ТАДБИРКОРЛИК ФАРОВОНЛИККА МАДАДКОР

Муқаддас динимизда жамият ривожи учун бунёдкорлик, тадбиркорликка кўплаб тарғиблар бор. Ҳинш ибн ал-Хорисдан, у киши отасидан ривоят қилади:
“Ичимиздан бир кишининг оти туғса, уни сўйиб ер ва “буни мингунча яшармидим” дер эди. Умардан бизга: “Аллоҳ сизларга берган ризқни ислоҳ қилинглар, ишда кенглик кўп”-деган мактуб келди”.

Ровийни айтишича улар яшаб турган юртда байтали туққан тойчоқни эгаси “бу қачон катта бўлади, ҳали буни минишга яроқли бўлгунича борманми-йўқманми” деб тойчоқни сўйиб ейишни афзал кўрар экан.

Бу хабар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга етиб борган. Сўнгра мактуб юбориб, Аллоҳ таоло сизга берган ризқнинг қадрига етинг. Уни ислоҳ килиб, ўзингизга кўпроқ фойда қилинглар, бу осон иш эмас демоқдалар.

Демак мўъмин-мусулмонлар мол-дунёни тўғри тасарруф қилишга, уни кўпайтиришга, зое ва нобуд қилмасликка ҳаракат қилишлари лозим.
Қанча пайғамбарлар ўтган бўлса ҳаммаси касб-ҳунар билан шуғулланган.
Одам алайҳиссалом ерга буғдой экиб, суғориб, ўриб, ун қилиб, нон қилганлар. Нуҳ алайҳиссалом савдогар, Иброҳим алайҳиссалом баззоз эдилар. Довуд алайҳиссалом темирдан совут ясаганлар. Сулаймон алайҳиссалом сават тўқиганлар. Идрис алайҳиссалом кийим тикканлар. Закарийё алайҳиссалом дурадгор бўлганлар.
Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарлик қилганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло ҳунарманд ва касблик мўъминни дўст тутар деганлар”.

Имом Табароний Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалар билан (масжиддан) чиқдилар. Шу пайт ишига (намоздан кейин) жуда эрта кетаётган бир кишини кўриб қолишди. Унинг ғайратидан ҳайратланишди. Шунда улар (саҳоба) дан бири: “Агар бу Аллоҳнинг йўлида бўлганда қандай яхши бўларди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар у болаларини (боқиш) учун ҳаракат қилиб чиққан бўлса, демак, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар ёши улуғ ота-онасини (парвариш қилиш) учун ҳаракат қилиб чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар ўзини (одамларга қарам бўлиб қолишдан) сақлаш учун чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар оиласини боқиш учун чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар кимўзарга молини кўпайтириб, мақтаниш учун чиққан бўлса, у шайтоннинг йўлидадир”, дедилар».

Мана бу ҳолатлар сиз билан бизларга катта сабоқ бўлиши керак. Ҳаммамиз бундай ишларга жиддий эътибор билан қарашимиз лозим. Ҳукумат томонидан тадбиркор ва ишбилармонларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозим. Ўзимиз, оиламиз, ватанимиз ва инсониятга фойдали ишларда ҳафсаласиз бўлмаслигимиз, балки бундай эзгу ишларда барчага ўрнак бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Аллоҳ таоло барча жонзотлар ичида ўзининг ақл, фаросат ва фаҳми-идроки билан мумтоз бўлган инсонга тириклик ҳаётида ҳуррият ва фаровонликда яшаши учун унга меҳнат қилиш, ҳалол ризқ билан умр ўтказишдек  тўғри йўлни кўрсатиб қўйди. Албатта, Аллоҳ таолонинг фазли-карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши лозим. Бу эса унга нажот ва бахт келтиради. Унинг розилигини топишга васила бўлади.

Чунки, инсон ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқат ва уй-рўзғор анжомлари, кийим-кечакка  эҳтиёж сезади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар ва меҳнат қилиш орқали ҳосил бўлади. Жумладан, Аллоҳ таоло Жумъа сурасининг 10-оятида: яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”, марҳамат қилган. Демак, Аллоҳ таолонинг фазли-карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши керак. 

Хозирда Муҳтарам Юртбошимиз тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Янгидан бир қанча завод фабрикаларни ишга тушириб, аҳолининг айниқса шундай салоҳиятли, касб-ҳунарли ёшларимизга бўш иш ўринларини яратиб аҳолининг бандлигини таъминлашга, юртимиз халқи фаровон, яхши яшашлиги учун, мамлакатимиз тараққий топиши учун қанчадан-қанча хайирли ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай шиддат билан ривожланиб бораётган жамиятимизни, барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кўриб барчамиз келажакка ишонч билан қараш, жамиятимизнинг  турли соҳаларида ишлаётган олийжаноб ва меҳнаткаш халқимиз,  ҳалол меҳнат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз ва бу улуғ савоб иш эканини асло унутмаслигимиз керак.

Х.Юсупов

Урганч туман “Жон Хараш бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *