ЛОҚАЙДЛИК, ЖАМИЯТ ҲАЁТИГА БЕФАРҚЛИКНИНГ ОҚИБАТИ

Маълумки, мусулмон кишининг энг муҳим хусусиятларидан ҳушёрлик ва огоҳлик ҳисобланади. У қўни-қўшни, дўст-биродар ҳамда қариндошлар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради. Бефарқлик, лоқайдлик, эътиборсизлик мусулмон кишига ёт тушунчадир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Мусулмонлар бир жасад кабидир, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолганларини иситма олади”. 

Бу ҳадисда бир жамиятда яшаётган мўмин-мусулмонлар гўё бир тан-у бир жон экани, шу жамиятдаги муаммо унинг ҳар бир аъзосига алоқадор эканлиги айтилмоқда. Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Мусулмон киши ўзи тўқ бўла туриб, бир кун ҳам қўшнисини оч ҳолда қолдирмайди” дея марҳамат қилинади. Ҳикматларда “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамдан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”, дейилган. 

Лоқайдлик ва бепарволик иллатини инсондан узоқлаштирадиган хислатлардан яна бири ғайрат ва иштиёқдир. Кичик оиладан то жамият ривожининг барчаси айнан ғайратга боғлиқ. Ҳеч қачон обод турмуш ўз-ўзидан юзага келмаган. Бунинг учун ғайрат ва иштиёқ билан интилиш ва албатта, Аллоҳдан мадад сўраш керак. Мўмин киши доимо хайрли ишлар қилишга шошилади. Бунинг учун ажр ва мукофот олишини тафаккур эта олади. Мардлик, сахийлик, олийжаноблик билан ўзгаларга намуна бўлади. 

Инсонларга манфаат етказиш нафақат жамиятда эҳтиромга сазовор қилади, балки кўпдан-кўп савобларга ҳам ноил этади. Инсонпарвар ва эзгулик дини – ислом таълимотида атрофдагиларга яхшилик қилиш, эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўлини чўзишга чорланади. Бу ҳақда оят ва ҳадисларда тавсиялар келган. Жумладан, Бақара сурасининг 148-оятида Аллоҳ таоло: “Бас, хайрли ишларда узиб кетингиз!”, дея марҳамат қилган.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шарифларида эса: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп нафи тегувчи инсондир“, дея марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти). 

Инсонларга яхшилик қилиш шу даражада улуғ эканки, унинг даражаси Аллоҳга суюкли бўлиш экан.

Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида бугун инсонларнинг дардини тинглаб, муаммолари бартараф этилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу эса юртимизда инсон қадри улуғлигидан даракдир. Таъкидлаш жоизки, ана шу жараёнда ташкилот бўладими ёки корхона – ҳар бир инсон ўз вазифасини сидқидилдан, юракдан адо этиш ҳам фазилатдир. Зотан, юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга ҳар биримиз жонкуярлик билан ҳисса қўшмоғимиз ҳам  фазилатдир.

Халқнинг дарди билан яшаш, халқнинг дардига малҳам бўлиш, халқнинг манфаатини кўзлаш асли динимизга хос фазилатдир. Динимизда бу масала ниҳоятда гўзал баён қилиб берилган. Машойихларимизнинг таълимотида халққа хизмат қилиш, халқ билан яшаш халқдан узоқда – тоғу тошларда, хилватларда гуноҳдан четланиб яшашдан афзал саналади. Халқпарварлик учун аслида шу таълимот, шу таърифнинг ўзи етарли. Ислом динида раҳбония, яъни таркидунёчилик йўқ, чунки ҳар бир инсон бир-бирига хизмат қилиши керак, бир-бирига манфаат етказиши керак. Динимизда кўрсатилган барча ибодатларнинг мағзи ҳам ана шудир.

Яна бир гўзал қоида шуки, динимиз бу дунёдаги ҳар бир амални ибодат даражасида бажаришга буюради. Демак, ибодат фақатгина маълум бир расм-русмлар, намоз, рўзадангина иборат эмас. Ибодат аслида ҳар бир амални, ҳар бир ишни ният воситаси билан убудият даражасига кўтариш демакдир. Рўзғор юритиш, тирикчилик қилиш, бола-чақа боқиш, уйда, маҳаллада, ишхонада атрофимиздаги одамлар билан, ҳамкасблар билан ўзаро муомала қилиш, хизмат кўрсатиш ва ҳоказоларнинг барчасини тўғри ният билан қилиб, уларни ибодат даражасига кўтариш, оддий амални ҳам ибодатга айлантириш мумкин. Муҳими, бу нарса шариатнинг кўрсатмаларига риоя қилиш ниятида адо этилса бўлди. Агар ҳар бир амални қилишда ният соғлом бўлса, саҳиҳ бўлса, бу амал ибодат даражасига кўтарилади. Ният бўлмаганда эса оддий амал бўлиб қолаверади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ғайратли, ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш ҳамда лоқайд бўлмасдан яшаш бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга, мусулмон сифатидаги диний масъулиятимиз, ҳар биримизнинг елкамиздаги вазифамиздир. Шунинг учун доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ҳушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз лозим.

Х.Абдуллаев

ЎМИ Хоразм вилояти бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *