ТАКФИР ТУШУНЧАСИ ТЎҒРИСИДА БИЛАМИЗМИ

Минг афсуски, ўта нозик ва ҳассослик билан ёндашиш талаб этиладиган “такфир”, “жиҳод”, “шаҳидлик”, “мазҳабсизлик”, “халифалик” каби тушунчаларни турли диний экстремистик оқим аъзолари чаласавод кимсаларнинг фатволарига таянган ҳолда ғаразли ниятларда талқин этишмоқда. Бундай нотўғри талқин одамлар онгини бузиб, уларнинг иддаоларига эргашмаганларга нисбатан уруш, қон тўкиш, зулм ўтказишга сабаб бўлмоқда.

Ҳозирда баъзи гуруҳ ёки шахслар томонидан “ўз-ўзини ўлдириш” тушунчаси шаҳидлик деб нотўғри талқин қилинмоқда. Аслида бу ҳаракатлар ҳам шахснинг ўз ҳаётига тажовуз қилиши бўлиб, Қуръон ва Суннатга кўра ўз жонига суиқасд қилиш ҳисобланади. Дунёнинг баъзи давлатларида ҳокимиятга эришиш учун ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчи кучлар томонидан мусулмон шахснинг маълум мақсадлар йўлида “ўзини-ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишдир. Ислом уламолари томонидан мазкур “кучлар”нинг ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далиллари қораланган ва асоссиз деб топилган. Қадимги фақиҳлар азобланиш ёки асирга тушишдан қутулиш учун ўзини-ўзи ўлдириш ҳаромлиги ҳақида иттифоқ қилишган. Ибн Хазм айтадилар: “Фуқаҳолар шахсни ўзини-ўзи ўлдириши, аъзоларидан бирортасини кесиши, айниқса, кесса оғриғи ҳаёт учун жуда ҳам хавфли бўладиган аъзосини кесиб даволамасдан ўзини-ўзи қийнаши ҳалол эмаслигига иттифоқ қилишган”.

Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар “Хавориж” фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, исломдан чиқади”, – деди. Бора-бора “Хавориж”ларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган иши бўлмай қолди. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик исломга катта зарар етказган куч бўлмаганини таъкидлайдилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам “Хавориж” фирқасининг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғамлари” йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар. Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарига кўра, “Ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг учдан иккиси мушрик ва кофир бўлиб кетган” (Аллоҳ асрасин!).  Буларнинг бу “фатвоси”нинг пуч экани Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги  “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз” деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.

Мусулмонни кофир санашдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва Суннада бировларни ко­фирга чиқаришдан қайтарилади. Аллоҳ таоло бун­дай дейди:

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) киши­га бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутин­гиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан ха­бардордир» (Нисо, 94). Бир неча саҳобалар Мадина ташқарисига чиққанларида бир гуруҳ мушрикларга дуч келадилар. Саҳобалардан қўрқиб тарқаб кетишганда, Мирдос исмли мушрик қолиб, уларга салом беради ва Имон калимасини айтади. Шунга қарамай, уни ўлдириб, нарсаларини ўлжа қилиб келтирган Зайд (ёки Миқдод)ни Расул алайҳиссалом қаттиқ койийдилар.

Оятда мушриклар ичида ҳам пинҳона имон келтирган, лекин уни ошкор қилишга қулай фурсат топа олмай юрганлар ҳам бўлган. Мўмин эканини изҳор қилган пайтда кофирликда айбламаслик зарурлиги таъкидланмоқда.

Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Агар киши биродарига “Эй кофир”, деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади». Абу Заррдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бун­дай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир, деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”. Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, қибла аҳли бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик керак. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) қибла аҳлларидан би­рор кишини кофирга ҳукм қилмаганлар.

Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳурматли бўлиши лозим. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видо ҳажидаайтган ушбу гаплари буни тасдиқлайди: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳрингиз каби муҳаррамдир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга ет­казсин”.

Халифа Али (розияллоҳу анҳу) даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси такфир тушунчасини ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўллаган. Улар олдин ҳазрат Алининг (розияллоҳу анҳу) ашаддий тарафдорлари эдилар. “Сиффийн” жангидан сўнг ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, ҳазрат Алига ва Муовияга қарши баробар кураш бошлашган.

Хорижийлар қурол ишлатиш билан ўз эътиқодини ёйиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилишади. Улар мусулмонларни ўлдиришни ҳалол са­нашган. “Жамал воқеаси” иштирокчилари, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо каби саҳобаларни ҳам куфрда айблашади. Катта гуноҳ қилган ки­шини кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Хорижийларнинг такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ҳаётига ҳам тажовуз қилинган.

Ислом уламолари хорижийларнинг катта гуноҳга оид даъволарини таҳлил этиб, уларнинг гаплари исломий тушунчалардан жуда йироқ эканини таъ­кидлашади. Ислом тарихида хорижийлар қўллаган услуб бугун ҳам жиҳодий жамоалар мафкурасида да­вом эттириляпти. Улар ўзларига эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблашади. 2005 йил июл ойида Оммон (Иордания) шаҳрида Ислом ола­ми етакчи уламолари қабул қилган фатвода: “Тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш жоиз эмас”, деб эълон қилинган.

Шайх Юсуф Қарзовий мусулмонни кофирга чиқариш ҳақидаги саволга бундай жавоб беради: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг Расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, мусулмондир. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши лозим”.

                                                                       А.Рахимов

Ҳазорасп тумани “Сулаймон Боқирғоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *