ФАРЗАНДЛАРИМИЗГА ЯХШИ МЕРОС ҚОЛДИРАЙЛИК!

Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота-она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия берилмаса, инсон тарбияли, одобли бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Бола тарбияси соҳаси мутахассислари: «Боланинг тарбиясини туғилиши билан бошлаш керак», дейишади.

Бола дунё юзини кўрган вақтдан бошлаб бериладиган тарбия босқичида она фарзандини озиқлантиришда озодалик қоидаларига амал қилиши, болани покликка биринчи кунданоқ ўргатиши лозим. Бола ширинсўз бўлиб ўсиши учун тили чиққан онданоқ ширинсуханликка ўргатиб бориш зарур. Фарзанд бирор ёмон сўзни қўллай бошласа, унинг сўзларига айрим кишиларга ўхшаб «завқ»ланмасдан, аксинча, уни қайтариш, қўллаётган сўзи эса жуда ёмон эканини билдириш керак. Тили эндигина чиқаётган бола ён-атрофдагиларга тақлид қилади. Демак, оилада ҳамма бир-бирига чиройли ва хушмуомала бўлиши катта аҳамиятга эга. Шундагина тарбия топаётган бола ҳам гўзал сўзлашув одобига амал қилиб улғаяди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Бирорта ота ўз фарзандига одоб-ахлоқдан афзалроқ мерос беролмайди», деб марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадисда айтилишича, хушхулқлик ва мулойимлик ҳамма неъматларнинг яхшироғи ва сифатларнинг гўзалроғидир.

Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр берилган неъматни неъмат берувчи Зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний, ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар».

Сўнгра Абу Ҳурайра: «Агар хоҳласангиз, «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Мана шу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди». (Тўртовлари ривоят қилишган.)

Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.

Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан «Сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан», деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор: «Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний, ёки мажусий қилади». Яъни ота-оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.

Тарбияда энг муҳим восита бу меҳр ва ширинсўзлик билан тарбиялашдир. Бу икки восита бир бўлиб, болани шакллантиради. Шу жумладан, таълимни ҳам ғазаб ва жазолаш билан амалга оширмаган маъқул. Зеро, зўрлаб берилган таълим бола хотирасидан тезда ўчиб кетади. Оқибатда унинг шу соҳага нисбатан қизиқиши сўниши мумкин. Бундан кўринадики, таълимнинг аввали ҳам яхши тарбиядан ва адабдан бошланади.

Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида «одоб»ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» дейилади. Одоб масаласини инсоният тарихида тўлақонли равишда Ислом бошлаб берган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Исломда инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Дунёдаги одобга бағишланган асарларнинг асосини ва кўпчилигини Ислом халқлари вакиллари томонидан ёзилган асарлар ташкил қилади, деган гапда заррача муболаға йўқ.

Аввало тарбия ва одоб масаласида ота-оналарнинг ўзлари болаларга яхши намуна бўлишлари керак. Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб: «Бери кел, бир нарса бераман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Нима бермоқчисан?» дедилар. «Мен унга хурмо бермоқчи эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:  «Аммо агар унга ҳеч нарса бермаганингда, сенга ёлғон ёзилар эди», дедилар». (Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган.)

Ушбу ҳадиси шарифда онанинг бир оғиз гапида ҳам бола тарбиясига катта таъсир қиладиган омил борлиги уқтирилмоқда. Одатда оналар фарзандларини гапларига киргиза олишмаса, алдашга ўтишади. Ёлғондан бирор нарса беришни ваъда қилиб, ушлаб олиб, калтаклашга тушишади. Бу ишлари билан улар боланинг тарбиясига зарар етказадилар, уларга ёмон намуна кўрсатадилар. Ҳар бир бола учун унинг ота-онаси дунёдаги энг улуғ кишилар бўлади. Бола ота-онасига тақлид қилади ва улардан ўрнак олади. Боланинг назаридаги ана шу энг улуғ ва ўрнак олишга сазовор инсон уни алдаганидан кейин, болада, мен ҳам шундай қилсам бўлар экан, деган тушунча пайдо бўлиши табиий.

Шунинг учун ҳам ота-она фарзандларига доимо яхши ва гўзал ўрнак бўлишлари лозим. Барча яхши сифатларни намойиш қилиб, барча ёмон сифатлардан узоқда бўлишлари керак. Ота-она болаларига шахсий намуна кўрсатишлари билан бирга, уларга одобларни қунт билан, зерикмасдан ўргатиб боришлари зарур. Чунки ота-онанинг болаларга берадиган нарсалари ичида энг қимматлиси ва зарурийси одобдир.

Р. Отажонов

Янгиариқ туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *