ДОИМО-ОГОҲ БЎЛИБ ЯШАЙЛИК.

Инсон нафақат мавжуд тинч­ликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланиши, келиб чиқиши мумкин бўлган нотинчликнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этиши лозим.

Аллоҳ Расули пайғамбаримиз Мухаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюради: “Аллоҳнинг қавмларига аталган бир талай неъматлари бор, қавм­лар бир-бирларини эҳтиёжларини таъмин этган ва бир-бирларининг дардларини аритган ва аритаётган вақтларда бу неъматларни уларга беришда давом этади. Бир-бирларини севмай, бир-бирини чалиб, йиқитишга ўта бошлаган вақтларда уларга бераётган неъматларини тўхтатиб, бош­қа аҳил қавмларга беради” (Абу Ҳомид Ғаззолий «Мукошафат-ул қулуб» (Қалблар кашфиёти).

Зеро, Аллоҳ таоло бундай дейди: «Албатта, Биз шукр қилувчиларни мукофотлаймиз» (Оли Имрон, 145 оят).

Яна бир ояти каримада: «Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман.»

Ўзини шу муқаддас Ватаннинг фаровонлиги учун дахл­дор деб биладиган ҳар бир киши бундай тинчликнинг моҳиятини нафақат яхши англайди, балки шунга муносиб ҳиссасини қўшади. Албатта, фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир.

Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни “Аъроф” сурасининг 179-оятида: “Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада)адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”, деб таърифлайди. Дарҳақиқат, бепарволик ва лоқайдлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабаби бўлган. Халқимизнинг асрлар оша тўплаган тажрибасини ўзида ихчам тарзда мужассам этган мақолларда ҳам ана шу ҳақиқат ўз ифодасини топган. Жумладан, “Офат кўрмай десанг, ҳушёр бўл”, “Эҳтиётинг бўлса эҳтиёжинг бўлмас”, “Сув пешонага чиққандан кейин пушаймондан фойда йўқ” каби мақолларда ҳушёрлик ва огоҳликнинг инсон ҳаётидаги ўрни нақадар юқори баҳоланганлигини кўриш мумкин. Шундай бўлсада, афсуски, ҳаётимизда ҳали-ҳануз беғамлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб кўрмасликка олиш каби иллатлар мавжудлигини, орамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш фақат давлатнинг, ҳукуматнинг ва муайян соҳа эгаларини иши, “буни менга дахли йўқ” деб ўйлайдиганлар ҳам жамиятимизда афсуски топилади.

Ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш, шу ватандаги ҳар-бир инсоннинг муқаддас бурчи ҳисобланади.

Ғ.Бабажанов

Тупроққалъа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *