ЗИЙРАКЛИК ВА ФАРОСАТ МЎМИННИНГ СИФАТИДИР

Маълумки динимиз   мўмин инсондан зийрак фаросатли бўлишга чақиради. 

  Мусулмон киши маҳкам ушлаши  лозим бўлган гўзал ҳислатлардан бири зийраклик ва ҳушёрлик бўлиб, бу инсон учун берилган улкан  неъматлардан биридир. Чунки инсон ҳаётида турли хил воқеа ва ҳодисаларга дуч келади. Агар мўмин киши керакли жойда хушёр ва закий бўлмас экан, бошига турли хил фитналар, кўнгилсизликлар келиши мумкин.   

Бугун бутун  дунё халқлари орасида турли туман ахборот ва маълумотлар аралашиб кетганини кўряпмиз. Лекин бу маълумотларнинг кўпи ёлғон ва  кимларнингдир ўз ғаразли мақсадлари йўлида тарқатилаётган хабарлар эканлигини ҳамма ҳам билавермаса керак. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча оятларда мўминларни хушёрликка ва зийракликка чақирган. Хусусан, Хужурот сурасининг 6-оятида: “Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ одам хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. 

Ушбу оятда Аллоҳ таоло очиқ ойдин эшитган гапига амал қилишдан олдин уни текширишга ва хабарнинг хақиқатини аниқлашга буюрмоқда. Демак, эшитган ёки ўқиган хабарни текшириш инсон ихтиёридаги нарса эмас, балки, Аллоҳ таолонинг қатъий буйруғидир.

Юқорида таъкидлангинидай бугун биз яшаб турган жамиятда инсонлар, хусусан мусулмонлар ҳар қайси даврдан кўра кўпроқ ҳушёр, зукко ва огоҳ бўлишга мажбур. Чунки, ахборот алмашуви шу қадар тезлашиб кетдики, бир дегунча дунёнинг у четидаги хабар, бошқа четидаги инсонларга етиб бормоқда. Улар ичида жудаям кўп хабарлар асоссиз ва уйдирмалар маҳсули эканлиги фош бўлган пайтда хабар тарқалган, у сабаб қанчадан-қанча кишилар мусибатга ва таъналарга учраган, мўминлар орасига ишончсизлик, ҳурматсизлик ва адоват тушган бўлмоқда. Демак,ушбу ҳодисалардан билинадики, Роббимизнинг ушбу буйруғига амал қилишга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ муҳтожмиз. Чунки, ахборот алмашинувининг тезлашиб кетиши, глобаллашув даврининг ибз санаб саноғига етолмаган кашфиётлари бизни Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунишдан озод қилолмайди.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали кўпгина асосиз маълумотлар тарқатилиши оқибатида,баъзи ёшларимиз ғаразли мақсадни кўзлаган бузғунчи оқимлар тасирига тушиб қолмоқда.

Афсуски ота оналарнинг кўпчилиги фарзандларининг ижтимоий тармоқлар орқали кимлар билан маълумот алмашаётганидан бехабар ёки бепарво.

Шуни яхши билишимиз керакки ҳар қандай суҳбат яхши бўлсин ёки ёмон таъсир қилувчидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларининг бирида:  “Суҳбат таъсир қилгувчидир” дея марҳамат қилганлар. 

     Ижтимоий тармоқларга ўрнашиб олган мунофиқлар ва ғаламис кимсалар ўта эҳтиёткорлик билан сўз ўйини қилмоқдалар. Мусулмонларни фитналанишига ва тафриқасига сабаб бўладиган айрим постлар ва изоҳларни ёзиб қолдириш билан, кишилар оғзидан чиқиб кетадиган қўпол сўзларни, жазога сабаб бўладиган муомала ва изоҳларни пойлаб ўтирибдилар. Вақти келиб, узун ташланган арқонлар тортилганда, ғалвирлар сувдан кўтарилганда эса, жазога тортилганлар айнан содда,  мусулмонлар бўлиб қолиши мумкин.

Ҳулоса қиладиган бўлсак мўмин киши ўткир фаҳм фаросат эгаси бўлиши лозим. Бир гапни эшитганимизда ёки ҳодисага гувоҳ бўлганимизда, бирор маълумот ўқиганимизда тафсилот ва воқеъликни аниқ билмагунимизча хулоса қилишга ва муносабат билдиришга шошилмаслик керак. Чунки Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Қ.Искандаров.

Боғот тумани  “Абдол бобо” масжиди имом хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *