МЕХР-ОҚИБАТ ХАЛҚИМИЗГА ҲОС ФАЗИЛАТ

Меҳр бу инсоннинг юксак туйғуларидан биридир. Шарқ фалсафасида раҳм – шафқат, мурувват, одамийлик каби фазилатлар доимо улуғланиб, мадҳ этилиб келинган. Одамийлик – бу кишининг бошқа одамларга, уруғ – аймоғига меҳр-шафқат кўрсатиши, яхшилик қилишини, инсонпарварлик муносабатларида бўлишини тақозо этадиган фазилатдир. Меҳр ва мурувват – инсонийликнинг ажралмас белгиларидир. Меҳр тушунчасига муҳаббат, садоқат, оқибат каби тушунчалар ҳамоҳанг бўлиб, буларнинг ҳар бирида халқ донишмандлиги ва миллий қадриятлар ўз ифодасини топган. Мурувват эса саховат ва раҳмдил, ўзгаларга шафқатли бўлишни, қўли очиқлик ва бағрикенгликни ҳам англатади.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қиладиларки:«Эй Уқба, сенга дунё ва охират аҳллари ахлоқларининг афзалларидан хабар берайми? Ким сен билан силаи раҳмни узган бўлса, сен уни боғлайсан, ким сени бир нарсадан маҳрум қилган бўлса, унга ўшани берасан ва ким сенга зулм қилган бўлса, афв қиласан». 

Абу Наср Фаробийнинг «Фозил одамлар шаҳри» асаридаги меҳрли бўлиш, инсонпарвар бўлиш борасидаги ғояларини ёшлар онгига сингдириш инсоний фазилатдир. Чунки, Форобий фозил шаҳарни орзу қилиб, бу шаҳарда ҳамма кишилар меҳр-мурувватли, бошқа кишиларни иззат қиладиган инсонпарвар одамлар эканлигини кўрсатиб ўтади. Алишер Навоий ўзининг «Вақфия» асарида инсон улкан иззат ва ҳурмат тўғрисида сўз юритади. Асарда кўрсатилишича бошқаларга меҳр кўрсатиш инсоннинг энг олий фазилатларидан биридир. Навоий меҳрсиз, мурувватсиз кишини ҳайвонга тенглаштиради. Навоий фикрича инсон бутун коинотнинг дуру-гавҳари, марказий сиймоси, бутун мавжудотнинг тожи, ҳаётнинг гулидир. Дунёдаги барча яхши нарсалар, жамийки неъматлар инсон учун, унинг бахт-саодати учун яратилган, буларнинг бари инсонга хизмат қилмоғи керак. Навоий фикрича оламда инсондан қудратли, ундан муҳимроқ салоҳият йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Шундай экан, ҳар бир инсон ўзини ҳурмат қилиш билан бирга, бошқа инсонларни ҳам оламнинг дуру-гавҳарлари деб билиши, уларга меҳр ва иззат кўрсатиши лозим бўлади дея таъкидлайди. 

Ҳаётни кузатсак, яхши муомала ва самимий муносабат қалбларга севинч бағишласа, қўрслик ва манманлик, кибр эса кишиларга азият етказишини англаймиз. Севинчга тўла қалблар яхшилик, эзгулик истайди. Ҳамсуҳбат кишига қувонч улашиш гуноҳларнинг кечирилишига ҳам сабаб бўларкан. Ширинсўзлик ва мулойимлик билан муомала қилган инсон нафақат ўзини, балки суҳбатдошининг қалбини ҳам чароғон этади. Кўришганда саломлашиш, чақирганда «лаббай» дейиш, хайрлашганда омонлик тилаш халқимизга хос эзгу фазилатлардандир. Зеро, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳил-иноқликнинг зиёда бўлиши, биринчи навбатда, одамлар билан мулоқотда хушмуомалаликка боғлиқ.

Ёнимиздаги инсонга баҳо берганда, энг аввало, унинг муомаласига, одамлар билан муносабатига эътибор қаратамиз. Муомала одоби эса «Ассалому алайкум, ваалайкум ассалом» дан бошланади. Чиройли хулқ ва яхши муомала — одамийлик зийнатидир. Халқимиз кечаю кундуз қимирлаб меҳнат қилар экан, тўйлар қилсам, одамларга эҳсонлар қилсам деб ҳамиша хаёлидан ўтказиб туради. Бир-бирларининг ҳақларига дуо қилганда ҳам «топганинг тўйларга буюрсин» дейишлик одат бўлиб қолган. Чунки уларга очиқ қўл бўлишлик аждодларидан мерос бўлиб қолган. Халқимиз биладики, унинг фароғати дунёда ҳам барака келтиради, охиратда ҳам улкан ажрларга сабаб бўлади. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахтдур, унинг томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради“ дедилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўзларингиз ва ўликларингиз учун бир қултум сув билан бўлса ҳам садақа қилинглар! Агар бунга қодир бўлмасангиз, Аллоҳнинг Китобидан бўлган бир оят билан, яъни, уни ўқинглар, унга амал қилинглар, бошқаларга ҳам етказинглар. Бас, агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз, раҳмат ва мағфират сўраб, Аллоҳга дуо қилинглар! Чунки У зот дуони ижобат қилишга ваъда бергандир“. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “То мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирларингга меҳр-мурувватли бўлмагунларингча мўмин бўлмайсизлар“ (Имом Муслим ривояти), деган таълимлари бизларни ўзаро меҳр-мурувватли бўлишга чорлайди. Меҳр-мурувват ҳақида Қуръони каримда бундай баён қилинган: “Сиздан(эй Муҳаммад,) кимга эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Нимани хайр-эҳсон қилсаларинг, ота-она, қариндош, етим, мискин ва мусофирларга қилинглар! Ҳар қандай эҳсонларингни Аллоҳ билиб турувчидир“ (Бақара, 215). 

Ҳадислардан бирида: “Беморларни зиёрат қилинглар, очларга таом едиринглар, қарздорларга қарзларини узишга ёрдам беринглар“ дейилган. Ширин сўз ва яхши муомала меҳру оқибат калитидир. Шунинг учун Парвардигор ўзининг каломи шарифида мўминларни ширинсўз бўлишга чақиради. Ҳадисда: “Ким бирор кишини яхши ишга далолат қилса, унга ўша яхшиликни бажарганнинг савоби берилади“, дейилган.

Р. Отажонов

Янгиариқ туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *