АХБОРОТ ХУРУЖИНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

       Бугунги кунда ахборот технологиялари жамият тарраққиётининг турли соҳаларига жадал кириб бормоқда ва уларни ривожлантириш учун хизмат қилмоқда. Бундай технологияларнинг таъсири одамларнинг турмуш тарзи, таълими ва ишида ўз натижасини кўрсатмоқда. Ахборот технологиялари жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши ва ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилиши учун муҳим омилга айланди.Ахборотлаштириш миллий тизимини шакллантириш, уни иқтисодиёт ва ҳаётнинг барча соҳаларига ялпи жорий этиш ва ундан фойдаланиш, замонавий ахборот технологиялари, компютер техникаси ва телекоммуникациялар, фуқароларнинг ахборотга нисбатан ўсиб бораётган эҳтиёжларини иложи борича тўлиқ қондириш, жаҳон ахборот ҳамжамиятига қўшилиш учун қулай шароитлар яратиш, ҳамда дунё ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳозирги жамият тараққиётининг устувор йўналишларидандир. Дарҳақиқат, XXI аср техника асри деб бежизга номланмаган. Бугунда оммалашиб бораётган “Дунё ўргимчак тўри” деб ном олган технологияларнинг яратувчилари ва фойдаланувчилар сонининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Интернет пайдо бўлиши билан исталган ахборотни замон ва маконга боғлиқ бўлмаган ҳолда олиш имконияти яратилди. Сир эмаски, интернет тармоғида ижтимоий, иқтисодий-сиёсий, маданий-маърифий соҳаларга оид янгиликлар, машҳур кишилар ҳаёти билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар ва илм-фанга доир ўзгариш ва кашфиётлар ўрин олган. Фирибгарлар, аҳлоқсизлар учун Интернет эркин майдон вазифасини ўтамоқда. Терроризм, порнография, турли иллатларнинг урчиши, текширилмаган ҳар қандай ахборотлар оқими мана шу кўринмас “тўр” лар орқали кўпаймоқда. Онлайн ўйинлар ва “чат” хоналар ёшлар онгини эгаллаб олиб, вақтларини бекорчиликка кетказмоқда. Лекин интернетнинг турган битгани бу эмас-ку. Унинг имкониятлари адоқсиз бўлган бир пайтда кўпчилик фойдаланувчиларимиз интернетни ёқишни билади холос, унинг яна қандай имкониятлари борлигини билмайдилар.Чексиз қулайлик ва афзаллик томонларини тушунмаган ҳолда уни биргина “чат”дангина иборат деб тушунадилар. Улар учун бошқа қизиқ дунё йўқдек гўё. Биз интернет кафеларини тўлдириб ўтирган “чат бекорчилари”ни кўрамизу, “интернет — ёшлар учун танишув майдони, бу уларни бузади”, деб осонгина хулоса чиқариб қўя қоламиз. Аммо интернетга фақат салбий жиҳатдан бир ёқлама баҳо бериш бутунлай нотўғри тушунчадир.Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёни жадал ривожланиб бормоқда. Албатта, бунда ёшларнинг ўрни алоҳида. Мамлакатимиз аҳолисининг аксарият қисмини ёшлар ташкил этар экан, глобаллашув, яъни ахборот маконида турли таҳдидлар мавжуд бўлган ҳозирги шароитда ёшлар учун соғлом ахборот муҳитини яратиш ва миллий, умуминсоний ғояларимиз сингдирилган манбалар билан фарзандларимизни таъминлаш долзарб вазифларимиздандир.

      Хулоса қилиб айтганда, бугун шуҳратнинг кетидан қувиб, “миш-мишлар”га учиб, уйдирма ахборот тарқатаётган, асоссиз мақолалар ёзиб, динимизни ҳақоратлаётган муаллифлар тутумида, фикру зикрида шайтоний “мен!” устувор. Улар “мен”ини кибр билан йўргаклаб олишган. Бундайларни, аввало, огоҳлантириш зарур. Шунда ҳам тийилмаса, уларга Аллоҳнинг Ўзи кифоя: агар хоҳласа, шу дунёнинг ўзида, хоҳласа, охиратда жазо беради.   Илоҳо, ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтганларимизнинг руҳи шод бўладиган, халқимизни хурсанд қиладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

М.Матяқубов
Қўшкўпир тумани бош имом-хатиби                 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *