ЗОЛИМЛАР КЎЗИНИ ОЧСИН

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббиси Аллоҳдан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: «Эй қулларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Баски, сизлар ҳам бир-бирингизга зулм қилмангиз!…», деган (Ушбу сўзлар Абу Зарр ал-Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадиснинг бир қисми бўлиб, уни имом Муслим ўз «саҳиҳи»да келтирган).

Зулм сўзи луғатда «бирор нарсани ўз ўрнига қўймаслик» англамига келади. Ояти каримада ширк энг катта зулм эканлиги айтилган. Зеро, у ибодатни ўз ўрнига қўймасликдир.

Истилоҳда эса зулм — ҳаддан ошиш, ўзганинг ҳаққига тажовуз қилиш, ўзганинг моли, жони ва обрўсига ноҳақ равишда дахл қилиш маъноларини англатади.

Ушбу қудсий ҳадис доим кўз ўнгимизда бўлиши мақсадга мувофиқдир. Унда Зулм — ўзининг барча турлари билан — нақадар ёмон нарса эканлиги ўз ифодасини топган.

Қадимдан ота-боболаримиз Ислом дини аҳкомларига амал этиб яшашган. Биз бу диндан оғишмаймиз. Афсуфки, ҳозирги кунда диний қадриятларимизга, маънавиятимизга раҳна солишга, диний можароларни келтириб чиқаришга интилаётган айрим нопок кимсалар миссионерлик йўли билан фарзандларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳол, ғанимларимиз режалаштирганидек, ижтимоий, оилавий низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Фикримизча, бунинг сабаби динимиз асосларини, унинг инсоният саодатини таъминловчи йўриқларини билмаслик оқибатидир. Зеро, айнан Ислом динимиз моҳиятини билмаганлар миссионерларнинг сафсаталарига кўр кўрона эргашадилар.

“Миссионерлик” тушунчаси умумий маънода бирор динга эътиқод қилувчи халқлар ўртасида бошқа динни тарғиб қилиш маъносини англатади. Миссионерлик, асосан христианлик динига хосдир. Бундай ҳаракат христианлик дини қадимий Византия империясининг давлат дини сифатида эълон қилинган даврдан буён амалга оширилиб келмокда. Христиан руҳонийлари даставвал миссионерлик ҳаракатини Европа ва Яқин Шарқдаги кўпхудоликка эътиқод қилиб келган аҳолини яккахудоликка даъват қилиш байроғи остида олиб бордилар. Шу тариқа IVасрда пайдо бўлган христиан миссионерлиги XIII-XVI асрларда Ҳиндистон, Хитой, ва Японияга кириб борди.

Католик черковида эса миссионерлик Испания ва Португалия империялари ташкил топгач (XIII-XVIасрлар) да тараққий этди.

Миссионерлик ҳаракати Буюк Рим империясига янги ерларни ўзлаштиришга катта ёрдам берди. Католик миссионерлигига рахбарлик қилиш учун папа Григорий XV 1662 йилда “Диний тарғибот конгрегацияси” ни таъсис этди.

XIX асрга келиб эса миссионерлик янгидан фаоллашди.Ушбу ҳаракат вакиллари бўлган миссионерлар ўз фаолиятларини Африкада кенг тарзда ёйиб, ўз мамлакатларининг сиёсатини ўтказишга ёрдам бердилар.

Миссионерларнинг турли давлатлар, жумладан, Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида олиб бораётган фаолияти христианликни тарғиб қилишда махсус адабиётлар, аудио ва видеокассеталарни маҳаллий тилларда тайёрлаш ва бепул тарқатиш масалаларига эътибор қаратадилар.

“Ўзини ҳимоя қилолмаган халқ ҳалокатга маҳкумдир”, дейди донишмандлар. Қадим минг йиллик қадриятларимизнинг сақланиб қолишида ва такомил топишида мусулмончиликнинг аҳамияти беқиёс. Бизнинг исломиятимиз, асрлар мобайнида халқимизнинг шуурига кириб, унинг жон томири сингари жой олган, Аллоҳ комил қилиб берган динимиз бор. Миллат келажаги унинг эртанги соғлом турмуши учун бу каби разил тўдаларга қарши биргаликда ҳаракат қилмоғимиз лозим. Асрлар мобайнида авлодларнинг миллий қадриятлари, улар ҳаётининг асосий омили бўлиб хизмат қилган муқаддас динимиз келажак авлод учун ҳам шундай бўлиб қолажак. Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиб, диёримизни ёвуз ниятли кучлардан сақлаш ҳар бир мусулмон зиммасидаги бурчдир.

Юқоридаги каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Аммо шуларнинг ўзи ҳам миссионерлик ҳаракати турли дин вакиллари ўртасида ҳамда мусулмонлар орасида динлараро ва миллатлараро низоларни келтириб чиқаришга замин яратиш мумкин эканлигига далолат беради.

Хулоса қилиб айтганда бугунги кунда миссионерлик ҳаракати инсонлар орасида ҳамда баъзи-бир ёшларимиз нигоҳида  диний мутаассибликнинг ўзига хос кўриниши сифатида намоён бўлмоқда десак асло муболаға бўлмайди.

Ш.Болтаев

Ҳазорасп тумани “Шайх Қосим бобо” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *