ЯХШИ СЎЗ АЛЛОҲНИНГ ХИДОЯТИ

                    Сўз бамисоли тирик жондек ҳаёт кечирар экан. Унда ҳам туғилиш, камол топиш, қариб заволга юз тутиш бор экан. Тил инсоннинг ақл идроки ва маънавиятини намоён қилувчи асосий восита бўлиб, унинг таъсири каттадир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин кишининг тили қалбининг орасида бўлади. Мунофиқнинг тили эса қалбининг олдида бўлади. Мўмин киши аввал ўйлаб кейин сўйлайди. Мунофиқ эса, аввал сўйлаб кейин ўйлайди”, деганлар.Парвардигорнинг биз бандаларига берган бехисоб неъматларидан бири – тил. Бу неъмат бизнинг ўзаро муомаламизда фикирларимизни баён қилиш хамда ички кечинмаларимизни ифодалаш учун берилгандир. “Ар –Рахмон (мехрибон зот). Қуръонни таълим берди. (у) инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди” (Ар-Рахмон,14). У Аллохни зикир қилиш, Қуръон тиловат қилиш, одамларни хидоят йўлига чақариш каби Аллох рози бўладиган ўринда ишлатилса, савоби бехисоб бўлиб, унинг акси бўлган ёлғон, ғийбат, фахш ва беандиша сўзлрда ишлатилса, гунох амаллардан хисобланади. Тил – қалб ойнаси, қалб эса инсон ҳаёти учун зарур бўлган энг нозик ва ҳассос аъзодир. Шунинг учун хам муқаддас динимизда қалбни турли иллатлардан асраш тарғиб қилинган. Қалбни асрашда аввало тилга алохида етибор бериш лозимлиги таъкидланади. Чунки, тил қалбга яқин жойлашган бўлиб, унинг ростгўй ва тўғрилги ёки аксинча бўлишлиги қалбга таъсир ўтказади.Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

              Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Банданинг қалби тўғри бўлмагунча имони комил бўлмади. Тили тўғри бўлмагунча қалби Тўғри бўлмайди ». Имом Ахмад ривояти. Тилимизнинг тўғри бўлишлиги бошқа аъзоларимизнинг иши яхши бўлишлигига сабаб бўлади.Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтганлар: “Одам боласи тонгда уйғонганида барча аъзолари тилидан талаб қилишиб, бундай дейишади: ”Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз, сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз” (Имом Термизий ривояти).

Бошқа аъзоларга қараганда тилимизнинг имконияати кенг бўлганлиги боис, динимизнинг таълимотида тилга алоҳида эътибор билан қаралади. Шунинг учун Расулулуоҳ (с.а.в.):” Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсани нарсани сақлашга кафолат бераса унга жаннатга киришни кафолат бераман”,деб марҳамат қилганлар.Парвардигор ўзининг ”Мутакаллим”, яъни сўзловчи деб аталмиш сифатида башариятга хам озгина улуш берган екан, биз инсонлар буни катта неъмат деб билиб, ундан фақат хайрли мақсадларда фойдаланмоғимиз лозим. Бу неъматнинг қадри қанчалик баланд бўлса, унинг ҳақи хам, шукри ҳам шунчалик буюк бўлади. Аллоҳ таоло инсонга унинг оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзи ҳисобга олиниши, у Аллоҳ таолонинг назаридан беэътибор қолмаслигини эслатади.

“Зотан, ўнг ва чап (томон) да ўтирган икки (ёзиб турувчи фаришта) қабул қилиб (ёзиб) турурлар. У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (“Қоф”, 1718). Оғиздан чиқаётган ҳар бир гап номаи аъмолга ёзилишини ҳис қилган киши хақиқий мўмин бўлади ва у ҳеч қачон беҳуда сўзларни сўзламайди.Сўзамоллик ва сергаплиқ маҳмадоналик ва эзмалик динимизда қораланган қусурлардандир. Қолаверса, фойдасиз гап – сўзлар ҳаммамизнинг вақтимизни олиб, фойдали ишларимиздан қолдиради. Кайфиятимизга салбий таъсир қилиб, руҳимизни туширади. Улуғ аждодларимиз:”Кўп ўйла, оз сўйла, бўлмаса тек тур”, дейишган. Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Тилингдан бошқа узоқ вақт қамаб қўйишга лойиқ ҳеч нарсанг йўқ”, деганлар.

                Солиҳ салафлар оз сўзлашни, сўзлашса ҳам фақат рост, зарур ҳамда фойдали сўзлашни ўзларининг одатларига айлантириб, қолганларни ҳам шунга даъват этишган.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в): “Кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапириши ёлғонлигига кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим (р.а.) ривояти).

Тилимизни бошқара олмаслигимиз сабабли бошимиз узра доимо ташвиш ва хатарлар чарх айланиб туради. Шунинг учун ҳам мўмин мусулмонларнинг меҳрибон йўлбошчиси ва улуғ муаллими жаноби Пайғамбаримиз cаллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар хил олдиқочди сўзлар билан Парвардигорнинг неъмати бўлган умримизни исроф қилмасликни маслаҳат берганлар.

Расулуллоҳ cаллоллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуга: “Эй Муоз, барча яхшиликларнинг калити нималигини айтайми?” дедилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: “Айтинг, эй Аллоҳнинг расули”, деганларида, жаноби Пайғамбаримиз муборак тилларига ишора қилиб: “Мана бунга эҳтиёот бўлгин”, деб таъкидладилар. Шунда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг расули, гапираётган гапларимиз учун ҳам жавоб берамизми?”, деганларида Расулуллоҳ cаллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Муоз, инсонларнинг юз тубан жаҳаннамга улоқтирилишларига сабаб тилларидан бошқа нима ҳам бўлиши мумкин?” деб жавоб бердилар Имом Термизий ривояти. Ҳақиқатан, бизнинг бу дунёдаги ҳаётимиз ва охират майдонидаги мартабаларимизни белгилаб борувчи омил – тилимиздир. Биз қайерда бўлмайлик: оиламизда, дўстлар даврасида, жамоат ўртасида доимо сўзлаётган гапларимизни назорат қилмоғимиз ва тилимизда хушёр посбон бўлмоғимиз шартдир. Бу борада Расули Акрам cаллоллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда марҳамат қилиб айтадилар: “Гапи кўп одамнинг хатоси кўп бўлур, хатоси кўп одамнинг еса гунохи кўп бўлади, хатоси кўп одамнинг еса борар жойи жаннат бўлиши мушкул, кимки Аллох таолоа ва қиёмат кунига иймони бўлса, яхшиликдан гапирсин, яхши гапи бўлмаса сукут салақсин”.

             Расулуллоҳ cаллоллоҳу алайҳи васалламнинг сукутлари узун бўларди. Гапирсалар, орқама – орқа сўзламасдилар, балки тўхтаб тўхтаб ва яхши тушунилиши учун сўзларни такрорлаб – такрорлаб гапирардилар. Тилимизда ҳазил – мутойиба, қочириш, шама, киноя мубоҳ бўлса – да, меъёрини сақлаган маъқул. Агар рост сўзланса, бир оз ҳазил мутоибадан қайтарилмайди. Пайғамбаримиз cаллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳазил қилардилар ва рост сўзни айтардилар.У зот бир кишига:”Эй икки қулоқ эгаси!” – деганлар Имом Термизий ривояти. Бошқа бир кишига: “Мен сени туянинг боласига миндираман”, дедилар Имом Термизий, Абу Довуд ривояти.Тилга бефарқлик ва эътиборсизликнинг бир кўриниши сўзни гуноҳ ишларда қўллашдир, яъни сирни ошкор этиш ва ваъдага вафо қилмаслик, сўз ва қасамда ёлғон гапириш, бировларни мазах ва кулги қилиш, ғийбат ва миш – мишларни тарқатишнинг ҳаммаси динимизда ман этилган. Икки дунёда нажот топишимизнинг асоси ҳамда камолотимиз белгиси лағв бемаъни, беҳуда гаплардан сақланишимиздир. Аллоҳ таоло Қурони каримда бу ишнинг муҳим еканлигига ишора қилиб, уни икки фарз амал, яъни намоз ва закотнинг ўртасида зикр қилган: “Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчилардир. Улар беҳуда (сўз ва ишлардан) юз ўгирувчидирлар. Улар закотни адо этувчидирлар”. (“Муъминун”, 14). Улуғларимиз, саҳобалар, алломалар кам гапириб, кўп эшитишган, тилга эрк беришдан қочиб оғизларига баъзан тош солиб юришган. Уларнинг бу ибратли ишлари барчамизга одат булиши лозим. Исломнинг асоси Куръони карим оятларида, Пайғамбаримиз cаллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тилга эрк бериш ёлғон ва хато, ғийбат ва чақимчилик, риё ва нифоқ, фаҳш ва ифлослик, хусумат ва ажралиб кетиш, ахлоқсизлик ва дилозорлик каби офатларга олиб келиши маълум қилинади. Шунинг учун: “Ким тилини тийибди, нажот топибди”, — дейилади.

 Тилни тия олмаганимиз оқибатида бошимизга катта фалокатлар келиши мумкин. Шунинг учун бизнинг ғамхўр ҳабибимиз Расули акрам тилимизга хўжайин бўлишни ва ўйлаб сўзлашни буюрганлар ва тилга эътиборли бўлган, уни ғийбат, бўҳтон, ёлғон ва бошқа гуноҳга сабаб бўлувчи гапсўзлардан сақлаган кишига жаннат кафолатини берганлар. Шундай екан ҳамма вақт ва ҳамма жойда ёлғон сўзлаш маслигимизни, ўзгаларнинг ғийбатини қилиш, уларнинг гўштини ейиш билан баробарлигини ҳамда туҳмат ва ёлғон гувохлик беришимиз энг катта гуноҳлардан эканлигини доимо есда тутмоқлигимиз лозим, тилдан узаро муомалаларимизда фикрларимизни баён қилишда, ички кечинмаларимизни ифодалашда чиройли ва меъёрида фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир.

Афлотун айтади: “Баданнинг куввати овқат, ақлнинг қуввати эса хикматли сўзлардир, донолик ва донишмандликдир. Овқатсизликдан бадан ҳалок бўлгани каби акл ҳам яхши, ҳикматли сўзлардан айрилса, ҳалок бўлади”. Мулоҳазалилик ва андишалик донолик белгисидир. Доно диққат билан тинглайди ва фойдали сўз айтиб оқиллигини намо ён этади. Меъёридан ортиқ сўзлаш, тингловчини бездиради, окибатда сўзлар меҳрга эмас нафратга сабаб бўлади. “Севдирган ҳам тил, бездирган ҳам тил деган мақол бежиз айтилмаганда! Камгаплик доноликнинг белгисидир.

Ҳаммамиз ҳар куни ҳамма ибодатларимизда Парвардигордан аҳамиятсиз сўзлардан сақланишни сўрайлик. Охиратимизда ҳадиси шарифда баён қилинганидек: “Қиёмат кунида гунохи кўп бўладиган киши бу дунёдалик вақтида аҳамиятсиз сўзни кўп сўзлаган кишидир”, деганлардан бўлиб колмайлик.

О.Машарипов

Янгиариқ туман “Шайх Мухтор Валий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *