ГЎЗАЛ АХЛОҚ ИСЛОМ АСОСИДИР

 Аллоҳ таоло инсонларнинг суратини гўзал шаклда яратиб қўйган. Бу гўзаллик инсонни Аллоҳ таоло яратган бошқа маҳлуқотларига қиёслаганда яққол намоён бўлади, агар инсон ўз сийратини ҳам, хулқини ҳам гўзал қилса, ҳақиқий комил инсон бўлади. Муҳаммад (сав)нинг ҳаётлари ҳар бир мўмин-мусулмон учун улкан тарбия мактабидир. У зоти шарифнинг ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан ҳар бир инсон албатта, бунга амин бўлмай чораси йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда:“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят) – деб, Муҳаммад (сав)ни барча мўмин-мусулмонларга намуна бўлишга энг лойиқ зот эканликларини баён қилган.Хушхулқ инсон доимо бахтиёр бўлади.

Маълумки, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгандир. Муқаддас динимизнинг ҳаётбахш ва ўлмас қадриятлари    мана ўн беш асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда.  Албатта, бу биринчи навбатда, биз уммати муҳаммадияни ўз динимизга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда бўлишига сабаб бўлса, иккинчидан, унинг таълимотларига чин ихлос билан амал қилмоқликка ундайди. Муқаддас динимиз хушхулқликка ва тотувликка рахна солувчи иккиюзламачилик, манманлик, ғийбат, ҳасад ва хиёнат каби иллатларни харом қилган. Хуш — хулқлик ва тотувликка хос ҳамма хислатларни тарғиб этади ва уларни ибодат санайди. Меҳр-шафқат, самимий муносабатлар хушхулқлик ва тотувликка етказувчи хислатлардир. Барчага меҳр-шафқат кўрсатиш, самимий муносабатда бўлиш суннатдир. Юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, муқаддас динимиз кўрсатмалари асосан, инсониятни гўзал ахлоқли бўлишга, бандага Аллоҳ таолонинг олдидаги ҳамда жамият олдидаги бурчу вазифаларини гўзал суратда адо этишга, инсонлар ўртасидаги муносабатларни самимий ва беғараз амалга оширишга тарғиб қилади. Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) буларнинг барчасида мўмин-мусулмонларга ўрнак кўрсатганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар: «Менга фарзларни адо этиш буюрилгани каби, инсонларга хушмуомалада бўлиш ҳам буюрилди… Инсонларга хушмуомалада бўлиш садақадир» деганлар. Сарвари коинот (сав) бутун оламларга пайғамбар бўлиб келган бўлсаларда, биринчи навбатда оддий бир инсон эдилар.

Оддий кишилар қатори еб-ичар, бозорга бориб эҳтиёжлари учун зарур бўлган нарсаларни ҳарид қилар эдилар. Айнан мана шу жиҳатлари ҳатто баъзи бир жоҳилларни ҳайратга солар эди. Яъни, пайғамбардек зотнинг бундай оддий инсонлар қиладиган ишлар билан машғул бўлиши уларни ажаблантирар эди. Бу ҳақда Қуръони каримда: “(Куфрда бўлганлар): “Бу қандай пайғамбарки, (оддий одамлардек) таом еса ва бозорларда юрса?! — дейдилар…” – деб хабар берилган (Фурқон сураси, 7-оят). Оиша онамиз (р.з.)дан ривоят қилинишича: “Расулуллоҳ (сав)га таом келтирилса, иштаҳалари тортса ер эдилар. Агар кўнгиллари тортмаса емасдилар, лекин таомнинг камчилигини айтиб айбламас эдилар” (Имом Муслим ривояти). Дарҳақиқат, яхши муомала ва самимий муносабат қалбларга севинч бағишлайди. Севгига тўла қалблар фақат яхшилик истайди. Ҳамсуҳбатингиз қалбига севинч тақдим этишингиз гуноҳларингиз кечирилишига сабаб бўлади. Бу Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг башоратларидир.

Пайғамбаримиз (сав) оила аҳллари билан хушмуомалада бўлар, уй юмушлари билан ҳам шуғулланар эдилар. Оиша (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) оила аҳллари билан ёлғиз қолганларида ўзларини қандай тутардилар” – деб сўрашганда, у киши:“Жуда мулойим муомала қилар, кулиб, табассум билан боқар эдилар. Шунингдек, оила аҳллари хизматида бўлар эдилар. Ҳеч ким У зотни саҳобалари орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрмаган” – деб жавоб берганлар.Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)-га «Менга насиҳат қилинг» деди. «қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқ» дедилар. «Яна кўпайтиринг», деди. «Ёмонлик орқасидан яхшилик қил, у ёмонликни ўчиради» дедилар. «Яна кўпайтиринг», деди. «Инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўл», дедилар.  Кўриниб турибдики, сарвари коинот пайғамбар бўлишларига қарамай оилага нисбатан зиммаларидаги бурчларини бекаму кўст адо этганлар. Уларнинг рўзғор юмушларига кўмаклашар, имкониятлари даражасида аҳли аёлларини нафақа билан таъминлар эдилар.

Баъзи бир оила раҳбарлари эса, иш ва тирикчиликни баҳона қилиб ёки тарки дунёчиликка берилиб оиласи, бола чақасини нафақа билан таъминлаш, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланишни унутиб қўймоқдалар. Албатта, бу мусулмончиликка тўғри келмайди. Ҳар бир нарсанинг, жумладан, ишнинг ҳам, ибодатнинг ҳам ўз вақти бор. Пайғамбаримиз (сав): “Ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этинг” – деганлар. Шундай экан, аҳли аёл ва фарзандларимиз нафақаси ва таълим тарбияси билан шуғулланишни ҳам унутмайлик. Оиша онамиз (рз.) яна:“Ҳусни хулқда пайғамбар (сав)дан ўтадиган ҳеч ким бўлмаган, зеро у зот қачон бирор кимса чақирганда доимо лаббай деб жавоб берар эдилар” – деганлар.Ушбу ҳадисдан Пайғамбаримиз (сав)нинг ҳушхулқликлари, У Зотга мурожаат қилган кимсага нисбатан ҳушмуомалада бўлишларини кўриш мумкин. Кўришганда саломлашиш, чақирганда лаббай дейиш, хайрлашганда эса, омонлик тилаш биз мўмин-мусулмонлар учун одатга айланмоғи керак. Зеро, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳил ва иноқликнинг зиёда бўлиши биринчи навбатда, ҳушмуомала ва ширин суҳанликка боғлиқдир.

Демак, инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўлиш — бу одамийлик зийнати экан. Шу хусусда Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан «Амалларнинг қай бири афзалроқ?» деб сўраганда, ул зот: «Чиройли хулқ», дедилар. Бошқа бир Ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ (с.а.в.) «Албатта, Аллоҳ таоло яратилишингизни чиройли қилиб қўйган кишиларсиз, энди хулқингизни ҳам чиройли қилинглар» дедилар.Азизлар, инсон илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм ва гўзал хулқ инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва мададкор жамият бахтли ва фаровон жамиятдир. Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг, яхшиларнинг сифатидир. Ёмон хулқлар заҳри қотилдир. Ёмон хулқлар ўз эгасини шайтоннинг йўлига ва обрўйини тўкадиган абадий хасталикка бошлайди. Шунинг учун хулқларимизда баъзи қалб касалликлари борлигини сезсак, ўша касалликни унинг зидди билан тезда муолажа қилишимиз зарур.

Масалан, бахилликни саховат, ғазабни ҳилм, жоҳилликни илм, кибрликни тавозеъ ва камтарлик билан даволаш керак. Меҳр-муҳаббат, ўзаро эҳтиром, саховат, ҳаё, етим ва муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш, ота-онани ҳурматлаш мусулмонларнинг ажралмас хулқидир. Бинобарин, муқаддас динимиз ҳуснихулқдир. Шундай экан, барча чиройли хулқларимизни тўла намоён қилайлик. Фарзандларимизни ҳам хушхулқ қилиб тарбиялайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни гўзал хулқ соҳиби бўлмоқлигимизни насиб қилсин!

  М.Ёқубов

Хонка туман “Сайид ота” масжиди бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *