ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Айни пайтда диёримизда муборак рамазон ойининг шукухи кезмоқда. Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин мусулмонлари,  ойларнинг энг улуғи ва фазилатлиси бўлмиш  бу ойни бир олам шодлигу қувонч билан  кутиб олмоқдалар.   Кимдир рамазон рўзасини бу йил тўлиқ тутиб, ўттиз кун мобайнида таровеҳларда  Қуръон хатмига сомеъ бўлиб  кўплаб савоб орттириш ниятида бўлса, кимдир бу саноқли кунлар мабойнида  Қуръони каримни тўлиқ ўқиб тушириш  илинжида. Кимдир бу бебаҳо ва  бетакрор савоб мавсумида  ўзини ҳар томонлама ислоҳ этиб, ўзи учун покиза ҳаёт сахифасини очишга қасд қилган. Дархақиқат мўмин мусулмонлар бу қутлуғ ойда рўза тутиб, Аллох буюрган фарз амалларини адо этмоқдалар. Зеро рамазон ойи  мусулмонни фазилатли  қадрятлар, улуғ хулқлар, гўзал ўрнаклар ила тарбиялайдиган ойдир. Рамазон –мехру –мурувват , хайру саховат ойи. Ушбу ойда инсонларга хос  бўлган яхши фазилатлар юксалади. Бу ойда  кишилар бир- бирларига  хар қачонгидан хам мехр- оқибатли бўлишади. Анашу фазилатларнинг амалда намоён бўлиши нафақат ўзига, балки оиласидаги фарзандларининг  тарбиясига хам ўз таъсирини ўтказади.

Рамазон ойининг  бизга севимли қилган хислатларидан бири  унда минг ойдан яхшироқ бўлган  Қадр кечаси борлигидир. Чунки Қадр кечаси қадри улуғ кечадир.  Қадр кечасида  бандаларнинг  бир йиллик қадарлари –тақдирлари  белгиланади. Чунки  худди шу кечада Қуръони  карим нозил этила бошлаган.  Бу кечада қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш  имкони бор.  Аллоҳга яқинлик хосил қилиш учун  бу кечада бедор бўлиб,  ухламасдан ибодат қилинади. Бу кечада бир йилда бўладиган  ишлар, хукмлар, ризқлар, ажрлар миқдори ўлчанади, белгиланади.

Қадр кечасида Жаброил  алайҳиссалом бошчиликларида  Аллоҳ таола  келаси йилгача  тақдир қилинган ишлар  ила  тушадилар.  Баъзи уломалар : “Қадр” сўзи  тор маносида бўлиб, шу кеча тушган  фаришталарнинг  кўплигидан  ер торайиб қолгандек бўлади. Қадр кечаси тонг отгунча салом ва тинчлик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар  мўминларга  салом берадилар.  Унда Аллоҳ таола инсонларга  фақат тинчлик –омонликни  тақдир қилади. Мухаммад соллаллаҳу алайҳи ва саллам  “Кимки Қадр кечасини имон ва савоб умидида бедор ўтказса,  унинг барча гуноҳлари кечирилади, деганлар. Бу кечани бедор ўтказиш – номоз ўқиш, дуо қилиш , истиғфор айтиш  ва Қуръон  қироати  билан бўлади.

                          Оиша Розияллоҳу анҳо айтади : “Расулуллоҳ  соллаллаҳу алайҳи васаллам  Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг  тоқ кунларида кутинглар  дедилар”  ( Имом Буҳорий ривояти).

                          Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қадр кечасида ким имон билан, савоб умид қилган холда бедор бўлса, барча  олдинги гуноҳлари  мағфират  қилинади” ( Имом Бухорий , Имом  Муслим).

                          Оиша онамиз Розияллоҳу анҳо  ривоят қилади:  “ Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги  келса  кечалари ухламас, уйдагиларни ҳам ибодатга уйғотар эдилар”.

                          Уломаларимиз Қадр кечаси аломатлари  тўғрисидаги хадисларни  ўрганиб , унинг еттитасини санаб ўтишган.

  • Қадр кечаси сокинлик хукм суради. Атроф мусаффо, ёруғ, худди сукунатга ўралган  ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади;
  • Осмонда юлдузлар учмайди, бошқа жисмлар қалтис ҳаракат қилмайди. Касалликлар пайдо бўлмайди;
  • Ҳаво мўтадил бўлади, жуда иссиқ ҳам, жуда совуқ ҳам бўлмайди;
  • Эрталаб қуёш қизариб, тоғарага ўхшаш, ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтаради. Сабаби ўша тун ва кунда кўп фаришталар ерга тушиб – чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини ҳам тўсиб қўяди.
  • Қадр кечасида ёмғир, қор ёғмайди, ёғса ҳам ўта майин ва ёқимли бўлади. Шўр сувлар чучук бўлади;
  • Дарахтлар шохларини ерга эгиб туради;
  • Ўша куни шайтонлар чиқишига йўл қўйилмайди.

Рамазони шарифнинг  барча кечаларида бедор бўлиб, ибодат бўлиб уриниш билан бирга йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор бериш керак.

                          “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  лайлатул қадр йигирма еттинчи кечададир” , дедилар.

                          Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган. Рамазону шарифнинг йигирма еттинчи кечасида  бедор бўлиб, аҳли аёлини  ҳам, ёру дўстларини ҳам ибодатга чорлаб туриш лозим. Аллоҳ таола ўша кечанинг барокатидан минг ойлик  ибодатнинг ажру савобидан кўра  яхшироқ  ажру савоб  беришидан  умидвор  бўлиш керак.

                          Ўша кечанинг  ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон таловати  ва тазарруъ дуолар фазлидан ўтган  гуноҳларни кечиришидан  умидвор  бўлиши керак. Бу ишни ҳар бир шахс,  ҳар бир оила, ҳар жамоа, ҳар бир қавм яхшилаб йўлга қўйиши керак.

                          Фазилатли ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Аммо уни шукуҳи дилларимизда қолаверади. Ойларнинг султони  қутлуғ Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин. Раҳмат ва мағфират ойи хуш келдинг. Қутлуғ ойда қилган дуоларимиз, солиҳ амалларимиз Аллоҳ даргоҳида ижобат бўлсин. Дастурхонимиз файзу барокатли,  юртимиз тинч , осмонимиз мусаффо бўлсин.

П.Бобожонов

                          Шовот тумани “ Қорри Эшон бобо” жоме масжиди имом- ҳатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *