МУСУЛМОНЛАРГА ЙЎНАЛТИРИЛГАН МИССИОНЕРЛИК ҲАРАКАТЛАРИ

Ўрта асрларда Ислом ўлкаларига қаратилган миссионерлик ҳаракатларида жуда муҳим нуқта бор эди. Насроний роҳиб ва сайёҳлар Ислом ўлкаларига сафар қилиб, уларнинг заиф томонларини ўрганишга киришганлар. Масалан, турли Ислом ўлкаларига саёҳат уюштирган Фабри ва Пилоти каби сайёҳларни айтиш мумкин. Булардан Пилоти насронийликни қабул қилганлар жуда яхши адолат ва эҳсонга сазовор бўлишини таъкидлаган. Яна бир миссионер Кеттонли Роберт эса Қуръонни бузиб таржима қилган. Арабча баҳс асарлар ғарбда кенг ёйилган.

Ислом ўлкаларига қаратилган шиддатли миссионерлик ҳаракатлари ғарбнинг мустамлакачилик юришлари билан ёндош ҳолда амалга оша борди. XVI асрдан бошлаб жизвитлар номи билан черковга боғланган миссионерлар гуруҳи Африка ўлкаларида, Ҳиндистонда, Узоқ Шарқ ва Ўрта Шарқда кескин ҳаракатларни амалга оширганлари кўзга ташланади. Хусусан, Испаниол-портекс ташвиқотига боғлиқ ҳолда учинчи дунё деб ҳисобланган ҳудудларда миссионерлик фаолиятлари шиддатли тусга кирган. Жануб ва Жанубий-шарқий Осиё билан Африкада уюштирилган ҳаракатларга Ҳиндистон, Хитой, Япониядаги ҳаракатлар ҳам қўшилди.

XVIII асрдан эътиборан бу ҳаракатларга турли протестант черковларига боғлиқ миссионерлар ҳам қўшилишди. Ҳенри Мартин «British East India» компаниясининг бир роҳиби сифатида 1810 йили Ўрта Шаркда фаолият кўрсатган илк протестант ҳисобланади. «Church Missionary Society of the Church of England» эса бир оз кейин Фаластинда иш бошлаган. «American Board of Commissioners for Foreign Missions» ташкилоти миссионерларнинг Ўрта Шарққа келишларини назорат қилган. Бу ташкилот аъзоларидан икки америкалик миссионер Л.Персонс ва П.Фиск 1820 йили Измирга жойлашиб, миссионерлик фаолиятларини юритишган.

Ислом ўлкаларига ва учинчи дунёга қаратилган бу ҳаракатларда миссионерлик ташкилотлари ва уларнинг аъзолари бу ҳудудлардаги мустамлака бошқарувлари билан яқин алоқада бўлишган.

Шу тариқа миссионерлар ташвиқот билан бирга сиёсий ишларга ҳам бош тиқишган. Масалан, XIX асрнинг бошларида Измирга келган америкалик миссионер Парсонс 1820 йили Измирдан ёзган бир мактубида Усмонли салтанати билан боғлиқ шу қайдларни битган: «Кўнглимда илоҳий ёрдам билан қудратли ва гуноҳкор императорликнинг тамоман вайрон бўлишини таъминловчи система қуришга кучли истак ҳис қиляпман. Буни кўриш орзуим…»

Миссионер ташкилотларининг Ислом ўлкаларидаги асосий нишони мусулмонлар ва бошқа бутун халқ эди. Аммо мусулмонларнинг ва бошқа маҳаллий ҳукмдорларнинг жиддий эътирози ва қаршилиги миссионерларнинг ишларини анча тўсиб қўйди. Шунга қарамай, миссионерлар Ислом ўлкаларида яшовчи баъзи халқларга таъсир ўтказишди. Бу ишда улар очган таълим муассасалари қўл келди. Бу таълим жамиятлари халқ орасида турли низолар чиқаришни ҳам кўзлар эди.

Сўнгги икки асрда турли йўл ва усулларда ҳаракатлар юритган миссионерлар исломий қадриятларга қарши нохуш тассуротлар уйғотишга интилишди. Масалан, Г.Пфандер ва З.Звемерлар бошлиқ миссионерларга оид нашрларнинг арабча, туркча, форсча нусхалари ушбу мақсадларга хизмат қилган.
Ушбу ёзма ташвиқот нашрларидан бири Пфандернинг XIX асрда ёзилган «Мезонул ҳақ»  асаридир. Бу асар ҳақоратли, масхараомуз фикрларга тўла китобдир. Бу каби асарлар турли тилларга ўгирилиб, исломий ўлкаларнинг ўзларига тарқатилди. Пфандернинг асарига Раҳматуллоҳ Қайрановий «Изҳорул ҳақ» номли асари билан жавоб берди.
Фақат XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ғарб давлатларидаги сиёсий, ҳарбий кучларнинг дунёвий ҳукмронликларини орттириб боришлари ва ҳарбий кучлари билан миссионер ташкилотлари ўртасидаги яқин алоқалар уларнинг янгидан «ҳужум»га ўтишларига имкон берди. Шу зайлда миссионер ташкилотлари, халқаро беминнат ёрдам ташкилотлари, иқтисодий ташкилотлар ва бошқа номлар билан ўзларини ниқоблаб, мусулмонларга қарши миссионерлик фаолиятларини юрита бошладилар.
Бугунги кунда черковларга боғлиқ мингларча миссионер ташкилотлари билан бирга юзларча мустақил миссионерлар дунёнинг турли бурчакларида ўз ҳаракатларини юритишмоқда.

Баъзи ҳудудларда улар ўзаро ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Аммо баъзида (Африканинг айрим жойларида) бир-бирига рақиблик ҳоллари ҳам учрайди. Шундай рақиблик туфайли тарих 1990 йили Руандада бўлган қатлиомдаги каби шиддатли тўқнашувларга ҳам гувоҳ бўлди.

«Бутун дунёни Инжил хабарлари руҳида тарбиялаш» шиори билан йўлга чиққан  Америка ва инглиз ташвиқотчилари, айниқса, XX асрнинг сўнгги чорагидан бошлаб дунёга таъсир қилувчи янги дунё тартиботи ва минтақалашувини амалга ошириш учун ижтимоий ва сиёсий шароитлардан ҳам фойдаланишяпти. Ушбу ҳаракатлар дунёнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни бошдан кечираётган ёки АҚШ ҳамда ғарбий Оврупанинг ҳарбий ва маданий таъсири остида бўлган ўлкаларда кўпроқ амалга оширилмоқда. Шу тариқа Ўрта Шарқ ўлкалари билан бир қаторда Болқонда, Кавказ ўлкаларида, Ўрта Осиёда, Туркияда миссионерлик ҳаракатлари кучаймоқда.
Насроний миссионерлиги манбаи «Янги аҳд»дир. У ўзини замонга мослаб, шу услубларини муттасил янгиламоқда. Ғарб ўлкаларида муайян бош черков ёки мустақил миссионер гуруҳларга боғлиқ миссионерлик таълим-тарбия муассасалари изланишлар олиб боришяпти. Янги-янги миссионерларни етиштиряпти. Уюшган таълим услубига қўшимча миссионер шахслар ва гуруҳлар кўринишида тарқоқ таълим ҳам йўлга қўйилган.

Мамлакатни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш. Оқибатда эса муҳим геосиёсий нуқтада жойлашган юртимизнинг моддий ва маънавий имкониятларидан эркин фойдаланиш. Мана улар кўзлаган мақсад!

Асл мақсадлари баъзи ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтириб, келажакда гўё уларнинг хоҳиш-иродаси ва кайфиятлари сифатида бузғунчилик ғалаёнларини чиқариш ва оқибатда мамлакатни парчалаб ташлаш. Бунга тарихдан мисоллар жуда кўп, миссионерларнинг бундай «жонкуярликлари, ғамхўрликлари» ортига «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш», «Виждон эркинлигини таъминлаш» номи остига беркитилган ҳийлалари яширинган.

XXI аср бошида миссионерлик ҳақиқатан ҳам ўзига хос хусусиятлар касб этмоқда Энг аввало, миссионерлар конкрет мамлакатлардаги ижтимоий-иқгисодий вазиятдан ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишда унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётганликларини таъкидлаш зарур. Бунда боқувчисини йўқотган болалар, қаровчисиз қолган қариялар ҳамда ногиронлар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотлар ва муассасаларга хайрия ёрдамларини кўрсатиш, аҳолининг ночор қатламларини моддий қуллаб-қувватлаш ва мухтожларни озиқ-овқат билан таъминлаш, уларга тиббий ёрдамни ташкил этиш орқали ўз қарашлари ва ҳаракатларига хайрихоҳликни уйғотишга интилмокдалар.

Миссионерларнинг турли давлатлар, жумладан, Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида олиб бораётган амалиёти тахлили христианликни тарғиб қилишда махсус адабиётлар, аудио ва видеокассеталарни маҳаллий тилларда тайёрлаш ва бепул тарқатиш, масиҳийликка даъват ғоялари билан суғорилган махсус газета ва журналларни нашр қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилаётганини кўрсатади.

Миссионерлар замонавий техника ва технология, оммавий ахборот ва коммуникация воситалари имкониятларидан ҳам самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Турли давлатлар ва минтақаларда иш юритаётган миссионерлар интернет тармоғи орқали ўз фаолиятларини мувофиқлаштираётгани, молиявий маблағларни бемалол у мамлакатдан бу мамлакатга ўтказаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш учун асос бўлади. Бундай йўл билан миссионерлар ва уларнинг ҳомийлари у ёки бу давлатдаги диний мувозанатни издан чиқариш, сохта инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш баҳонасида ўз таъсир доираларини кенгайтиришга интилмокдалар.

Миссионерлар мамлакатимиздаги вазиятга мослашган ҳолда ўз ҳаракатларини ташкил қилишга уринаётганликларини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Жумладан, христиан диний ташкилотларида ибодатларни ўзбек ва бошқа маҳаллий тилларда олиб бориш, махсус диний адабиётларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш йўлидаги ҳаракатлар батамом тўхтади, деб бўлмайди. Хусусан кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, биринчи галда «Иегов гувоҳлари» диний гашкилоти вакиллари ўз миссионерлик фаолиятларини шу тарзда олиб боришни давом эттиришга уринмокдалар. Масалан, 2006 йилнинг сентябрь ойидан эътиборан черковнинг энг асосий нашрларидан бири бўлган «Сторожевая башня» журнали «Қўриқчи минораси» номи остида илк марта ўзбек тилида босмадан чикди ва турли ноқонуний йўллар билан республккамизга олиб киришга харакат қилинмоқда. Айни пайтда, улар уйма-уй юриб, очикдан-очиқ ўз динларига даъват қилишга, гўёки фақат уларнинг динлари ҳақиқийлиги, бошқа динлар эса ботил экани ҳақидаги ғояни сингдиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Миссионерлар асосий эътиборни аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар. Шунингдек, кар-соқовлар, ногиронлар орасида фаол иш олиб боришга ҳаракат қилиш ҳам тез-тез кузатилмоқца. Шу билан бирга, зиёлиларнинг турли қатламлари вакиллари — ўқитувчилар, врачлар, санъаткорлар орасида тарғиботни кучайтиришга интилиши ҳам мавжудлигини таъкидлаш зарур. Афсуски, бундай тарғиботга эргашаётган ва келиб чиқиши мусулмон бўлган фуқаролар ҳам кам бўлсада борлигини қайд этиш лозим.

Прозелитизм иллатининг баъзи бир нохуш натижаларини келтириш мумкин: бир қанча вақт ислом динида юриб, кейин христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда, жасадларини мусулмон қабристонига қўйиш муаммо туғдирмоқда. Сабаби, майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламайдилар. Мусулмонлар эса, христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга дафн этилишини ҳақорат деб биладилар. Натижада келишмовчиликлар келиб чиқади.

Шундай экан, хушёр бўлишимиз, лоқайдликка берилмаслигимиз керак бўлади, чунки «Ватан», «Миллат», «Имон-эътиқод» муқаддас тушунчалардир. Уни хеч нарсага алмаштириб бўлмайди. Миссионерлик республикамиз аҳолиси тинчлиги ва осойишталиги учун тахдид эканини чуқур англаш, унинг олдини олиш ҳамда қарши кураш бўйича тизимли ва тадрижий ишларни олиб бориш ҳар бир фуқаронинг миллат ва Ватан олдидаги муқаддас бурчи ҳисобланади.

М.Хабибуллаев

Гурлан туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *