Яхшиликни эслаш яхшиларнинг ишидир.

Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир.

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.

9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.

II жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди.

Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.

Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари сифатида эсланади, умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.

Аввало, марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлар ва хайрли амаллари эсланса, у жойга барака нозил бўлади. Суфён ибн Уяайна р.а. “Солиҳ кишилар эсланган вақтда Аллоҳ таолонинг раҳмати тушади” – дейди.

Яна марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлар ва хайрли амаллари эсланса, инсонларда бундай хайрли амаллар қилиш истаги ортади. Инсонда яхшиликка ҳаракат қилишга муҳаббат ҳосил бўлади.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” – дейдилар. (Имом Термизий ривояти).

Албатта, марҳумларни эслаш билан уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўралади. Фарзанд ва ҳар бир инсон ота – онасини ва бошқа қадрдон марҳумларни доимо яхши сифатлар билан эслаш унинг зимасидаги бурчидир.

Таъкидлаш лозимки, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой маданий–маърифий меросларини ўрганиб, уларни ҳозирги ҳаётимизга татбиқ этишимиз ҳозирги давр талабидир.

Хотираси инсонлар қалбида муқаддас сақланадиган одам, ўлимидан кейин ҳам барҳаёт бўлиб қолиш учун зарур ишни қилиб қўйган одамдир, дейишади. Хотира муқаддас деб шуни айтсалар керак.

Шукрки, она диёримиз дориломон кунларга етиб келди. Осмонимиз мусаффо, ҳуррият ва эрк шабадалари эсмоқда. Хонадонларимизда оналарнинг аллалари, фарзандларнинг шодон кулгуси, кексаларимизнинг дуою тилаклари янграб турибди. Ёшларимизга ўзлари хоҳлаган илмларни ва                касб-ҳунарларни эгаллашларига кенг имкониятлар яратиб берилган.             Инсонга бундан ортиқ яна нима керак?

Энди бизлар устозларимиз, боболаримиз таъкидлаганларидек,          ота-боболардан мерос мана шу табаррук тупроқни кўз қорачиғимиздек асрамоғимиз, тинчлик неъмати ҳеч қачон осонлик билан қўлга киритилмаслигини, унинг ортида қанчадан қанча жасур инсонларнинг заҳмати борлигини унутмаслигимиз, Ватан, халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиб, порлоқ келажаги учун астойдил ҳаракат қилишимиз, шу замин ва аждодларимизга муносиб бўлишимиз зарур.    

Урганч шахар Кўзли ота масжиди имом хатиби А. Матяқубов   

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *