ТИЛГА ЭРК БЕРИШ-ЖОХИЛЛИКДИР

Тил, авваламбор, Аллоҳнинг  бандасига берган неъмати. Аллоҳ таолониниг махлуқотлари орасида инсон зотига берган энг катта инояти – тил неъмати. Инсон – ягона гапирувчи махлуқот. Мана шу тилимиз билан шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўламиз. Биргина янглиш сўзимиз билан иймон халқасидан чиқамиз.

Инсон тили билан инсон кўнглини тоғдек кўтариши мумкин ва яна шу тили билан бир инсонни ер билан яксон қилиши мумкин. Инсонни одоби, ахлоқи, қай мавқеда эканлигини икки оғиз сўзи билан билсак бўлади. Ёки ота–онаси унга нима бера олган, устоз мураббийлари нима бера олган, у қай даражага ета олганини икки оғиз сўзи билан билиш мумкин. Пайғамбаримиз алайҳиссалом амакилари Aббос ибн Aбдулмутталибга: «Сизнинг кўркингиз мени ажаблантиради» дедилар. «Кишининг  кўрки нимада, эй Аллоҳниниг Расули?», — дедилар. Шунда Расули акрам алайхиссалом: «Унинг тили», — дедилар.

Инсоннинг ташқи кўринишидан кўрки, кийиниши ва ҳусн-у жамоли чиройли бўлиши мумкин. Лекин инсонда ширинзабонлик бўлмаса, хушмуомалалик бўлмаса, у инсоннинг кўрки эътиборга олинмайди.

Мўминнинг тилидан нолойиқ сўз чиқмайди

Тилимиз билан биз Қуръон ўқиймиз. Истиғфорлар ва тавбалар қиламиз. Aллоҳ таолога яқин бўламиз.

Тил инсоннинг яхши амалларини йўққа чиқаради

Инсонинг тили гоҳида қилган яхши амалларини, савобларини бекор бўлишига ҳам сабабчи бўлиб қолади. Тили билан миннат қилади – қилган савоби кетади. Тили билан ғийбат қилади – савоби кетади. Ҳаттоки ўзининг савобини ғийбат қилган одамга беради. Бир одамнинг шаънига бўҳтон қилади – бутун номайи аъмолидаги ажрлар ювилиб кетади.

Расули Aкрам алайҳиссаломнинг ҳузурларида бир аёлни жуда мақташди. «Кечаси билан ибодат қилади. Лекин битта айби бор. Тили билан қўшниларига озор беради», – дейишганида, Расули Aкрам алайҳиссалом: «У дўзахий аёл», — дедилар.

Ғийбат – савобни кетказади

Ғийбат – инсоннинг йўқлигида унинг айбини гапиришдир. Ҳақиқатдан у инсонда шу айб, камчилик ва нуқсон бордир; нафақат биз, балки ўзгалар биладиган айб, лекин ўша бор айбини у одам йўқлигида гапириш бу – ғийбат ҳисобланади.

Ғийбат қилган одамнинг савоб ва ажри ғийбат қилинган одамга ўтди.

Имом Шофеъий айтадилар: «Aгар ғийбат қилишим мумкин бўлганда эди, мен онамни ғийбат қилган бўлур эдим. Чунки менинг савобим, қилган яхши ишларим ўтиб кетишига арзирли ягона инсон бу – онам», деган эканлар.

Аллоҳ барчамизни тилларимизни ёмон, фахш, беҳаё  сўзлардан сақлаб, фақат Ўзини розилиги мужассам бўлган сўзларни гапиришни насиб этсин.

Х.Худойназаров

Янгиариқ тумани “Шайх Жалолиддин Румий”
масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *