ОГОХЛИК ТУРЛИ ХИЛ ФИТНАЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИГАН ОМИЛДИР

Бугун биз ҳаёт суръати беқиёс даражада тезлашган шундай замонда яшаяпмизки, инсоният ҳозирга қадар бундай даврни бошидан кечирган эмас. Ҳозирги замонда мафкуравий хатарлар тоборо кучайиб бормоқда.

Бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва хушёр бўлишимиз зарур, акс ҳолда жамиятда ўнглаб бўлмас, тараққиётдан бир неча ўнлаб йиллар ортда қолишга сабаб бўладиган маънавий, сиёсий ва иқтисодий муаммолар келиб чиқиши мумкин.
Маълумки, мусулмон кишининг энг муҳим хусусиятларидан бир ҳам хушёрлик ва огоҳлик ҳисобланади. У қўни-қўшни, дўст-биродар ҳамда қариндошлар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради. Бефарқлик, лоқайдлик, эътиборсизлик мусулмон кишига ёт тушунчадир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Мусулмонлар бир жасад кабидир, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолганларини иситма олади”. Бу ҳадисда бир жамиятда яшаётган мўмин-мусулмонлар гўё бир тан-у бир жон экани, шу жамиятдаги муаммо унинг ҳар бир аъзосига алоқадор эканлиги айтилмоқда. Шунингдек, бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Мусулмон киши ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисини оч ҳолда қолдирмайди”. Демак, мусулмон киши қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради дегани эмасми?

Хушёрлик ва огоҳликка зид тушунча лоқайдлик, бепарволикдир. Бу иллат ҳақида “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида донишмандлардан бирининг фикрини келтиради: “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамдан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”. Тўғри, душман қотиллиги, дўст хиёнати – бу оғир мусибат, катта йўқотиш, аммо бепарво ва лоқайдликнинг зарари олдида ҳеч нарса эмас. Чунки лоқайдликнинг зарари кўпчиликка, жамиятга бўлади.
Мусулмон киши бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва бетараф қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшамайди. Кимдир нотўғри, ёмон иш қилаётганини ёки ахлоқсизлик қилиб, беҳаё ва бепарда гапларни айтаётганини ёки бировнинг бошқасига зулм, адолатсизлик қилаётганини кўриб ёки эшитиб, индамай кетавермайди. Балки уни қайтаради, тўғрилик билан тушунтиради, тушунмаса, тушунтириб қўядиганларга хабар беради. Чунки у бу ишларни ўзи қилмасада, у яшаётган жамиятда қилинаётганлигини ва бу ишлар унга салбий таъсир этишини, гуноҳкор бўлишини аниқ билади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) дедилар:“Аллоҳ ман қилган нарсалардан сақланувчи ва уни тортинмай қилиб юрувчининг мисоли худди бир жамоага ўхшайди. Улар кемани минишда қуръа ташлашади. Баъзилари ҳиссасига тепа қисми ва баъзиларига паст қисми тушади. Паст қисмидагилар сув олиш учун тепадагилар олдидан ўтадилар. (Бундан озорланиб) «Агар биз сувдан ўз насибамизни олиш учун пастдан тешиб олсак, тепамиздагиларга озор бермас эдик», дейишарди. Агар тепадагилар пастдагилар хоҳлаган нарсани шундайича қўйиб қўйсалар, барчалари ҳалок бўлишади. Агар уларни бу фикрларидан тўхтатишса, ўзлари ҳам, қолганлари ҳам нажот топишади”.
Шунингдек, огох ва хушёр бўлиш турли хил фитналарнинг хам олдини олишга сабабчи бўлади. Фитна эса жудаям хатарли омилдир.

Фитнанинг энг улкани бу Аллоҳ таолонинг китоби ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларига хилоф ишларнинг вужудга келиши ҳисобланади. Масалан Сурияда террорчилар томонидан содир бўлаётган ҳужумлар, оммавий қатллар, масжид ва бошқа дин вакилларнинг ибодатхоналарни вайрон этиш, озчилик миллатларни таъқибга олиш ва бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш каби ваҳшиликлар фитнадан бошқа нарса эмас. Шунинг учун барча мусулмонлар фитналардан сақланиб Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралардан чиқмасликлари лозим. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: (Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар”, (Шуро сураси, 151-152-оят).

Инсон турли фитна, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, одамлар ўртасида тафриқа солиш, ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий ишлардан ўзини тиймоғи керак. Мамлакатимизда  яшовчи барча халқлар бир-бирлари билан тинч-тотув яшашга интилиши лозим. Расулуллоҳ (с.а.в.) умматларини бошларига келадиган фитналардан огоҳлантириб, нимага амал қилишлари ҳақида хабар берганлар:  “Фитна ухлаб ётган бир нарсадир. Кимки уни уйғотиб юборса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”. Демак, Аллоҳ таоло Ўз ҳабибига умматларининг қиёмат кунига қадар дуч келишлари мумкин бўлган кўплаб фитналар ҳақида хабар берган ва улардан огоҳлантирган.

 Инсон маҳалла ичидаги насиҳат қилувчиларга, улуғларга ва масъулларга яқин бўлиб, улар атрофида парвона бўлиб,  улардан асло ажрамаслиги лозим бўлади. Бу ҳақда Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: “Барака улуғларингиз билан биргадир”, (Ҳоким ривояти).  “Ким жамоатдан бир қарич ажралиб чиқиб вафот этса, жоҳилият ўлимини топган бўлади”, (аш-Шиҳоб ал Қузоъий ривояти).

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур.

Бугун инсоният ғоявий урушлар, маънавий зиддиятлар, дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган бир вазиятда яшаяпти. Ҳозир зулм, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Инсонлар бундай шароитларда ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари керак. Чунки ҳар бир фитна ортида ғаразли мақсадлар борлигини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ. Бундай фитналардан мамлакатимиз мусулмонлари ҳам ниҳоятда огоҳ бўлишлари лозим.

                                                                       Х.Юсупов

Урганч туман “Жон Хараш бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *