ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

 Муборак Рамазон ойида шундай кеча борки, у Қуръони Каримда “Минг ойдан афзал” дея таърифланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг бошқа кунларидан кўра сўнгги ўн кечаю кундузда тоат-ибодатга қаттиқ киришганлар.

Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қадр кечасини Рамазоннинг сўнгги ўн кунлиги ичидаги тоқ сонли кунлардан излаш ҳақида ҳадис ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қадр кечасини фазилатига ишонган ҳолда ва савобини фақат Аллоҳдан истаб тоат-ибодат билан ўтказса, олдинги гуноҳлари кечирилади” дея марҳамат қиладилар.

(Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Бухорий, Муслим)

Бу муборак кечани муносиб тарзда, Аллоҳ рози бўладиган солиҳ амаллар билан ўтказиш учун айрим тавсияларимизни сиз билан бўлишишни лозим кўрдик.

«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида тушурдик. Қадр кечаси қандоқ нарса эканини сенга нима билдирур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни ила барча иш билан тушурлар. У то тонггача салом (тинчлик) бўлиб турур», деган (Қадр. 1-5).

Сураи кариманинг номи ҳам биринчи оятдаги «Қадр» калимасидан олинган, тўғрироғи «Лайлатул Қадр»дан олинган.

Бу муборак кеча икки хил маънода «қадр» деб аталади. Биринчиси қадр, яъни қадри улуғ, иккинчиси қадар, яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир.
Чунки Лайлатул Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Лайлатул Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Лайлатул Қадр кечасига бағишлангандир.

Барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунлар, дастурлар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар бу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, арақхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганча қилишга қулай фурсат топадилар.
Исломда эса, байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш «Лайлатул Қадр» кечаси шулардан биттаси.

Чунки худди шу кечада Қуръони карим нозил этила бошлаган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкони бор. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун ҳам бу кечада бедор бўлиб, ухламасдан ибодат қилинади.

«Қадр» сурасида Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзи берган улкан неъмат — уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони каримни нозил қилганини эслатиши бежиз эмас.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар». Бешовлари ривоят қилган.

Термизийнинг лафзида: «Охирги ўнликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилар эдилар», дейилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазоннинг охирги ўн кечасида белни маҳкам боғлаб, тунни бедор ўтказишлари, аҳли аёлларини ҳам уйғотиб, ибодатга чорлашлари, ўша кечаларнинг фазли улуғлигидан, уларнинг ичида Лайлатул Қадр борлигидандир.

Биз ҳам ўз севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, мазкур кечаларда астойдил бўлиб, бедорлик билан ибодат қилишимиз, аҳли аёл ва атбоъларимизни ҳам Рамазоннинг охирги ўн кечаси ибодатига чорлаб, уларни ҳам хайру барака ва савобдан баҳраманд бўлишга даъват қилишимиз керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва:

«Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

 Пайғамбар алайҳиссаломнинг мазкур ўн кунликда эътикоф ўтиришлари уларда Лайлатул Қадр борлиги учундир. Чунки ўн кечаю кундуз узлуксиз масжидда эътикоф ўтирган одам Лайлатул Қадрни топиши муқаррар.

Шунинг учун ҳам ҳозирда аҳли солиҳ кишилар доимо Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришга ҳаракат қиладилар. Имкони бор ҳар бир киши бу ишни қилса, жуда ҳам яхши бўлади.

Ривоятларда келишича, Пайғамбари­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечасини изламоқчи бўлиб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирдилар. Шунда тушларида у тун Рамазоннинг охирги ўн кунлигида экани, ўша кечанинг аломати ўлароқ у зот тонгда лой ҳамда сувга сажда қилишларини кўрдилар. Буни кишиларга айтиб, уларни ҳам эътикоф ўтиришга чорладилар. Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавиянинг томи хурмо шохлари билан ёпилганидан, деярли ёмғирнинг кўп қисми масжид ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак пешона ва бурунлари учига лой ҳамда сув тегди. Шунда саҳобалар дарҳол Лайлатул қадр аломатини эсладилар. Ўшанда Рамазоннинг йигирма биринчи кечаси эди. Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Менга Лайлатул қадр кўрсатилди. Сўнгра хотирамдан кўтарилди. Менимча, ўша кечанинг тонгида лой ва сувга сажда қилсам керак», дедилар. Шунда Рамазоннинг йигирма учинчи кечасида ёмғир қўйди».

Уламолар Лайлатул қадр ҳар йили кўчиб юради, бир йил у кечада, кейинги йил бу кечада, деганлар. Шу эътибордан, у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат билан ўтказса, албатта, уни топади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни бу улуғ онларнинг файзу баракотидан насибадор қилсин, дуоларимизни ижобат айласин, гуноҳларимизни афв этсин, тавбаларимизни қабул қилсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан бутун дунёга, айниқса, юртимизга тинчлик-хотиржамликни бардавом айласин.

                                                                       А.Матяқубов

Урганч шахар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *