ПАНДЕМИЯ ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИШ

Бугунги кунда мамлакатимизга COVID-19 хавф солиб турибди. Бу дардни енгишга халқимиз, айниқса фидойи шифокорлар, ички ишлар ҳодимлари ва бир қатор вазирлик ва ташкилотлар биргалашиб ҳаракат қилмоқда. Баъзи фидойи фуқароларимиз ҳам «Биздан қандай ёрдам, домла биз қандай ёрдам бера оламиз? Ахир, қўл қовуштириб ўтира олмаймиз­ку!», -деган мазмундаги кўп саволлар билан мурожаат қилишмоқда. Албатта, бундан хурсандмиз, чунки фуқароларимиз мамлакатимизда бўлаётган воқеа­ҳодисаларга бефарқлик ва лоқайдлик назари билан эмас балки барчалари фидойилик назари билан қарамоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда «Яримта хурмо садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақлангин»,­ деб марҳамат қилганлар.

Кўпгина юртдошларимиз оилавий ҳаражатларидан, тижоратларидан орттириб эҳсонлар қилмоқдалар. Аллоҳ таоло уларнинг ажру савобларини улуғ қилиб берсин.

Биз фуқаролар барчамиз карантин қоидаларига амал қилиб, уйда қолиб, тозаликка эътибор қаратишимиз лозим. Бугун баъзи бир юртдошларимизнинг қалтис вазиятда кўчада юрганлари акс эттирилган видеоларни жойлаётганларини ижтимоий тармоқларда кўриб турибмиз. Албатта, бундай ҳолатлар ҳукуматимиз эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Халқ бошига мусибат етган пайтда бундай ўзбошимчаликка йўл қўяётган фуқароларимизга нисбатан қонунда кўрсатилган тартибда жазолар тайинланмоқда. Биз бундай вазиятда кўчага чиқиб ўзимизни кўз­кўз қилиб, ҳеч ким йўқ, биз юрибмиз, мазмундаги гапларни айтмай, ҳукуматимиз қабул қилган қонун-қоидаларга амал қилсалар иншаАллоҳ жуда катта савобга ҳам эга бўладилар.

Аллоҳ таоло бошлиқларга итоат этиш борасида Қуръони каримнинг Нисо сураси 59- оятида шундай марҳамат қилади:

«Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир».

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Қоқилмагунча ҳалийм бўлмас. Тажриба кўрмагунча ҳакийм бўлмас»

Бошимиз узра турган бу балодан қайғуга ботмайлик, аксинча яхшиликни, ҳикматни қидирайлик. Келган бу вабо сабабидан карантинда уйимиздамиз.

Карантин бу, сизу биз учун кўзимизнинг нури бўлган азиз фарзандларимизга меҳримизни улашиш учун, таълим-тарбияси билан шуғулланиш учун, диний ва дунёвий билимларини ўзлаштиришини шахсан назорат қилиш учун берилга фурсатдир.

Ҳа азизлар, авваллари оила, бола чақа деб уларни келажагини ўйлаб, ширин ташвиш, ҳойу-хавасларни деб, оиламизга меҳр беришга вақтимизни қизғондик. Ахир улардан шунчалар узоқлашдикки, бўйи етиб ёши йигирмадан ўтган хаттоки ўттизга кирган фарзанларимиз, мусулмоннинг ёш гўдаклари билиши керак бўлган «мусулмонмисан?, ғусулда нечта шартбор?, ўзи ғусл нима?» каби энг оддий бўлган саволларга кўпчилиги жавоб беролмайдиган бўлиб қолишди.

Энди вақтимиз бор озгина тин олиб, бошқа ташвишларни четга суриб, фарзандларимиз билан шуғулланиб ота-оналик бурчларимизни адо этайлик.

Бир уйда яшаб бошимизда давлат бўлган ота-оналаримизга, бола-чақа деб озгина вақтимизни ажратолмас эдик.

Карантин бу, сизу биз учун ота-онамизга меҳримизни бериб дуосини олиш, оиламизга турмуш ўртоғимизга ёрдамлашиш, фарзандларимиз таълим-тарбияси, илм олиши, уларнинг қизиқишлари билан шуғулланишга вақтимизни сарфлаш учун берилган фурсатдир.

Карантин бу, сизу биз учун яшаб ўтган ҳаётимизга назар солиб, қилган хато ва гуноҳларимизга Аллоҳга астойдил ёлвориб тавба қилишга, берган неъматларига шукур айтишга, тафаккур қилишга, китоб ўқиб илмимизни оширишга, маънавиятимизни юксалтиришга берилган фурсатдир.

Аллоҳ таолодан намозларимизда дуо қилиб сўрайлик, истиғфор айтайлик, бу мусибатни бошимиздан тезроқ аритсин. Умримизга ризқимизга Аллоҳ таоло барака берсин.

                                                           Ғ.Бабажанов

Тупроққалъа тумани “Султон Санжар Мозий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *