ФИТНАЛАР НИМАГА ОЛИБ КЕЛАДИ!

Фитна сўзи луғатда синов, имтиҳон маъносида бўлиб, истилоҳда эса кишиларни диндан қайтариш, тинчлик ва диёнатга қарши ҳаракатга чорлаш маъносини билдиради. Инсоннинг имон-эътиқоди, ибодат қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади. Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисда марҳамат қиладилар: «Йўлнинг бошида бир чорловчи: “Эй инсонлар! Тўғри йўлга жам бўлиб киринглар ва бўлиниб кетманглар”-деб туради. Бу чорловчи- Аллоҳнинг китоби. Қачонки инсон нотўғри йўл эшикларини очишни ирода қилса йўлнинг тепасида яна бири: «Эй шўринг қурғур, очма уни!» -деб туради. Бу чорловчи ҳар бир мусулмоннинг қалбидаги Аллоҳнинг насиҳат қилгувчиси (илхоми)дир» (Имом Аҳмад,Термизий, Насоий).

Разил манфаатлар кураши фитналарнинг энг ёмон  кўринишидир. Ушбу жараён бугунги кунга келиб шиддат билан авж олиб бормоқда. Ҳозирда манфур кучлар глобал тармоқ фойдаланувчиларини ҳам ўз қурбонига айлантирмоқда. Бу  ўргимчак тўрида макон тутган ғараз ниятли гуруҳлар, ўз манфаатлари йўлида баъзи ёшлар ўртасида фитна, нифоқ ва шунга ўхшаш бузғунчиликларни тарғиб қилиб, жамиятда тинчликни пароканда қилишга уринаётирлар. Қуръони каримнинг  Бақара сураси 217-оятида фитна ҳақида жумладан, шундай дейилган: «Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир».

Бузғунчи гуруҳлар маълум доиралар манфаати йўлида, дин ниқоби остида фитна уруғини ёймоқдалар. Уларнинг мусулмонлар бирлиги ва эътиқод софлигига қарши қаратилган  хуружлари натижасида дунёнинг турли нуқталарида террорчилик ва бузғунчилик ҳаракатлари содир этилмоқда. Ўлжа илинтириш мақсадида интернетда сайр қилиб юрган террорчилар ақидаси заиф, илми саёз, ҳали дунёқараши шаклланмаган баъзи ёш йигит ва қизларни онгу шуурини ўғирлаб, моддий маблағ ваъда қилиб, ўзларига жалб этадилар. Натижа эса маълум, ҳар соатда манфур ғоялар билан суғорилган онг, энди ўз ватани, миллати ва иймонидан кечиб, уни муттасил рағбатлантириб турган раҳнамоларига қул бўлишга тайёр бўлади.

Мана азизлар, инсон онги ва тафаккури учун қандай кураш кетаётганини билиб олдик. Бугун ҳар биримиз ҳушёр ва огоҳ бўлмасак, жамиятнинг ва миллатнинг келажаги бўлган ёшларни қўлдан бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас.

Биз бундай маънавий иллатлардан ёшларимизни асрашимиз учун уларнинг тарбияси билан жиддий шуғулланиб, уларнинг қалбига ватани ва динига муҳаббат ва садоқат руҳини чуқур сингдиришимиз лозим.

 

Р.Эрназаров

Боғот тумани бош имомхатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *