ИЙМОН ҲАЛОВАТИ АҚИДА МУСАФФОЛИГИДАДИР

Оллоҳ таоло инсонни улуғ ва мукаррам қилиб яратди, Оллоҳ таолонинг инсонга берган неъматлари ичида энг улуғи иймондир.

Албатта инсон иймони ва солиҳ амаллари туфайли дунёда тинч ҳаёт кечириб, оҳиратда эса жаннат неъматларидан баҳраманд бўлади. Аввало ҳар бир инсон иймон сўзини маъносини билмоғи керак. Иймоннинг маъноси тасдиқламоқ, яъни ишонмоқ бўлиб шаръий истилоҳда кўзга кўринмайлиган нарсаларга, яъни ғайбга ишонган кишини мўмин деймиз. Инсон шаҳодат калимасини талаффуз қилиб қалбан унга иқрор бўлиши билан мўмин бўлади, иймоннинг янада мукаммал бўлиши еттита шартнинг эътироф этилиши билан бўлади. Иймон бу ислом шартининг биринчи буйруғидир, ҳар бир инсон иймон келтиргандан кейин шунда собит қадам туриб гуноҳ маъсиятга йўл қўймаслиги керак, шундагина иймони мустаҳкам бўлади. Ҳар бир инсон иймон ҳаловатини топса ақидаси мустаҳкам бўлади.

Анас бин Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Иймоннинг халоватини уч ҳислатга эга бўлганлар топади; Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан маҳбуброқ бўлиши, бирор кишини яхши кўрса фақат, Аллоҳ учун яхши кўриши, куфрга қайтмоқликни, худди жаҳаннамга тушмоқликни ёқтирмагандек ёмон кўриши” дедилар.( Бухорий ривояти)
Иймоннинг халовати қалбда бўлади. Бемор асалнинг тамини сезмайди. Унинг учун асални тотли мазали эканлигини ҳар хил воситалар билан тушунтиришни ҳожати йўқ, балки унинг касаллигини муолажа қилиш керак. Агар касалликдан ҳолий бўлса у шундоқ ҳам асални мазасини билаверади. Демак у беморнинг касаллиги миқдорига қараб асалнинг мазасини сезиши белгиланади. Худди шундай инсон ҳам иймоннинг халоватини қалбининг ҳар хил иллатлардан қай даражада поклиги миқдорига қараб ҳис қилади. Зотан, ҳар бир гуноҳ ўз эгасининг қалбида қора доғ қолдиради. Агар инсон гуноҳларда бардавом бўлаверса унинг қалби ҳам қорайиб бораверади. Қалбнинг доғларини эса оддий воситалар ила тозалаб покиза қилишни имконияти йўқ. Балки қалбни тозалаш учун алоҳида кўрсатмалар мавжуд. Аввало қалбни қайси гуноҳлар, исёнлар билан доғ бўлганлигини билиб олиб сўнгра, мазкур иллатлардан мутлақ халос бўлмоқлик керак. Бунинг йўли эса насух тавба қилиш, истиғфор айтиш, афсус ва надомат қилиш, энг асосийси эса ўша иллатга иккинчи бор қайтмасликка қасд қилмоқ ва ушбу қасдида мустаҳкам турмоқ ила бўлади. Қалбни мазкур иллатлардан тозалашни ўзи ҳам кифоя қилмайди балки, тозалаш билан бир қаторда уни жилолантириш ҳам керак, бунинг учун эса гуноҳлардан сақланиш билан биргаликда ибодатларга киришиш, ихлос ва муҳаббатни ошириш, хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳнинг буйруқларини бажариш ва қайтарганларидан қайтиш ила бўлади. Мазкурларнинг барчаси иймоннинг тақазосидир. Мўмин киши юқорида кўрсатилганидек ҳаёт кечирар экан албатта иймоннинг халоватини топишга ҳаракат қилади. Акс ҳолда унинг уринишлари бесамара кетаётган бўлади. Демак қаердадир хатолик бор, тезлик билан уни топиб бартараф қилиш керак. Шундагина иймоннинг халоватин топиш учун киришган бўлади.
“Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан маҳбуброқ бўлиши”, бу барча буйруқ ва қайтариқлардадир. Аллоҳ таоло тўғрисида мукаммал илм ва маърифатга эга бўлиши керак. Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳалол , ҳаром қилганларини эса ҳаром деб билиб, унга амал қилмоқ. Ибодатлардан лаззатланиш, Аллоҳ ва Унинг Расули розилиги йўлида ҳар қандай машаққатни кўтариш. Мазкур тушунчани дунёвий барча мақсадлардан муқаддам қўйиш. Буни эса қуйидаги ояти каримадан билиб олсак бўлади.

Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар оталарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, меҳнат билан топган мол-мулкларингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз ва ёқтирган масканларингиз, сизлар учун Аллоҳ ва Расулидан, Унинг йўлидаги жиҳод қилишдан (кўра) суюклироқ бўлса, (унда) то Аллоҳ ўз амри (азоби)ни келтиргунига қадар кутиб турингиз! Аллоҳ (эса) фосиқлар қавмини ҳидоят этмагай».
Мазкур тушунчалар иймоннинг асосий шартларидан биридир. Агар бирор киши учун Аллоҳ ва Унинг Расулидан ҳам суюклироқ нарса ёки бирор киши бўлса демак, унинг иймонида ноқислик бор.

Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “ Киши ўзининг жуфти ҳалолини унинг дунёвий манфаатлари учун севмайди. Балки Аёли уни кўплаб гуноҳлардан сақланиб туриши учун сабаб бўлганлиги туфайли севади. Яъни жуфти сабабли зино ва унинг сабабларидан четта бўлади. Қолаверса унинг фарзандларини тарбиячиси, у йўқлигида уй жойи, мол-дунёсини қўриқчиси, ўзининг ва турмуш ўртоғининг иффатини сақловчиси бўлганлиги учун севади”, деган эканлар. Демак ҳаётдаги биз билан ўзаро алоқаларда бўладиган барча инсонларни дўстликларини юқоридаги кўсатмаларга қиёс қилароқ белгилаб олишимиз мумкин.
“ куфрга қайтмоқликни, худди жаҳаннамга тушмоқликни ёқтирмагандек ёмон кўриши” Куфрга қайтиш, ҳақиқатан ҳам жаҳаннамийликдир. Шундай экан куфрга олиб борадиган гуноҳ маъсиятларга эътиборсиз бўлмаслиги керак. Акс ҳолда бепарволик қилиб гуноҳларни енгил санаш ёки уларни ҳалол деб билиш билан куфрга тушади. Натижаси эса жаҳаннамда абадий қолиш ила жазоланади. Баъзилар эса гуноҳ қилиш куфр эмаску деб бепарво бўладилар. Мазкур бепарволик секин асталик билан ўз эгасини гуноҳларни менсимасликка олиб боради. Бориб-бориб бирор гуноҳни содир этганида бурнига пашша қўнганчалик безовта бўлмайдиган бўлиб қолади. Аслида шунинг ўзи куфр эмасми? Ҳақиқий мўмин нафақат катта гуноҳларга балки, кичик гуноҳларга ҳам бепарво ва лоқайд бўлмайди. Хоссатан бизнинг аҳли сунна Мотуридия эътиқодимизда худди хадиси шарифдагидек гуноҳлардан ҳазар қилишда жаҳаннамдан ҳазар қилгандек ҳазар қилиш таълим берилади. Баъзи адашган тоифа ва гуруҳларда эса гуноҳлар куфр эмас деб ҳоҳлаганини қилиб юриши, ҳатто энг буюк ибодатларни ҳам бемалол тарк этиб кетавериши бор ҳақиқат. Ҳа азизлар бепарволик, лоқайдликнинг ўзи энг катта гуноҳдир. Унутмайлик, ундан сақланмаслик эса куфр учун кўприкдир.

Сўфи Оллаёр ҳазратлари айтадилар:

  • Ақида билмаган шайтонга элдир,
  • Агар минг йил деб амал қилса барчаси елдир,

    деганлар

Шунинг учун ҳам ақидани билмасдан туриб амал қилса барчаси бефойда эканлигини мана бу сўзлардан билса бўлади. Кишининг иймондан айирадиган нарсалардан бири бу Оллоҳга ширк келтирмоқдир. Оллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Нисо” сураси 48-оятида ширк гуноҳларнинг энг улкани ва оғири эканлиги баён қилинган.

Ҳурмали азизлар, ширк – Оллоҳ таолога хос бўлган бирор нарсани бошқага нисбат беришликка айтилади. Масалан, бирор жонлиқ чўйганда уни Оллоҳни қўйиб бирорта улуғ авлиёга атаб сўйишлик ширк ҳисобланади ёки инс-жинслардан мадад сўраш, улуғ зот ларнинг қабрига бориб, улардан ўз эҳтиёжларини сўраб илтижо қилиш шулар жумласидандир.

Муқаддас ислом динида бирор нарсани мазаҳ қилиш ёки таҳқирлаш ҳам иймондан чиқарадиган амал ҳисобланади. Яратганга шукрлар бўлсинки, Оллоҳнинг марҳамати билан мустақилликдан сўнгдинимизга кенг йўл очилди. Мўмин мусулмонларни эҳтиёжларини қондиришларига барча имкониятлар яратилди. Шунинг учун ҳам бу кунларнинг қадрига етиб, дину диёнатимизни сақламоғимиз керак.

Оллоҳ таоло барчаларимизни иймонда собит қадам қилсин.

Ш.Жуманиязов
Хива тумани
“Мулла Абдуқодир бобо”
масжиди имом-хатиби             

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *