СЕҲР ИСЛОМГА ЗИД АМАЛДИР

      Бугунги кунда ўзларини турли хил жозибадор номлар билан атаб, одамларни тўғри йўлдан оғдириш билан шуғулланаётганлар ҳамда уларнинг найрангига учаётганлар, афсуски, кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу имтиҳон дунёда ҳаётнинг паст-баландларига бардош қилмайдиган баъзи имони заиф кишилар турли хил важлар билан фолбинларга мурожаат қилиб, уларнинг бозорини ривожланишига сабабчи бўлмоқдалар.

“Фолбинлик”, “Сеҳр-жоду” тушунчаларига, ислом шариати қандай муносабат билдиради.

Уламолардан Имом Бағавий: “Фолбин – турли ишларнинг сабабларини билишини, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирланган нарсани ким ўғирлагани каби нарсаларни билишини даъво қилувчи шахсдир”, – дейдилар. Ваҳоланки, тақдирни билиш ва келажакда бўладиган ишларни ёки уларни ўзгартириш фақатгина Аллоҳнинг қўлида бўлиб, ҳеч бир зот Аллоҳнинг ёзган тақдирини ўзгартиришга қодир эмас. Келажакни ҳам, инсонлар тақдирини ҳам фақат Аллоҳ таоло билиши, ғайб сирларидан ҳеч ким, фаришталар, жинлар, ҳатто дўстларини (валийларни) ҳам хабардор этмагани ҳақида Қуръони каримда кўп бора такрорланган:

яъни: “Айтинг: “Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас” (Намл сураси, 65-оят).  Ғайбни билиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким — на инсон, на фаришталар, на жинлар ғайбни билмайди. Бу эса, Аллоҳ таолонинг мутлоқ  илм эгаси эканини англатиш билан бирга, махлуқотлар учун у буюк Зотнинг лутфи ҳамдир. Ўйлаб кўрайлик, инсон ўз тақдирини, бир кун, бир хафта, бир ой, бир йилдан кейин ёки умрининг охиригача нималар бўлишини аниқ билса, унинг учун ўшa кун, хафта, ой, йил ва умрнинг қизиғи қоладими? Албатта, йўқ. Бу мулоҳаза фақат биргина ғайб ҳақида. Яна қанчадан-қанча ғайб ишлари бор, уларни ҳам мулоҳаза қилсак, шунга ўхшаш хикматлар келиб чиқаверади. Аллоҳ таола Қуръони каримда бу борада яна шундай марҳамат қилади. яъни: “Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом сураси 59-ояти).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг илми чексизлиги ва бу илм ўзига хос ягона васфга эга илм экани билиб олинади. Бу илмнинг бош сифатларидан бири:

«Ғайбнинг калитлари Унинг хузурида бўлиб, уларни Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас».

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга шундай дейишларини буюради:

яъни: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди” (Аъроф сураси, 188-оят).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг суюкли ва охирги Пайғамбари, одам боласининг улуғи бўлишлари билан бирга, бир башардирлар. Бу оддий ҳақиқатни рўй-рост айтишлари ушбу ояти каримада амр қилинмокда. Шунингдек, ғайбни англай олганимда эди, оқибати ёмон бўладиган ишларни олдиндан билиб олиб, уларни қилмас эдим ва менга ҳеч қачон ёмонлик етмас эди. Холбуки, бундай эмас. Ғайбни ҳеч ким билмайди. Банданинг вазифаси Аллоҳнинг кўрсатмасига биноан амал қилиш, оқибати эса, Аллоҳнинг иродасига қараб бўлади.

Демак, бу дунёда бирор кимга зарар ёки фойда келтиришга, яъни келаётган балони қайтариш ёки кимнидир бахтли қилишга улар қодир бўлмайдилар. Оятда Пайғамбар алайҳиссалом ҳам оддий башар эканлари, ўзлари ва бошқаларга фойда келтира олмасликлари, ғайб илмини билмасликлари таъкидланмоқда.

Фолбинларнинг баъзи тоифалари оят ва дуоларни бетаҳорат ҳолда, хатолар билан ўқийдилар. Намозни ҳам бетаҳорат ўқиш мумкин эмаслигини била туриб, намозни ҳақорат қилиш мақсадида нопок ўқийдилар. Чунки улар қанчалик ашаддий фожирнинг амалини қилса, шайтон ва жинлар ҳам уларга кўпроқ хизматда бўлиб, янада тезроқ унинг буюрганларини бажаради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: яъни: “(Эй, Муҳаммад! Айтинг): «Мен сизларга шайтонлар (жинлар) кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Шайтонлар Пайғамбарга Қуръон оятларини олиб тушадилар де­ган гапга ҳеч ишонманглар. Улар барча бўҳтончи, гуноҳга ботган (фолчи-ромчи, коҳин)ларга тушурлар. Шайтонлар уялмай ёлғон гапирадиган, гуноҳлардан тап тортмайдиган шахсларга тушади.

Фолбинларнинг қилаётган ишлари ёлғон ва фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Бу ҳақида Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтадилар

яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, – дедилар. Ё Расулуллоҳ! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни  ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, –  деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).

Айтиш жоизки, бугунги кунда фолбинлар ва уларнинг ёлғон кирдикорларига алданиб қолаётганлар орасида кўпчиликни аёллар ташкил қилади. Улар ўзларини “Ота-боболаримиз: “Фолга ишонма, фолсиз юрма” деган”, деб алдашга уринадилар. Ваҳоланки, бутун Ислом оламига дарс берган аждодларимизнинг бирорта ҳам асарларида бу каби асоссиз гаплар учрамайди.

    Бундан кўриниб турибдики, уларга эргашиш, улардан нажот кутиш мўминларнинг эътиқодига путур етказади. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар:  яъни: “Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким коҳинлик қилса ёки коҳинга мурожаат қилса, ким сеҳр килса ёки сеҳр қилдирса, у биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад саллаллоху алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади” (Имом Баззор ривоят қилган).

Баъзи туппа-тузук кишилар хам “Ишонмаймиз-у, лекин шундай бўлса ҳам бир бориб қўяверайлик-чи” деб, фолбинлар ҳузурига бораверишади. Бу иш ҳам мутлақо нотўғри. Мўмин киши шариатимизда қайтарилган ишлардан узоқда юриши лозим. Фолга ишонмай туриб, фолбиннинг ҳузурига чора излаб бориш ҳеч бир соғлом ақлга тўғри келмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: яъни: “Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким  унинг хузурига келса-ю, гапига ишонмаса, қирқ кеча намози қабул бўлмайди” (Имом Тобароний ривояти).

Ҳақиқий мўмин учун қирқ кунлик эмас, бир маҳал намозининг қабул бўлмай қолиши улкан мусибатдир. Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб, ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазосидир. Унинг айтганига ишонадими-йўқми, бунинг фарқи йўқ. Аммо ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, имонига путур етган бўлар экан. Бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:  яъни: “Ким фолбиннинг ҳузурига бориб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача  тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади” (Имом Табароний ривояти).

      Ҳозирги пайтда фол очишнинг турлари сон-саноқсиз бўлиб кетди. Карта билан, қушларга хат торттириш билан, қўлнинг кафтига қараб туриб, суратга қараб ва ҳоказо… Буларнинг ҳаммаси куфр ишлардир.

Сеҳр, фолбинлик, илгирлик каби амалиёт билан шуғулланишнинг ҳар қандай тури ҳаром ҳисобланиб, уни ўрганиш, ўргатиш ва шуғулланиш қатъиян тақиқланган. Аллома Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ: “Илм аҳли ўртасида ушбу ҳукм борасида хилоф йўқ”, деб таъкидлаган. Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: яъни: “Ким тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади” ( Имом Насаий ривояти).

     Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ уламоларидан бири Муҳаммад Амин Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ фолбинликнинг ҳукми ҳақида батафсил тўхталиб ўтиб, қуйидагича хулоса қилади: яъни: “Хулоса қилиб айтганда, фолбин – турли воситалар билан ғайбни билишини даъво қиладиган шахсдир. Воситаларнинг турларига қараб, улар ҳам ҳар хил бўлади. Шариатда уларнинг барчаси қораланган. Фолбинлар ва уларни тасдиқлаганларга “кофир” дея ҳукм қилингандир. “Баззозийя”да: “Киши – ғайб илмини даъво қилиши билан ва фолбиннинг олдига бориб, сўзини тасдиқлаши билан кофир бўлади”, – дейилган. “Татархонийя”да: “Фолбин “Ўғирланган нарсаларни биламан” дейиши, “Жинларнинг менга айтган хабарларини сизларга етказаман” дейиши билан кофир бўлади”, – дейилган” (“Раддул-муҳтор”, 16-жуз, 310-бет).

Бугунги кунимизда ҳам айнан сеҳр ва фолбинлик каби иллатлар туфайли одамлар орасида фитна пайдо бўлиб, эр-хотин, ака-ука, опа-сингил, қўни-қўшни, овсинлар ўртасида шубҳа, гумон аралашиб, оқибатда қариндош-уруғ, қўшничилик ришталарига путур етмоқда.

Аллоҳ таоло Ўзига бўлган имонимизни мустаҳкам қилсин! Барчамизни турли фитна ва офатлардан Ўз паноҳида асрасин! Ўзи рози бўладиган ишларга тавфиқ берсин!

 

  

А.Бобоев

Шовот туман
“Ваянган бобо” масжиди
имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *