ОММАВИЙ МАЪДАНИЯТ ТУШУНЧАСИ

Дунёда глобаллашув жараёнлари кундалик ҳаётимизга тез суръатлар билан ҳамма соҳаларда кириб келиши, ҳозирги шароитда мафкуравий таъсир кўрсатишнинг ўткир қуролига айланиб бормоқда.  Бу эса Ғарбдаги ҳар-хил сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қилиб “оммавий маданият” ва “ эркинлик ва демократия” деган ниқоблар остида ахлоқий беҳаёлик, индивудиализм ғояларини тарқатишни мақсад қилиб қўйиб бошқа халқларнинг шу жумладан, Ўзбек халқининг ҳам кўп минг йиллик маънавий, маданий қадриятларига беписандлик қилиб, улардан воз кечишга ундамоқда.

Бундай ёвуз мақсадлар “эркинлик ва демократияни олға силжитиш” ниқоби остида амалга оширилмоқда. Бу каби ҳаракатлар халқимизнинг муқаддас маънавий фазилатлари бўлган ибо ва ҳаё, оила муқаддаслиги каби қадриятларимизга салбий таъсир қилиши шубҳасиздир. Ҳақиқатдан ҳам “оммавий маданият” деб аталмиш ғоялар турли йўллар билан мамлакатимизга, яъни кинолар, турли хил жинсий беҳаёликни акс эттирувчи кассеталар, радио, телевидение, китоблар ва ҳатто қўл телефонларига ёзиб бериш орқали ёшларимиз онгига таъсир қилмоқда.

Ахборот воситалари ривожланиб борган сайин улардан ғаразли мақсадлар учун фойдаланаётганлар ҳам кўпайиб бормоқда. Бундай мақсадларни кўзлаганлар инсон руҳиятига таъсир этувчи маълумотларни тарқатиш, авваллари инсонлар қилишдан жирканадиган ишларни бемалол амалга оширишнинг уят ва айб саналмаслигига ишонтириш орқали таҳдид солмоқдалар. Жамиятнинг маънавий жиҳатдан заиф қатлами ҳисобланувчи ёшлар онги ва шуурига таъсир этувчи, уларни ҳаёсизлик ва ахлоқсизлик кўчасига олиб кирувчи иллатларни тап тортмасдан қилаверишга ундовчи бу таҳдид «Оммовий маданият «ниқоби остида кириб кела бошлади.

Буларнинг ноғорасига ўйнаётган баъзи ёшлар ҳатти-ҳаракатлари, кийиниши ва баданига ҳар-хил сурат чиздиришлари билан, ғарбга тақлид қилиш баробарида ўзларини қайси найрангбозларнинг қўғирчоқларига айланиб қолаётганларини сезмаяптилар ҳам. Ўзларича маданият, мода ва замон талаби деб атаётган нарсалари, миллий қадриятларимиз томирига урилаётган болта эканини наҳот тушиниб етишмаса.

Муқаддас динимиз аҳкомларида ҳам бундай ҳаёсизлик ва ахлоқсизликка олиб борувчи ишлар қораланади. Аллоҳ таоло “Анъом” сураси 151-оятида марҳамат қилади: «Фаҳш – гуноҳ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг».

Мўмин-мусулмон нафақат фаҳш, бузуқ ишларни қилмаслиги, балки уларнинг яқинига ҳам бормаслиги керак. Чунки яқинига борганда, уни қилиш хавфи кучаяди. Лут алайҳис салом ўз қавмига шундай деган эди: Эй қавм! Ўзларингизни (нафсларингизни) покланглар, фаҳш ишларни тарк қилинглар, эй кавм: албатта сизларнинг бу қилаётган ишингиз ҳаром, Аллоҳ сизлар мана шундай ҳидоятсиз ташлаб қўймас эди, мени сизларга элчи қилиб юборди. Мен сизларданман, бу ҳаром ишнинг қаршисида жим туролмайман, эй қавм: Аллоҳга тавба қилинглар ва ниятларингизни унга холис қилинглар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан).

Бу маънавий-ахлоқий иллатларнинг таъсири натижасида кишиларда бир қатор кўринишлар намоён бўлади.

Равшан бўлдики, “оммавий маданият” ёшларнинг маданий онгини тўғри шаклланишига салбий таъсир кўрсатиб, уларни худбин қилиб вояга етказади. “Сенга эркинлик берилади, билганингни қил, ёшлигингда айшингни сур, хоҳлаган ишни қил, озод ва хурсанд, ҳаттоки ота-онанг ҳам сенга хўжайин эмас” деган сафсаталар ёшларни ҳар қандай диндан ва маданиятдан чалғитади ва жамият олдидаги масъулиятини йўққа чиқаради, фарзандлик бурчларидан, инсонийликдан ҳам бегона қилади.

Кўринишидан ва аталишидан оддий нарсага ўҳшаган «оммавий маданият» ниқоби ортидаги бу оммавий ахлоқсизликдан миллатнинг келажаги бўлган ёшларни асрашимиз ва ўз миллий ва диний қадриятларимизни уларга ўргатишимиз шарт ва лозимдир.

Бизнинг аждодларимиз қадим-қадимдан комил инсон ҳақидаги шарқона аҳлоқий мезонларни ва комил шахснинг маънавий қирраларини ишлаб чиқиб ҳалқимиз онгу тафаккурида асрлар давомида сайқал топган ору-номус, уят  ва андиша, шарму-ҳаё, ибо ва иффат, камтарлик, катта-кичикларга ҳурмат каби юксак маънавий хислатлар ҳаётимизда амал қилиб келмоқда. Бундай халқимизга мос эзгу ва гўзал аҳлоқий фазилатлар муқаддас маънавий қадриятларимизнинг асл мазмунини  ва моҳиятини ташкил этади. Бу каби ҳалқимизнинг гўзал миллий фазилатларимиз ўрнини ғарбона беҳаё, беибо аҳлоқий урф-одатлар эгаллашига асло йўл қўйиб бўлмайди. Оммавий маданият ниқоби остидаги мураккаб мафкуравий жараёнларни чуқур илмий ва амалий жиҳатдан таҳлил қилиб, миллий маънавиятимиз маданиятимиз ва манфаатларимизга зид бўлган зарарли урф-одат ва мафкуравий хуружларнинг асл мақсад ва моҳиятини очиб бериш асосида, ёшларни ўзининг мустақил фикрига эга турли ибо ва ҳаёсиз маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган, иродали, фидойи, ўзбек халқига хос миллий ғурурли, ватанпарвар, ғоявий чиниққан инсонлар қилиб тарбиялаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.

Мамлакатимизда ёшлар аҳолининг энг кўп қисмини ташкил этиб турибди. Уларни “оммавий маданият” глобаллашуви даврида ғарбнинг ана шундай одатларига томон тобора тойиб кетмайди, деб ҳеч ким кафолот бера олмайди. Негаки, айрим жузъий одатга ва урфга айланган ҳолатларнинг тез илдиз отаётганини томошабин бўлганимизча кузатиб ҳам турибмиз.  Олайлик оддийгина қадриятимиз-ёшларнинг маълум бир тоифаси гўзал одатимиз бўлган ўзбекона сўрашиш, саломлашиш одатининг “янгиқирралари” ни аллақачон ўзлаштириб олишди-ку. Ёш йигитчалар бошни бошга теккизиб, ҳол-аҳвол сўрашиш ҳолатини ўзларининг саломлашиш одатига айлантириб олишди.

Яқин йилларда урфга айланиб қолиш эҳтимоли бўлган йигит-қизларнинг ўпишиб кўришишлари ҳозир бироз кўзга кам ташланиб қолди. Бироқ кийиниш борасида кўр-кўрона андозалар олиш ҳали ҳамон давом этяпти. Давом этганда ҳам “ким ўзарга”. Ихчамлик соддалик яхши, бироқ унинг баҳонасида юзага келаётган “мода”лар ҳам кўпчиликни ўйлантираётгани сир эмас.

                                                       О.Рўзметов

Боғот тумани “Толли бобо”

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *