар оламиз. Шунингдек, келажак авлод бўлмиш фарзандларимизга ҳам ўтган аждодлармизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз. Уларнинг яхшиликларини ҳамиша, ҳар доим ёдда тутамиз, зеро, “Ўтмишсиз келажак йўқ” деб бежизга айтилмаган. 

Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш ибодат ҳисобаланади. Хотира ва қадрлаш деган гаплар бир кунлик байрамга боғланиб қолмаслиги керак. Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш, ҳурматларини жойига қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир. Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Улар ҳаётини фаровон, кунларини шодон қилиш учун давлатимиз уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишини юксак даражага кўтарган. Буларнинг барчаси азиз юртимизнинг азиз дуогўйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи бўлса, иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, иншааллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилаётгани аниқ. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: 

«Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келар эди». 

Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида давлатимиз томонидан уруш қатнашчиларига ғамхўрлик кўрсатилиб, уларни рағбатлантириш тўғрисида Фармон қабул қилинади. Бу йил ҳам сафимизда юрган фахрийларга муносиб ҳурмат кўрсатилди. Гап фақат моддий рағбатда эмас. Асосийси, эътибор ва қадрлашдадир.                                                     

Уруш даҳшатларига гувоҳ бўлган кишиларга эътибор берсангиз, улар қўлларини дуога очганларида юрт тинчлигига кўз тегмасин деб, шундай дориломон кунларга етиб келганликларига шукроналик келтирадилар, айни пайтда, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги энг катта бойлигимиз эканини, бундай осуда ҳаёт, дориломон кунлар қадрига етишни, уни асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлайдилар. Аллоҳ таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат айласин, ҳаёт бўлган, ёши кекса отахон-онахонларимизни қадрига етиб юрайлик.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *