ГЎЗАЛ ХУЛҚ КОМИЛЛИК БЕЛГИСИ.

Ислом динининг негизи инсонлардаги Аллоҳ яратиб қўйган гўзал хулқларни мукаммаллаштириш эканлиги ҳаммага маълум.Бу ҳақида келган ҳадиси шариф сўзимизни тасдиқлайди:Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен яхши хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.

Инсонлар ичида Аллоҳ таълога муқарраб бандалар пайғамбарлар эканлиги барчага ойдин ҳақиқатдир.Пайғамбарлар ичида Расулимиз Муҳаммад алайҳиссалом  олий хулқлар билан хулқланганлар.

 Аллоҳ таоло ўз пайғамбарини мақтаб шундай деган:“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”! (Қалам, 4-оят)

У зот гўзал хулқ соҳиби бўлганлар. У зотнинг хулқлари ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:Саъд ибн Ҳишомдан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Оиша розияллоҳу анҳодан шундай деб сўрадим: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида хабар беринг”.

Оиша: “У зотнинг хулқлари Қуръон эди”, деб айтди””. Аҳмад ривоят қилган.

Яъни, Қуръондаги барча яхши хулқларни ўзларида жо қилганлар.

У зотнинг ўзлари гўзал хулқ, юксак одоблар билан сифатланган бўлишлари билан бирга умматларини ҳам шу каби чиройли хулқли бўлишга тарғиб қилганлар ва гўзал хулқнинг фазилатларини баён қилганлар. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: У айтди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, мўъмин чиройли хулқи билан рўзадор, тунларда қоим бўлувчи даражасига етади”, деяётганларини эшитдим”. Абу Довуд ривоят қилган.

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

Абуд Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳусни хулқдан кўра тарозида оғирроқ нарса йўқдир”, дедилар. Абу Довуд ривоят қилган.

Гўзал хулқ мўмин инсонни иймон жихатидан комилликка етказиши ҳақида қуйидаги ҳадиси шарифда баён қилинади:Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг иймон жиҳатидан комилроғи хулқ жиҳатидан яхшироғидир…”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.

Шунингдек, ҳусни хулқ борасида улуғ зотлардан ҳам ажойиб фикрлар баён қилинган:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга: “Ҳурматли бўлиш нима?”-деб савол қилинди. У киши: “Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир”,(Ҳужурот, 13-оят) деди. У кишига: “Ҳасаб нима?” – деб айтилди. У киши: “Хулқи энг чиройли бўлганингиз ҳасаб борасида энг афзалингиздир”, деб жавоб берди. У киши: “Ҳар бир бинонинг пойдевори бўлгани каби, исломнинг пойдевори гўзал хулқдир”, деб айтди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай деди: “Инсон агар обид бўлмаса ҳам ҳусни хулқ билан жанатдаги олий даражаларга етади. Ёмон хулқ сабабли гарчи обид бўлса ҳам жаҳаннамнинг энг пастига тушиши мумкин”.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимнинг хулқи ёмон бўлса, ўзини азоблабди”.

Жунайд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилм, тавозеъли бўлиш, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ иймоннинг комиллигидир”.

Аллоҳ таоло инсонларнинг суратини гўзал шаклда яратиб қўйган. Бу гўзаллик инсонни Аллоҳ таоло яратган бошқа маҳлуқотларига қиёслаганда яққол намоён бўлади, агар инсон ўз сийратини ҳам, хулқини ҳам гўзал қилса, ҳақиқий комил инсон бўлади.

Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки, қалб инсон жасадининг подшоҳи, қолган аъзолар унга тобедир. Агар қалб пок бўлса, қолган аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча азолардан нопок амаллар содир бўлади. Қалб поклиги борасида буюк аллома Имом Ғаззолий (р.а.) шундай деганлар: “Киши зоҳирини нажосатлардан сақлаши, ундан узоқ юриши лозим. Аммо, ботиний нажосатлар ҳам борки, улардан сақланиш ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, ботиний ифлосликлар, яъни қалб нопоклиги кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб, мараз каби қалб касалликлари жирканч махлуққа ўхшайди. Фаришталар қандай қилиб, бундай маконда қўним топсинлар!”

 Демак қалбларимизни юқоридаги иллатлар ва яна уларга ўхшаш мақтанчоқлик, бахиллик, ҳирс, таъма, ғурур, риё, мутакаббирлик, ёмон ният каби иллатлардан поклаб, фаришталар макони бўлмиш қалбларимизни камтарлик, тавозе, яхши ният ва бошқа гўзал хулқлар билан безамоғимиз зарур.

Чунки охиратда ҳам бизга кўпроқ фойда берадиган нарса бу ҳусни хулқимиз эканлигини қуйидаги ҳадиси шарифдан билиб оламиз.

Бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга сизларнинг севимлироғингиз ва охиратда менга энг яқин турадиганингиз хулқи гўзал бўлганларингиздир. Менга ёқимсизингиз ва охиратда мендан узоқ турадиганингиз хулқи ёмонларингиздир” деганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни гўзал хулқли бўлиш саодатига муваффақ қилсин.

Ф.Абдуллаев.

Боғот тумани “Иморат бобо”
масжиди имом хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *