МУҚАДДАС ДИНИМИЗ СОФЛИГИНИ САҚЛАЙЛИК

Ўзбекистоннинг бугунги ва келгуси тараққиёти халқимизнинг маьнавияти ва анъанавий урф-одатлари, азалий эътиқоди ва ишончи шунингдек, Мовароуннаҳр тарихи муқаддас ислом дини билан чамбарчас боғлиқдир. Ислом дини илоҳий таьлимот бўлиб, у инсоний фазилатлар ва эзгу ғояларни ўзида мужассам этган диндир. Бироқ турли ақидапараст ва террорчи ташкилотлар ғаразли мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ислом таьлимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун моҳиятини бир ёқлама ва нотўғри талқин қилиб одамларни тўғри йўлдан адаштиришга уринмоқдалар. Бундан кўзланган мақсад жамиятдаги ижтимоий бирликка таҳдид солиш ва давлат ичида ички парокандаликни келтириб чиқариш эканлиги ҳаётда ўз исботини топмоқда. Зеро, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) ўз умматларини огоҳлантириб, уларни иттифоқ бўлишга чақиради ва ихтилофга бормасликка буюриб шундай деганлар: “Сизлар бир кемага миниб йўлга чиққан йўловчиларга ўхшайсизлар, ичларингиздан бир онгсиз безори одам қўлига болтани олиб кемани теша бошласа, сизлар лоқайдлик қилиб, уни бу ишдан қайтармасангиз ҳаммангиз бирга ғарқ бўлурсиз. Қайтарсангиз ҳаммангиз омон қолурсиз.” Шу ҳадис моҳиятидан келиб чиқсак, жамиятнинг ҳар бир аъзоси эл-юрт, маҳалла тинчлиги учун масьул ва жавобгар эканини тўғри англамоғи керак. Ҳадисда: “Барча ишлар ниятга қараб баҳоланади” дейилган. (Имом Бухорий). Демак пок ва холис ният ҳар бир ишда шарт эканлигини асло унутмаслик даркор.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов: “Юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, аввало, униб ўсиб келаётган янги авлоднинг ҳар томонлама баркамол, иродаси бақувват, имони бутун бўлиб вояга етиши учун кенг жамоатчилик ва аҳолимиз ўртасида маънавий маърифий фаолиятимизни юксак даражада кўрсатишнинг аҳамияти беқиёсдир”, деган эдилар. Ана шу сермаъно сўзларни қалби уйғоқ ватандошларимиз чуқур таҳлил этиб, шунга муносиб равишда фаолият кўрсатишлари зарурлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Собиров Хўсинбой

Боғот тумани Қарри хўжа бобо масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *