БИЛИМЛИ  ЁШЛАР  КЕЛАЖАГИМИЗ ПОЙДЕВОРИ

         Инсон  ҳаётининг  ҳар бир босқичи  муҳимдир. Мазкур муҳим босқичлар ичида умрнинг ёшлик босқичи алоҳида аҳамиятга  эгадир. Ёшлик  инсон умридаги энг нозик давр ҳисобланади. Ёшлик  инсоннинг қувватга тўлган  ва ҳаракатчанлиги зиёда бўлган вақтидир.  Шу билан бирга, ёшлик даври инсоннинг ҳаёт йўлларининг  чорраҳасида турган пайти  ҳамдир.

Агар ўша чорраҳада инсон яхши йўлга кириб қолса, ўзи, оиласи, қариндошлари, ҳалқи, ватани учун жуда катта яхшилик сари юз тутган бўлади. Бу уни дунё ва охират бахтига, саодатига эриштиради. Агар, Аллоҳ кўрсатмасин, мазкур чорраҳада ёмон йўлга бурилиб кетса ўзи, оиласи, қариндошлари, ҳалқи, ватани учун  ўта кўнгилсиз ҳодиса сари қадам қўйган бўлади. Бу билан унинг дунё ва оҳиратда яхшиликка эришиши қийинлашиб қолади.

Ёшлар ҳар бир миллатнинг келажаги эканини ҳисобга  оладиган  бўлсак,  уларга  эътибор беришнинг  аҳамияти яна ҳам зиёдалашади. Зотан,  хар  бир  шахснинг  ким  бўлиши  ёшлигидан   аён  бўлади,  унинг  камолоти  айнан  ёшликдан  бошланади.  Ёшлик  пайтида  шаклланиб  қолган  сифатлар  инсонга  умр  бўйи  ҳамроҳ  бўлади.  Шунинг  учун  ҳам  ёшларнинг  одобли  бўлишлари  учун  ҳаракат қилиш  жуда  аҳамиятли  иш  ҳисобланади.

Шу  боис  ҳам  Аллоҳ  таолонинг  охирги  ва  мукаммал  дини,  киёматгача  боқий  қолувчи  дини,  барча  замонлар  ва маконларда  инсониятга  икки  дунё  саодат  йўлини  кўрсатиб  берувчи  дини – Исломдан  ёшларга  алоҳида  эътибор  каратилган.

Ёшлик  даври  инсон  учун  берилган  илоҳий  неъматлардан  бири  бўлиб,  инсон  мазкур   неъматга  шукр  қилиши,  бунда  асло  ношукур  бўлмаслиги  зарурдир.  Ҳар  бир  неъматнинг  шукри  эса  неъмат  берувчи  Зотга  мақтов  сўзларини  тил  билан   айтиб,  дил  билан  тасдиқлаш  ва энг муҳими,  берилган  неъматни  неъмат  берувчи  Зотни  рози  қиладиган  тарзда тасарруф  қилиш  ила  юзага  чиқади.  Демак,  ёшлик  неъматига  шукр  қилиш  айни  ўша  ёшликни  Аллоҳ  таолони   рози  қиладиган  тарзда  ўтказиш  билан  бўлади. Бунинг  устига,  ёшлик қиёмат  куни  ҳисобга  олинадиган  неъматлардан  эканини  ҳам  унутмаслик  керак.

Ибн  Масъуд  розияллоҳу  анҳудан  ривоят  қилинади:

“Набий  соллаллоҳу  алайҳи васаллам  дедилар:

“Қиёмат  куни  одам  боласининг  қадами  то  ундан  беш  нарса  ҳакида:  умрини  нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ва қаерга сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича, Робби ҳузуридан узулмайди”  Термизий ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликнинг  инсон боласи ғанимат билиши лозим бўлган беш нарсадан бири эканини таъкидлаганлар.

Ибн Аббос розиаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: ёшлигингни қарилигингдан олдин, соғлигингни беморлигингдан олдин, бойлигингни камбағаллигингдан олдин, бўшлигингни машғуллигингдан олдин ва ҳаётингни ўлимингдан олдин”.

Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Исломнинг ёшликка берган бу каби олиймақом аҳамияти, бизларни  унинг қадрига етишга чорлайди. Ёшликнинг қадрига етиш, уни ғанимат билиш ва ундан унумли фойдаланиш эса динимизда белгиланган ёшлик одобларига амал қилиш ила юзага чиқади.

Ёшлик одобларидан бири келажакка умид билан қараш ва етук инсон бўлиш учун ҳаракат қилишдир. Ҳар бир ёш йигит-қиз ўз келажаги ҳақида тўла ва мукаммал тушунчага эга бўлиши ҳамда ҳаётдан кўзлаган мақсадини аниқ белгилаб олиши керак.

Минг шукрлар бўлсинким, бугунги кунда юртимизда ёшларни қўллаб қувватлаш борасида давлатимиз томонидан  ғамҳўрликлар юқори даражага кўтарилган.

Юртбошимиз  томонидан “30-июнь — Республика ёшлар куни” ёшлар куни қилиб  белгиланиши ҳам ёшларга бўлган юксак эътиборидандир. Айни дамларда ёшларлар куни муносабати билан амалга оширилаётган барча амаллар ёшларимизни ўқиш-ўрганиш, доимий изланиш, илм-фанга, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилишига сабаб бўлса ажаб эмас. Ёшлар – бизнинг келажагимиз, келажагимиз пойдеворидир.

Х.Кенжаев

Урганч шахар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *